Куйдирдинг-ку, Розалия!


Қўчқор НОРҚОБИЛ
Куйдирдинг-ку, Розалия!
Ҳикоя

   Хушнуд Хуррамовични оғир ўй босди: “Шунча йил қонимни ичди. Уй. Машина. Ўғлининг ўқув контракти. Энди эса... пойтахтдан тузукроқ иш топиб беринг, у Сизнинг ҳам ўғлингиз, бугун ҳаётингизда эсда қоларли кун бўлади. Ҳузурингизга юбордим. Ўғлингиз билан учрашасиз...”.
   Катта бир идоранинг раҳбари Хушнуд Хуррамовичнинг эрталабдан дунёси зимистон. Ишга келаётиб, минг лаънат, манави қўлтелефонда Розалиянинг муштипар ва қаҳрли овози эшитилди. У ўғлини бу ерга юборишдан ҳам тоймайди. “Айтдимикин, кимлигимни айтдимикин?” 
   У кенг-мўл, серҳашам хонадаги узун столга тиркалган оҳангжамо айланма юмшоқ курсида ичидан зил кетиб, ўз ёғида ўзи қоврилаяпти. Тугмачани босди. Котиба кирди. Шу, жиккакина қизга нажот истаб мўлтиради. Овози синиқ чиқди:
— Қабулхонада кимлар бор?
— Ўзимизникилар ҳамда вилоятдаги филиалларимиздан келган ходимлар, кадастр идораси ва жамғармадан икки киши. Уларни ўзингиз чақиртирган экансиз?
— Бошқа ҳеч ким йўқми?, — деди у безовта бўлиб соатига  қараркан. 
— Йўқ...
— Ҳеч кимни қўйманг. Мен юқоридан келган топшириқ билан бандман. Қабулхонадагилар ўринбосарга учрашсин.
   Раҳбар енгил тортди. Тушликкача чорак соат вақт қолибди. Келмайди. Шунчаки, дўқ-пўписа қилди. Кейинги пайтларда юзининг пардасини сидириб, шаллақи бўлиб кетаяпти, энағар. Бугун ҳаётингиздаги эсдан чиқмайдиган кун бўлади деди.
   Унинг ҳаётидаги “эсдан чиқмайдиган кун” бундан йигирма беш йил олдин рўй берди. Ёш эди. Олис вилоятга қилган хизмат сафари чоғи аллақайси тунги кафеда Розалия билан танишувди... 
   Кейин унутди. Бу ёғи оила, рўзғор, келажак ташвишлари. Мансаб-мартаба кўйидаги товланишлар. Кўнглида Розалиянинг рўйи-ёди аллақачон ўчиб кетганди. Бироқ...
   Кунларнинг бирида ишхона телефони жиринглаб қолди. Кичикроқ бошқарма бошлиғига ўринбосар бўлиб ишлаётган Хушнудбой гўшакни олди.
— Бу мен Розалия! Эсингиздан чиқиб кетдимми-ё? Ўғлингиз биринчи синфга бораяпти. — Жаранглаган кулги, қўнғироқдай овоз уни эсанкиратиб қўйди. Ўтирган жойидан сапчиб турди. Шоша-пиша гўшакни шарақлатиб қўйиб, атрофга аланглади. Юзига қон урди, кўз олди хиралашди. Жойига писсайиб ўтириб қолди. Дарди-дунёси зимистон тортди. Хаёлига келгани шу бўлди. “Ишхонамдагилар эшитса ноғора қилади, хотиним билиб қолса, тамом. Э-е-ей, анави иш ҳам расво бўлади. Қайнатам ерга киритиворади...”. Анчагача столдаги жигарранг телефондан кўз узмади. Йўқ, ҳайрият, телефон бошқа “тилга кирмади”.
   Ўша машъум қўнғироқ ёдига тушса, ич-эти жимирлаб, ботинида нимадир қалқиб қўярди. Хавотиру ҳадик вужудини емириб борарди. Бу орада кимсан фалончи писмадончиевич, бообрў ва дасти узун қайнотасининг кучи билан бошқа ишхонага, юқори лавозимга кўтарилди.
   Кунларнинг бирида, ҳа, яна кунларнинг бирида, йиллар ўтиб, янги ишхона телефонидан ҳам ўша даҳшатли овоз эшитилди — на салом бор, на алик:
— Қўрқманг. Мен Сизга осилиб олмайман! Шарманда ҳам қилмайман. Оилангиз ўзингизга буюрсин! Янги лавозимга ўтибсиз деб эшитдим. Табриклайман. Ўғлингиз бу йил мактабни битиради. 
   Хушнудбой, йўқ,  энди Хушнуд Хуррамовичнинг юрагида чимиллаб оғриқ турди. Умр бўйи қутулиб бўлмас таъқибга дуч келганини ҳис этди.
   ...Кунларнинг бирида... ҳа, яна кунларнинг бирида, таъқиб тағин тилга кирди:
— Ўғлингизнинг ўқув контрактлари нима бўлади? Обрйўингиз осмонни титратиб турибди. Мен Сизга ҳеч бир ёмонлик қилмайман, қўрқманг!
   Хуллас, “ўғил”нинг беш йиллик ўқув пулини зиммасига олди. Орада Розалия уйини алмаштирди — Хушнуд Хуррамович бинойидай маблағ ажратди. Кредитга машина олди, яна Хушнуд Хуррамович балогардон.
   ...Мана бугун эса ҳали умрида кўрмаган ўғилнинг дийдори насиб этадигандай. Қўрқувдан оёқ-қўли дағ-дағ титраяпти. Эшикдан кўз узолмайди. Хонага котиба кирди:
— Нима гап? — қалтиради.
— Сизни сўрашаяпти.
— Ким? Ким сўраяпти? Айтдим-ку, ҳеч кимни қабул қилмайман деб! — овози титради. Котиба саросимага тушди, ранги оқарди:
— Ўғиллариман деяпти.
— Хушнуд Хуррамович батамом ўзини йўқотиб қўйди. Бармоқлари титраб, беихтиёр столни пианино қилиб чала бошлади. Аъзойи баданидан совуқ тер чиқди. Ич-ичидан хўрсиниш отилди-да, ғалати ғингшиш эшитилди.
— Кирсин, — деди ниҳоят ўлмайиннинг кунида қалтираб-салтираб.
   Котиба чиқиб кетди. Зум ўтмай яна хонада пайдо бўлди.
— Хўш?..
— Кетиб қолибди.
— Нега кетади?..
— Бил... билмадим?
   Ўша куни... куни кун бўлмади, азоб бўлди. Эзғинди қиёфада уйига қайтди. Хонасидан чиқмади. Ўз ўйларига ғарқ бўлиб, диванга чўкди. Эшикни қўрқа-писа очиб, ҳузурига келган хотинига анграйиб қаради.
— Дадаси, Сизга нима бўлди? Тобингиз йўқми?
— Шундай шекилли, — деди зўрға.
— Иш-иш деб ўзингизни азоблайверманг.
   Хотинига синовчан тикилди:
— Менга қара, сенга бир гап айтмоқчиман. Фақат шуни болалар, невара-чеваралар билиши шартмас. Сен мени тушунишинг керак. Хўп, десанг айтаман.
— Тўғри қиласиз. Шу иши ҳам бор бўлсин. Айтмасангиз ҳам сезаяпман. Ишдан бўшайверинг, пенсияга чиққанингизга ҳам бир йил бўлди. Менга Сизнинг соғлиғингиз керак. Худога шукур, болаларингиз ҳам оёққа туриб олди. Катта ўғлингиз ҳам шу фикрда экан.
— Нега бундай деяпсан?
— Бугун  ўғлингиз билан гаплашишга ҳам иложингиз бўлмабди-ку.
— Қайси ўғлим?, — чаён чаққандай бир сапчиб қўйди.
— Сизга нима бўлаяпти?, — хотини унинг манглайига кафтини қўйди. — Иссиғингиз борга ўхшайди-ку.
   Хушнуд Хуррамович талмовсираб, хотинига жонсизу ҳушсиз  ҳолда ўлик-тириги бир пул бўлиб, бақрайиб қараб тураверди.
— Кичик ўғлингиз, Қудратжонни вилоятга ишга юборишаяптийкан. Шуни Сизга айтмоқчи бўлиб борган экан... Вақтим йўқ, деб айтибсиз. Сиздан хафа бўлди.
— А-а-а?
   У эсанкираб ўрнидан турди. Гандираклади. Дераза пардасини сидириб ташқарига қаради. Хотинидан нигоҳини олиб қочишнинг бирдан-бир чораси шу эди. Аёли хонадан беозоргина, мумсик алфозда чиқиб кетди. Унинг кўзларида ёш қалқди. Қўлтелефонини олиб қўнғироқ қилди:
— Ассалому алайкум, Собир Расулович! Дўстим, уйдамисиз? Чорбоғдамисиз? Ҳа-а. Шукр. Худога шукр! Шу десангиз, ҳозир ёнингизга борсам, сиқилиб кетдим, бир отамлашсак... Раҳмат! Ҳозир машина чақираман.
   ...Яна бир каттакон идоранинг бошлиғи, қадрдон дўст Собир Расулович иккиси алламаҳалгача эзилиб, отамлашиб ўтиришди.
— Дўстим, сизга бир илтимосим бор эди. Яхши бўлди, ўзингиз қўнғироқ қилиб қолдингиз... ишхонангиздан бир йигитга иш топиб беришимиз керак, — деди дабдурустдан Собир Расулович.
   Шундай улкан идоранинг раҳбари ким учундир иш сўраб мулзам тортиб, жавдирабгина туриши  Хушнуд Хуррамовичга ғалати туюлди.
— Сиз нима десангиз шу, — деди ҳайрати тошиб.
— Раҳмат, дўстим! Уни ўзимда ишлатолмайман. Ноқулай.
— Нега? Ким у? — қизиқсинди Хушнуд Хуррамович.
— Ўғлим. Ҳалиги... хуллас, йигитчилик ўлсин, ноқонуний хотиндан туғилган ўғил...
   Хушнуд Хуррамович қўлидаги қадаҳни тушириб юбораёзди. 
— Бугун эрталаб телефон қилди. Эрталаб ёнингизга боради девди. Бироқ келмади. Ҳозир телефон қилади,—мижғовланди Собир Расулович. 
— Ким телефон қилади?
— Танимайсиз барибир... Хўш, иложи бор-а, ишга жойлашнинг?, — Собир Расулович қадрдонига мўлтираб боқди. Шу тобда Собир Расуловичнинг қўлтелефони жиринглади.
— Ана, айтдим-ку, телефон қилади деб, — тутақди ва дарҳол ҳовуридан тушди. — Эшитаман. Розалия! Сенга айтдим-ку, ҳал бўлади. Ҳозир шу масалани гаплашиб турибман, — ижирғаниб қўлтелефонни ўчириб қўйди.
— Р.р... Роза... Розалия дейсизми?...,— довдиради Хушнуд Хуррамович.
— Ҳа. Розалия! Бу хотин мени куйдирди, — иҳранди Собир Расулович.
   Улар бир-бирига бир пас термулиб туришди. 
   Сўнг, Собир Расулович оғир уф тортиб, қадаҳларга яна ичимлик қуйди. Хушнуд  Хуррамович аламли илжайди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот