Қўчқор НОРҚОБИЛ
АКТЁРНИНГ МУҲАББАТИ
Қадрдон оғамга бағишлайман...
Ҳикоя
— О, о, о! Зулфияжон, ҳавони айтмайсизми? Майин-майин ёмғирлар... Тоғлар булутларга тегиб қадалиб турибди. Мен тоғдаман!
— О, о, о! Зулфияжон, ўрмонни айтмайсизми? Салқин. Яна ёмғир.
— О. о, о, Зулфияжон! Бунчалик гўзал манзарани кўрмагансиз. Тоғнинг пойида кўл. Чўмилаяпмиз...
— Зуличка, биз ҳозир чуқур зовлик ёнида кетаяпмиз. Пастга қараб бўлмайди, бошингиз гириллаб айланиб кетади, жоним. Ҳуув, зовликда шарқираб, кўпириб сой оқаяпти.
— Зулфияжон, жоним, биз ҳозир арқон орқали, ҳалинчакда тоғ чўққисига чиқиб кетаяпмиз. Хўп, эҳтиёт бўламан...
— О, о, о, Зуличка, бизлар Эльбурснинг пойидамиз. Қор, оппоқ қор. Ёзда қорни кўрганмисиз? Иссиқ кийинганман, жоним! Хўп.
— Зул... Зуличка! Биз қайтаяпмиз. Йўлда... Нарзан сув олдида тўхтадик. Тасаввур қилинг-а, қувурдан Нарзан сув отилаяпти. Ёнимда бўлганингизда эди, Сиз ҳам мазза қилардингиз. Хўп, эҳтиёт бўламан!
“... Роса жонга тегди-ку. Лаққи экан. Хотинқули, нима қилса, ҳисобот бераркан. Бу шаллақи миямни мени еб тамом қилади. Эртага хонамни ўзгартирмасам бўлмайди...”. Нусрат ёнида ўтирган, елиб бораётган автобус ойнасидан теваракни қўлтелефон видеосига олаётган актёрга ижирғаниб қараб қўйди. Қудрат оғзи қулоғида, қўлтелефон ойнасига термулиб сўзлай бошлади:
—Зуличка! Қайтаяпмиз. Зўр таассуротда. Хонага борганда гапириб бераман. Видеони кўрдингизми? Э-е-ей, телефонимнинг кучи қолмаяпти, ҳозир ўчади. Хўп, жоним. Оламан, албатта, оламан.
Нусрат шеригига ҳайратомуз қаради. Актёр кўзларини юмиб жилмайган кўйи, бошини автобус ойнасига суяди. Аллақандай куйни хиргойи қила бошлади. Бир томондан Нусратнинг унга ҳаваси ҳам келди. Олтмишдан ошган одамнинг хотинқули бўлиб, жуфти ҳалолига ҳар лаҳза ахборот бериб туришини ўз феъл-атворига юқтира олмаслигини ич-ичидан ҳис қилса-да, барибир буларнинг ҳаёти бошқача экан, ким билсин, эр-хотин бир-бирига суяниб қолишгандир, деган хаёлга борди.
— Зулфияжон, биз етиб келдик.
— Зуличка, мен ухлаяпман, жоним...
— Зулфияжон, осмонни, юлдузлар юзини булут қоплади. Тун бўйи ёмғир ёғса керак. Ким, ҳа-а, шеригимми, индамас бир нарса экан, тошдай қотиб ухлаяпти. Унинг нима иши бор, мен билан. Э-е-ей, севгидан узоқ одамга ўхшайди.
Нусратнинг сабр косаси чил-чил синди. Ўрнидан даст туриб, чироқни ёқди. Актёр ҳам сапчиб турди. Кўзлари ола-кула. Дағ-дағ титрайди. Нусрат ижирғанди. Қўрқувдан тили калимага келмай ғулдираб, бўзрайган актёрнинг рўйи-аҳволини кўриб, шаштидан тушди, шайтонга ҳай берди. Ўзини босди:
— Эрталабдан бошқа хонага йўқолинг. Бу кетишда Сизни бир бало қилиб қўяман...
— Ни... Нима қиласиз, укажон? — деди актёр қўли кўксида, юзига аянчли тус бериб, худди жазосини кутган қулдай қалтираб.
— Нима қилсам қиламан! Ажинам отланса, манави деразадан пастга улоқтираман. Ўлмасангиз ҳам майда-чуйда бўп кетасиз.
Актёр иккинчи қават деразасидан ерга тарсиллаб тушганини тасаввур этдими, бужмайиб иҳраб юборди ва ўзини тўшакка ташлаб, устидан кўрпани тортди. Миқ этмади. Дами чиқмади. Нусрат унинг бу ғалати қилғилиғидан ўзини зўрға ушлади, ичидаги кулгу бўронини баъзўр тийди-да, шарақлатиб деразани очди. Кўрпа ичи бир қимирлаб, иҳраган овоз келди. Кўрпа ичи ғужанак тортди.
Тонг пайти крават бурчида қовоқ-тумшуғидан қор ёққан кўйи бир нуқтага тикилиб турган актёрга Нусрат ачиниб қаради. Кўзлари қизариб кетган, йиғлабди. Унга раҳми келди. “Майли, бошқа такрорламайди, ҳар ҳолда дийдиёсига дам берадиган бўлгандир...”.
— Ука, мен Сиздан узр сўрайман, ўз кўнглимни ўзим хушлаб юраман-да. Яхши бир жой, гўзал давраларни кўрсам, беихтиёр янгангизга ҳам илингим келади. Нима қилай, шундай бир дардга йўлиққанман. Ўзимни йўқотиб қўяман... Гапиравераман, гапиравераман. Битта-яримта кимса эсимни қайтармагунча шу аҳволда юравераман. Ишга ҳам бормай қўйганман.
Нусрат энди бу ғалати инсонга янада таажжубланди. Унча-мунча роллар ижро этиб, кино-пиноларда ора-сира кўзга ташланадиган, камнамо санъат одамининг эровлашидан энди аччиқланди:
— Ундай экан, янгамизни ҳам бирга олиб келинг эди. Нима қиласиз, ўзингизни қийнаб?...
— Бунинг иложи йўқ-да, укажон...
— Нега?
— Янгангиз келолмайди. У киши вафот этганлар. Беш йил бўлди... Лекин мен ҳар куни гаплашаман, — актёрнинг кўзларидан дувиллаб ёш сизди.
Нусрат бир қалқди, юзи жимирлаб, аъзои-тани жунжикди. Гандираклаб эшикка чиқди-да, йўлак бўйлаб ташқарига отилди, оромгоҳ адоғидаги ўриндиққа беҳол чўкди. Оромгоҳ қаршисидаги Кавказ тоғларига термулди. Қалтираган бармоқлари билан қўлтелефон рақамини терди. Унинг ойнасида хотини Ойжамолнинг чеҳраси пайдо бўлди:
— Омонмисан, Жамол?, — деди у зўрға, — соғлигинг яхшими, Жамол? Тезда ўғлингга айт. Самолётга билет олсин. Эртага рейс бор. Учиб кел! Гапимни бўлма, тезроқ кел... Сен... Сени... Аэропортда ўзим кутиб оламан.
Нусратнинг овози қалтираб чиқди. Бу аҳволи-руҳиятимни хотиним кўрмасин, дедими, унинг жавобини ҳам кутмай, қўлтелефонни ўчирди. Анча пайт тоғларга термулиб турди. Айни тобда хонасига киришга, ўзидан кучли ва қудратли, балким, ер юзидаги барча одамлардан қудратлироқ, хокисор бир самимий инсоннинг ҳузурига боришга юраги дош бермаётганди.