"Ойна артиш" пароли


   

    Қўйлиқ шоҳбекати ёнгинасида мардикор бозори бор. У ерда турли ёшдаги қиз-жувонлару йигитларни кўрасиз. Улар ҳар бир ўтаётган машинага умид билан тикилишади. Тўхтаган машинанинг олдига эса худди қушдек учиб бориб, атрофини ўраб олишади.Паркент туманига бориш учун бекатда ҳамкасбимни кутиб ўтирдим. Юқоридаги манзарани анча кузатдим. Аксини олгандек, ҳамкасбим ҳам тезроқ кела қолмади. Хизмат сафари билан Тошкент вилоятига чиқмоқчи эдик. Вақтнинг тезроқ ўтишини истаб, мардикор аёллар томон юрдим. Атрофимга дарҳол қизлар, аёллар йиғилишди. Ёшлари мендан катта бўлса-да, улар “Опажон, иш борми?”, дея менга жавдираб қарашарди. “Ҳамма ишни бажариш қўлимдан келади, фақат пулини берсангиз бўлди”, деди ўрта ёшлардаги аёл.
— Асосан нима иш қиласиз? — дедим унга раҳмим келиб.
 — Айтган барча юмушларингизни қилиб кетавераман.
 — Ер чопишни биласизми? — дея қизиқиб сўрадим унинг қадоқ қўлларига, офтобдан қорайган сўлғин юзларига қараб.
 — Албатта. Ундай ишларни бир зумда қотириб ташлаймиз.
 — Илгари ҳам шундай ишни қилганмисиз? Қанча тўлашган? 
— Баҳорда бунақа юмушлар кўп бўлади. Ишга олиб кетганлар ўн-йигирма минг сўм беришарди. — Кун бўйи шу иш билан шуғулланармидингиз? 
— Ерига қараб. Айрим одамлар жудаям инжиқ бўлади. Ағдарган ерингизнинг кесакларини ҳам майдалаб беришни сўрашади. Бу кўп вақтни олади.
 — Ҳа, тушунарли — дедим аёлгинага раҳмим келиб. — Агар вақтингизни олмасам, бу ердаги иш ҳақида гапириб беринг.Аёл жим бўлиб қолди. Кейин мени бир четга тортди. Ўша ердаги ўриндиққа ўтириб олдик.Кейин у ҳасрат дафтарини очди.
  …“Исмим Гулчирой. Аммо Гулчиройнинг чиройидан асар ҳам қолмади. Турмушнинг ғам-андуҳлари, оғир меҳнат мени анчагина толиқтириб қўйди. Аммо Худога шукур қиламанки иккита ўғлим бор. Улар суянчиқларим. Қариганимда белимнинг дармони, кўзимнинг қуввати. Дадаси инсульт бўлиб вафот этди. Рўзғорнинг барча ташвиши менинг гарданимга тушди. Эркаксиз уй зимистонга ўхшаркан. Туртиниб-суртиниб, тирикчилик учун шу ерларда юраман. Эркак кишининг топганида барака бўларкан. Турмуш ўртоғим ишлаганида мен фарзандларим тарбияси билан машғул эдим. Энди бўлса…Ҳеч кимнинг бошига бундай кўргулик тушмасин. Гоҳида одамларга қараб туриб, айримларидан нафратланиб кетаман. Яхши ҳамки фарзандларим бор. Шулар билан овунаман. Дардларимни уларга айтиб, енгил тортаман.Дастлаб биринчи бор бу ерга келганимда соддалигимдан панд еганман. Инсон ўта содда ҳам бўлмаслиги керак экан. Ўшанда ёши биздан каттароқ киши келиб “Ким ойна артишга боради?”, деб сўради. Мен шоша-пиша уларнинг ёнига бориб “Мени олиб кета қолинг! Мен ойнангизни яхшилаб артиб бераман”, дебман. У киши менга бошдан-оёқ разм солди-да, машинасининг эшигини очди. Ўша атрофдаги бир-иккита аёллар менга қараб кулишди. Кулгусининг сабабини билолмай, иш топилганига хурсанд бўлиб, ҳайрон бўлганимча машинага ўтирдим.У киши мени шаҳарнинг марказидаги кўп қаватли уйлардан бирига олиб кирди. Кейин менга чой қўйишни буюрди. Ҳайрон бўлдим. Ошхонага чиқиб чой қуйдим. Бояги киши ўша ердаги музлаткични очиб, ичидан колбаса, пишлоқ олди-да тарелкага чиройли қилиб кесиб, стол устига ҳар хил ичимликлар билан уларни қўйди. Мен чой дамладим-да, унга юзландим:
— Кечирасиз, вақтим тиғиз. Ишга кириша қолай. 
— Шошилиб нима қиласиз, жонидан. Бир пиёла чой ичиб олайлик. Кейин ишимизни бошлайверамиз, — дея беўхшов кулди у.
 — Сиз бемалол нонуштангизни қилаверинг. Менга артиладиган ойналарни кўрсатинг, ишимни бажараман, — дедим яна унга. 
— Ўтиринг, еб қўймайман! Бир келиб қолибсиз-да энди, — дея у ўзига ярашмаган эпчиллик билан қўлимдан ушлаб, стулга ўтқизди. 
— Нима ичасиз? Ароқми, коньякми, виноми? Барчаси мўҳайё. Қайси биридан қўяй! 
— Узр, мен ичмайман. Кўнглингизга ёққанини ўзингиз ичаверинг.
 — Бунча таранг қилдингиз, асалим. Бундай оҳу кўзларни қаердан олгансиз? Битта қаранг, биттагина! Сазамни ўлдирманг энди. Қайрилма қошларингиз, найзадек киприкларингиз, нақш олмадек юзларингиз одамни адойи тамом қилади-ку! Битта нигоҳ ташланг энди.
 Унга нафрат билан тикилдим.
— Оҳ, оҳ! Бу кўзлар. Нақ сени тешиб юбораман дейди-я. Бунга қайси эркак дош бероларкан! Қани, асалим, дастурхонга қаранг!
 — Мен нонушта қилганман, раҳмат, — дея ўрнимдан турдим-да, ваннахонасини излаб, у ерга кирдим. Ўша ердаги докани олиб, намлаб, ойналарни артиш учун ортимга қайрилдим.
Шу пайт бояги киши кириб келди-да, ие йўқ, бе йўқ мени қучоқлаб олди.
 — Мунча шошмасангиз, жонидан. Улгурардик ахир, — дея мени ётоғига тортқилай бошлади.
 — Қўйворинг деяпман, ҳозир дод соламан! — дея унинг омбурдек қаттиқ қўлларидан қутулишга ҳаракат қилдим. 
— Мунча ноз қилмасангиз. Ахир шунинг учун келгансиз-ку! Мен сизни мажбур қилганим йўқ! — дея у мени ётоғига судраб киритди.
 Шартта қўлидан тишладим-у, ётоғидан чиқдим. У вой-войлаб қолди. 
— Уялмайсизми? Сизнинг ҳам опа-синглингиз бордир! Мен бу ерга иш излаб келгандим, — дедим титраб. 
— Ия, ҳали сен “Ойна артиш” паролини билмайсанми? — дея у мени сенсираганча ажабланиб сўради . 
Кейин эса тушунтириб берди. Бу парол енгил табиатли аёллар учун экан. Улар эркакларнинг кўнглини овларкан. Менинг мақсадим бошқалигини билгач, бояги кишининг жазаваси тутди:
 — Бор йўқол, қанжиқ! Аввалроқ шундай демайсанми! Мени овора қилмасдан!
  Дарҳол эшикни қарсиллатиб ёпдим-да, зинапоялардан ўқдек учганимча тушиб кетдим. Бозордаги хотинларнинг нима учун кулганини энди англагандай бўлдим. Сўнгра мардикор бозоридаги аёллардан суриштириб, қандай ишга, неча пул олишни ёки сўрашни билиб олдим.
  Бир куни бир бойваччанинг хонадонини йиғиштиришга бордим. Эрталабдан кечгача тиним билмасдан уйини тозаладим. Кетишимдан олдин, уй эгасидан хизмат ҳақимни сўрадим. Гапим унга ёқмади, шекилли, башарасини бужмайтирди-да, ҳожатхонага кирди. Кейин у ердан чиқди-да, менга нописандлик билан деди:
 — Ҳожатхонани ҳам тозалаб кетинг. Пулни ўша ерга қўйдим.
  Айтилган жойга кириб, у ердаги аҳволни кўриб, хўрлигим келди. Ноинсоф, ортидан сув қўйиб юборишни ўзига эп кўрмабди. Пулни бўлса атайлабдан сув тортадиган жойга қўйибди. Ноилож сувни тортдим-да, ўша ифлоснинг исқиртини ювиб юбордим. Пулни олдиму, бу хонадондан тезроқ чиқиб кетишга ошиқдим. Чунки мени худди кимдир бўғаётгандек ҳис қилдим ўзимни. Йўлда кетиб борарканман, кўзларимга ўз-ўзидан ёш қўйиларди… 
   Шу пайт ҳамкасбим Шукур келиб, мени шошилтирди. Мен бу аёлга қандай тасалли ҳам беришни билмасдан, хайрлашиб ҳамкасбимнинг машинасига ўтириб кетдим. Кетяпману хаёлимда аёл айтиб берган ноинсоф эркакни кўз олдимга келтириб, ундан нафратланиб кетдим. 


Хонбиби ҲИММАТ қизи.

2017 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот