ЭЪЛОН БЎЙИЧА ЭР
ИККИ ОЁҚЛИ МАШИНА ...Ҳаммаси дастлаб оддийгина, ҳаттоки безарардай туюлган ҳазилдан бошланди.
Бозор тугаб, пештахтадаги нарсаларни йиғиштираётган эдилар. Нафиса одатига кўра шу атрофда изғиб юрган аравакашлардан бирини чақирди:
— Ҳой, арава!
Шу заҳоти Нафисанинг ёнида бир эмас, учта арава пайдо бўлди. Нафиса кўз таниш бўлиб қолган аравакаш йигитчага ишора қилди:
— Омборга.
Йигитчанинг ёнида турган бошқа аравакаш умид билан Ҳалимага термулди:
— Сизгаям арава керакми, опа? Юкларингизни айтган жойингизга обориб қўяман.
Бу саволга жавобан Ҳалима нечукдир мамнун тарзда илжайди ва Нафисага қараб кўз қисиб қўяркан:
— Тирик арава турганда, темир аравани бошимга ураманми? — деди.
Аёлнинг гапини унчалик яхши англамаган аравакаш бирон сўзни эшитмай қолдим деб ўйлади шекилли, дарҳол сергак тортиб, яна умид билан термулди:
— Бир нарса дедингизми, опа?
Ҳалима баттар яйраб илжайди ва олисдан шу томонга қараб шошиб келаётган эрини кўрсатди:
— Ана менинг тирик аравам!
Ниҳоят гап нимадалигини англаган аравакаш индамай нари кетди.
Дарҳақиқат, Ҳалиманинг эри, ўта озғин, новча Козим ошиқиб кела сола аёлларга “Ҳорманглар” деган бўлди-да, иккита катта-катта сумкани даст кўтарганча дарвоза томон юрди.
Ҳалима дугонаси томон ғолибона кўз ташлаб қўяркан, яна одатдаги гапини такрорлади:
— Ҳам аравадан эконом, ҳам склад пулидан. Шу кўтарганча машинагача дам олмай боради менинг аравам.
Нафиса узун-узун оёқлари майишганча одамлар оқими орасида зипиллаб кетаётган Козимга ачиниб қаради:
— Оғир эмасми?
Ҳалима истеҳзоли илжайди.
— Ўлмайди. Тагига машина обериб қўйганман, куни билан катайса қилиб юргандан кейин беш минут ишласа ишлабди-да.
Нафиса кулимсиради:
— Сиз бўласиз-у, хўжайинни катайса қилдириб қўясизми?
Ҳалима гап баҳсида бўш келадиганлардан тоифасидан эмасди, ҳозир ҳам жавобни ҳаяллатмади:
— Ётиб еганга тоғ чидармиди?! Хотиним бозорчи деб бутини кериб ётгандан кўра, ҳеч бўлмаса бензин пулини чиқариб турсин-да ўзи.
Нафиса пиқиллаб кулиб юборди:
— Козим акамнинг лаллайиб ётишини сира тасаввур қилмаяпман-да. Овқат қилса, кир ювса, бозорлик қилса... Бир ками энди фақат бола туғиши қолди.
— Керак бўлса туғадиям! — мағрурона кўкрак керди Ҳалима. Сўнг тўсатдан дугонасига шубҳаланиб қаради: — Ҳа, бунча “Козим акам”лаб қолдинг? Индамасам, жа оғзингдан сувинг келадиган! Нима, эркаксираб қолдингми?.. Ўзиям эркак кўрмаганингга беш йилча бўп қолди-ёв. Хумори тутаяптими?
— Эрингиз ўзингизга буюрсин, — деди дув қизариб кетган Нафиса шоша-пиша. — Мен шунчаки айтдим-қўйдим-да. — Сўнг гап мавзуини бошқа томонга бурди. — Лекин гапингиз тўғри. Анов куни омборхонадаги ярамаслар бир сумкамни очиб, ичидан у-бу нарса олиб қўйишибди. Исботлаб бўлмаса... Индамай қўяқолдим. Правам бор. Раҳматли эрим даврида ўқиб олган эканман. Битта эскироқ машина олсамми дегандим. Ҳеч бўлмаса нарсаларни олиб келиб, олиб кетиб юришга.
— Ол! — деди дарҳол Ҳалима. — Эскисидан бўлмаса, янгисидан ол. Икки-уч йил ремонт-пемонт демай маза қилиб юрасан. Козим акангга атай янгисидан обердим-ку. Эскини ямаб эсинг кетгунча... Ё янгисига пулинг етмаяптими?
Нафиса ўйланиб қолди.
— Пул-ку, етадику-я...
— Сен-чи, яхшиси, — бирдан дугонасининг гапини бўлди ҳовлиқиб кетган Ҳалима, — сен яхшиси иккки оёқли машина ол. Тўрт оёқлисини бошингга урасанми аёл бошинг билан?!
Нафиса қовоғини солди.
— Сизга шундан бошқа гап йўқ экан-да.
Ҳалима беписанд қўл силтади.
— Жон эр — жон олов дейишган экан. Ишдан чарчаб, белларинг қотиб, ҳеч нарса ёқмай борганида эржонинг белингни бир яхшилаб массаж қилиб қўйса, бир маза қиласан, бир маза қиласан, кўзларинг чарақлаб очилиб кетади.
Нафиса беихтиёр яна пиқирлаб кулиб юборди, зеро у озғингина Козим аканинг мана шу гумбаздай хотинининг белини қандай қилиб уқалаётганини тасаввур эта олмаганди. Шу сабабли:
— Сизда бел қолибдими? — дея ҳазил қилишдан ўзини тийиб туролмади.
Сиркаси сув кўтармайдиган, жаҳли бурнининг учида турадиган Ҳалима нимагадир бу сафар дугонасининг қаттиқроқ ҳазилига ўхшатиб жавоб бериб ўтирмади, аксинча, унга ачиниб қараб қўяркан, бир уф тортиб қўйди-да, астагина:
— Қўл бўлса бел топилади, Нафис, — деди, — Бел бўлмаса бошқа нарса топилади... Ишқилиб, қуруқ ёғочга ўхшаб сўппайиб ётмайсан-да...
— Э, ўлинг-э...
Нафиса тескари ўгирилиб олди.
Аммо бирон нимага аҳд қилган шекилли, Ҳалима ҳужумни давом эттирди.
— Умрингни шундай ўтказмоқчимисан, Нафис? Ҳали ёшсан, кўҳликкинасан, уй-жойинг бор, пулинг бор, эсинг борида биронтасининг этагини маҳкам ушлаб ол.
Нафиса хижолат аралаш илжайди.
— Э, опа, менинг ёшлигим қолибдими? Аллақачон...
— Бас! — деди Ҳалима шартта. — Ёшинг нечадалигини мен сендан яхши биламан. Сенинг ўзинг ёшсан, менинг олдимда боласан. Ҳали тананг ёш. Лекин ичинг қариб бўлган сенинг. Миянг қариб бўлган сенинг. “Эрим ўлди, энди ёлғиз ўтишим керак, тамом-вассалом. Қолган барча эркаклар менга номаҳрам!” деган гапни миянгга яхшилаб қуйиб олгансан. Энди ўшандан қутулолмай юрибсан. Ёшингга келсак, балоям ургани йўқ. Ана, ўрислар ёзиб қўйибди-ку, Балüзак ёшидасан.
Нафиса тушунмади:
— Кимнинг ёшида?
Ҳалима қўл силтади.
— Бунинг аҳамияти йўқ. Энг муҳими, эркаклар сенга қарайдиган, сен ўзинг ҳам эркакларга қарайдиган ёшдасан. Беш йил мотам тутганинг етар энди...
Нафиса оғир хўрсинди.
— Олти йил...
— Ҳа, ана... — тантанавор тарзда хулоса ясашга уринди Ҳалима. — Бўлар энди.
Нафиса бир муддат ўйланиб тургач, сўнг аста жавоб қайтарди:
— Одам... ўрганиб қоларкан. Болалар билан бўлиб. Яхшиям бозор бор...
— Бошқа нарсагаям тез ўрганиб қоласан. Айниқса бир таъмини тотганингдан кейин. Сенинг ҳозир нервларинг ўлиб турибди-да. Яхши эркак бўлса уларни бир кечада тирилтириб юборади...
— Ҳа, майли, мен кетдим бўлмаса, — деди Нафиса бу мавзуда гаплашишни бошқа истмамаётганлиги боис суҳбатни якунлашга уриниб. — Эртага кўришармиз.
— Ҳой, хотин, — энди дағдаға қилишга ўтди Ҳалима, — нима, боядан бери қулоғингга танбур чертаяпманми? Ё яна қочиб қутулмоқчимисан? Йўқ, бунақаси кетмайди! Бир жавобини айтиб кет.
— Яна ўша гапми? — норози тарзда афтини буриштирди Нафиса.
— Ҳа, ўша гап! — Ҳалиа қўлида ўроғлиқ ҳолида турган газетани дугонасига кўз-кўз қилди. — Яна иккитаси бахтини топиб олибди.
Нафиса ҳазил билан қутулишга уринди:
— Бахт деганлари кўчада ётармиканки, уни топиб олишса.
Ҳалима дугонасига ҳам ачиниб, ҳам жаҳл билан қаради:
— Худди шундай, ўртоқ, бахт деганлари кўчада ётади. Сенга ўхшаганлар уни кўрмасдан босиб-босиб, янчиб-янчиб ўтиб кетаверади. Сўнг яна “бахтсизман” деб оҳ-вой қилганларига ўлайми!
Сесканиб кетган Нафиса озор чекиб, аммо ғазабини билдирмаслик учун иложи борича мулойим оҳангда, амо сўзларни тишлари орасидан битти-битталаб чиқарган кўйи эътироз билдирди:
— Мен бахтсиз эмасман, опа. Худога шукр...
— Бўлди, бўлди, — дугонасини гапиртиргани қўймади Ҳалима. — Айтадиганингни ёддан биламан, худога шукр дейсан, болаларим бор дейсан...
— Бу камми? — энди Нафиса дугонасига синчков тикилди.
— Кам! — деди Ҳалима ишонч билан. — Аёл кишини худо бежиз ёлғиз яратмаган. Одам-ку одам, ҳайвонлару даррандалар ҳам жуфт яшашга интилади, деб ёзишибди шу газетада. Ёлғизликда умрингни совургандан кўра...
— Жуфт яшасам умрим совурилмайдими? — пичинг қилди Нафиса. — Ё вақт секинроқ ўтадими?
— Вақт секинроқ ўтмас, аммо бошқачароқ ўтиши аниқ, — ҳамон ҳовуридан тушмай, алланимани исботлаётгандай таъкидлаб гапирарди Ҳалима. — Эркаги бор уйнинг файзи бошқача бўлади. Бунинг устига, — шу ерга келганда жувон шўх кўз қисиб қўйди, — бунинг устига саратондаям ғужанак бўлиб, совқотиб ётмасдинг...
— Э, бўлдида-эй.
— Нега бўларкан? — Ҳалима яна газетага ишора қилди. — Имконият шундай оёғинг тагига келиб тургандан кейин, ундан фойдаланиб қол-да.
“ЭРКАК ДЕГАНИ ЁҒИЛИБ КЕТАДИ ЭНДИ!”
Дарвоқе, гумбаздай Ҳалима савдо чоғи сал бўш қолди дегунча эринмасдан турли кўнгилочар газеталарни ўқигани ўқиган эди. Сўнг уларда ёзилган мақолаларни кўпиртириб, ўзидан қўшиб-чатиб ёнида турадиган сотувчиларга айтиб берарди: “Ундай бўпти... Бундай бўпти... Севиб қопти... Ўламан дебди. Ростдан ҳам ўлиб қопти... Униси келиб, шартта бунисини отиб ташлабди...” ва ҳоказо. Энг қизиғи, Ҳалима газетада ёзилган воқеа-ҳодисаларнинг барча-барчасига чиппа-чин ишонар, айнан шундай ҳолатлар атрофимизда, ҳаттоки шу бозорда ҳам юз бераётир деб ўйлар, фақат иш билан банд бўлганлиги учун уларни кўришга улгуролмаяпман, деган қарорга ҳам келиб қўйганди.
Ҳалима айниқса танишув эълонларини ҳузурланиб, қайта-қайта мутолаа қилар, ўзига энг маъқул кўринганларини эса тез-тез овоз чиқариб Нафисага ҳам ўқиб берарди.
— Буни қара, Нафис. Роса менбоп эканми: “Ўзбекман, ёшим қирқ тўққизда. Бўйим бир юз етмиш икки сантиметр. Ёши ўттиздан қирққача бўлган аёллар билан жиддий муносабатларга киришиш учун танишмоқчиман. Абонент рақамим...”
Бундай пайтлари Ҳалима ўзи ўқиб, ўзи бир фурсат ўйланиб қолар, сўнг Нафисага саволомуз қарарди:
— Менга қара, жиддий муносабатлар дегани нима экан, а?
Нафиса елка қисиш билан қутулишга уринарди.
— Билмасам.
Ҳалима маънодор бош чайқайди:
— Биласан, балонинг барини биласан сен хотин.
Ниҳоят Ҳалима яна ўзининг саволини беради:
— Хўш, ёзасанми?
Нафиса одатига кўра бош чайқайди:
— Йўқ.
Ҳалиманинг жиғибийрони чиқади:
— Ҳой хотин! Ўзинг бир ўйлаб кўр. Қачонгача бола-чақа деб ўзингни қурбон қиласан? Ана, газитдаям ёзиб қўйибди-ку, одам ўзи учун ҳам яшаши керак экан... Эрта-бир кун болаларинг раҳмат дермиди. Қийиндан ўзингга қийин бўлади. Þрасан қариб-чуриганингда ҳам бир меҳирбонингга зор бўлиб. Ўғлинг хотинини, ўзининг болаларини дейди, қизинг эридан ортмайди...
Бугун астойдил аҳд қилган шекилли, Ҳалима бўш келмай туриб олди.
— Менга қара, бу юришинг ярамайди. Эрта-индин каникул бошланади. Болаларни қишлоққа юбор. Биламан, ишдан ортмайсан. Шунинг учун газитга ўзим сенинг номингдан эълон бериб келдим. Бахтинг очилиб кетса, яхшилигимни қайтарарсан. Агар пешонангда ёлғиз ўтиш ёзилган бўлса, нима ҳам қилардик, юраверасан-да шундай қилиб...
— Нега, нега ундай қилдингиз? — ажабланиб, ҳаттоки хавотирга тушиб сўради Нафиса.
Ҳалима яна мағрурона тусга кирди:
— Қилсам, сени деб қилдим... Қара, қандай қилиб ёздим...
Жувон халати чўнтагидан ғижимланган қоғоз чиқариб, ўқиб берди.
— Қара. Аввал газитдагилар билан роса маслаҳатлашдим. Қарсам, арзимаган пул экан. Қара: “Ўттиз тўққиз ёшли, ўзбек миллатига мансуб, иккита боласи бор, моддий жиҳатдан таъминланган, уй-жойи бор, меҳрибон аёл оила қуриш мақсадида қирқ-эллик ёшли эркак билан танишишни истайди... Бош почтага, фалон рақамли абонет қутисига деб ёзинг...” Зўрми?
Нафиса кўзларини катта-катта очган кўйи ҳамон ажабланиб турарди:
— Қути... Қанақа қути?
Ҳалима қўл силтади.
— Э, почтага бориб, бир яшик очиб қўйиш керак экан. Бир йилга бор-йўғи бир ярим минг тўларкансан. Шунда хатлар ўша ерга келаркан... Лекин сен қўрқма, — жувон сирдошларча кўз қисиб қўйди. — Хатларни ўзим ўқиб чиқиб, ўзим танлайман. Мен унақа нарсаларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратишни боплайман.
— Лекин... — эътироз билдиришга уринди Нафиса.
— Бўлди, бас қил! — жаҳл аралаш гапирди Ҳалима. — Нима, бу раҳматингми? Сенинг кўнглинг бўшлигини билганим учун адресингниям, телефонингниям бериб ўтирмадим. Бир жойинг камайиб қолармиди? Учрашсанг мен танлаган бир-иккита эркак билан учрашсан. Ёқса ёқди, ёқмаса катта кўча. Лекин-чи, — жувон яна фахрланиб гапиришга ўтди, — хўракни бопладим.
— Нимани?
— Эркакларнинг эътиборини жалб қиладиган гапни-да. Ахир атай ёзиб қўйдим-да. — Жувон яна қоғознинг ғижимларини ёзиб, ўқиб берди: — “Моддий жиҳатдан таъминланган, уй-жойи бор...” Бўлди, бундан ортиқ реклама керак эмас. Эркак дегани ёғилиб кетади энди!
Ахийри гап нимадалагини илғаган Нафиса истеҳзоли кулимсирашга ўзида куч топа олди:
— Уларга мен керакманми, уй-жойим...
Ҳалима пинак бузмади:
— Бири иккинчисига халақит бермайди...
— Ҳай, билмадим-ов...
“ИССИҚ СУВДАН ҚАРЗИНГИЗ ЙЎҚМИ?”
Орадан икки ҳафтага яқин вақт ўтди.
Дарҳақиқат, мактаб таътиллари бошланганлиги сабабли Нафиса иккала боласини қишлоққа, онасининг олдига ташлаб келди.
Шундай кунларнинг бирида Ҳалима эрталаб бозорга бир даста хат кўтариб келиб қолди.
— Мана! — дея узоқдан ҳайқирди у Нафисага. — Айтгандим-ку, хўрагим иш беради деб!
Бу сафар гап нима ҳақида кетаётганини дарҳол илғаган Нафиса кулимсиради:
— Намунча, ўзингизга шунча хат келгандай бошингиз осмонда?
Ҳалима қийқириб кулди:
— Гилам сотсанг қўшнингга сот, бир чеккасида ўзинг ҳам ўтирасан деганлар. Ажаб эмас, буларнинг орасида сал эти бор биронтаси учраб қолса...
Икки бозорчи дугона тушлик маҳали чеккароққа ўтиб, Ҳалима танлаб келган хатларни бир бошдан ўқий бошлашди.
Ў, бу мактубларни кимлар битган экан-а! Нақадар ширин тил, қанчалар ажойиб, ёқимли сўзлар...
Ҳалима ўқийверди, Нафиса эртак тинглаётгандай лаззатланиб эшитаверди.
“Муҳтарама нотаниш аёл. Газетанинг “Танишув” рукнида сизнинг дил сўзларингизни ўқидиму, шу заҳоти “Мен ҳаётда излаганим шу аёл!” деган қатъий қарорга келдим. Бу қарорни нафақат ақлим билан қабул қилдим, бу қарорни менга юрагим айтиб турди...” дейиларди бир номада. “Эй гўзал нотаниш аёл! — дея бошланарди бошқа бир хат. —Мен бу дунёда ўзимни ёлғиз, яримта одам деб ҳисоблаб юрардим. Сизнинг эълонингизни ўқигандан бу оламда иккинчи ярмим ҳам борлигига иқрор бўлдим...” Учинчи мактуб эса шеърдан иборат эди: “Мен Сизни ўқидим, Мен Сизни кўрдим... Гўзал ҳуснингизга кўп боқдим, тўйдим...” ва ҳоказо. Деярли ҳар бир мактубда нома битгувчи эркакнинг рангли сурати бор эди.
Баъзи хатларда учрашув куни ва жойи белгиланган, айримларида телефон рақамлари, яна бирларида эса ҳаттоки электрон почта манзилига қадар би тилганди...
Ҳалима Нафисага гердайиб қаради:
— Кўрдинг! Ҳалиям булар саралаб олганларим. Ташлаб юборганларим қанча?
— Улар ҳам шунақамиди? — қизиқиб сўради Нафиса. — Назаримда, дунёни ёлғиз эркак босиб кетгандай...
Ҳалима яна бепарво қўл силтади.
— Йўқ! Масалан, биттаси “Уйингизнинг фойдали майдони қанча?” деб ёзибди. Яна биттаси “Ойига қанча даромад қиласиз?” дебди. Биттаси ҳужжатидан олинган расмини юборибди. Бир чеккасида печатиям бор. Биттаси анақароқ шекилли, “Иссиқ сувдан қарзингиз йўқми?” деб сўрабди. Эркак бўлмай ўлларинг! Бунақа хатларни ўғлимга бердим, макулатурасига қўшиб юборар.
Тушлик вақтини икки дугона шўх-хандон ҳолда ўтказишди.
Шунга қарамай, Нафиса талабгорларнинг биронтаси билан учрашувга чиқмайман деб оёқ тираб тураверди. Ахийри Ҳалима уни уришиб ҳам берди:
— Ҳой хотин, шу қора кўзлар ҳам бир умид билан ёзишгандир. Ҳа, ана, ўнтасига уйинг керакдир, ўнтасига пулинг, қолган тўрттасига ўзинг керакдирсан. Сенга ўхшаб ишдан боши чиқмайдиган, уёқ-буёққа чиқавермайдиган, биров билан танишишга уқуви йўқ одамлар ҳам кўпдир ахир дунёда. Худо “Ол, қулим!” деб турган бўлса-ю, сен яна ноз қилиб ўтирсанг...
Хуллас, мунозара якуни шу бўлдики, Нафиса хатларни яна бир марта ўқиб чиқиб, суратларни томоша қилиб, сал кўнглига ўтиришган бир-иккитасини танлайдиган бўлди. Ўша эркаклар билан гаплашиб, учрашув жойини белгилаш эса Ҳалиманинг зиммасига тушди.
ОҚ ОТЛИ ШАҲЗОДА
Хатлар, хатлар...
Тўғриси, Нафиса сира ҳам бунақа бўлади, деб ўйламаганди.
Ахир, ҳар битта мактуб ортида бир тирик одам турибди. Уларнинг ҳам ўзларига яраша орзу-ҳаваси, кўнглининг туб-тубида асраб келаётган эзгу нияти бордир...
Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлади, дейишади.
Шунча одам орасидан юрагингни “жиз” эттирган суратни танлаш ҳам мушкул иш экан.
Нафиса уч-тўртта мактубни ажратиб қўярман, деб ўйлаганди. Аммо ҳувиллаган уйида кечаси билан хатларни қайта-қайта ўқиб чиқса-да, суратларга бот-бот синчиклаб тикилса-да, бирон қарорга кела олмади. Қайси бири Нафиса кутган, оқ отида келадиган сирли шаҳзода... Афтидан, “Мактуб — кўнгил ойнаси” деган тушунча хато шекилли. Илло, силлиқ жумлалар ортида турган инсоннинг асл қиёфасини тасаввур этиш шунчалар мураккаб иш эдики...
Жувон тонгга яқин кўзларини шартта юмди ва журнал столи устида турган хатлардан икки-учтасини бир чеккага ажратиб қўйди.
Нафиса эрталаб ишга кетаётиб ажратилган мактубларга бирров кўз югуртирди. Сўнг, барибир бир қарорга келолмай, хатлар орасидан биттасини танлаб олди.
Конверт ичидаги суратда унга басавлат, қуюқ мўйловли, қошлари қалин бир киши жиддият ила тикилиб турарди. Нафисага ушбу мактубдаги бир жумла негадир ёқиб қолди: “Эҳтимол, мен сиз тасаввур қилган одам эмасдирман...” Ҳа, Нафиса тасаввур қилган инсон сал бошқачароқдай эди... Аммо жувоннинг қўлидан нима ҳам келарди...
Нафиса бўлғуси эри билан икки марта учрашувга чиқди, холос. Унинг ҳам биринчисида шаҳар айланган бўлишди, иккинчисида эса музқаймоқ ейишди. Кейин тўй. Янги оила. Янги муносабатлар... Тўғриси, Нафиса камгап, жиддий эрини жуда ҳурмат қиларди. Аммо бирон яқин одами “Уни севасанми?” деб сўраб қолса, дабдурустдан тайинли жавоб беришга қийналарди.
Бу орада тўнғич фарзанд туғилди. Кейин иккинчиси.
Нафиса шу ҳаётга кўникиб кетди.
Эри гулдай ҳунарини, дурадгорликни ташлаб бозорга чиқди. Унга Нафиса кўмаклаша бошлади. Ҳаётлари энди ўнглана бошлаганда... Хасталик эрини олиб кетганда Нафиса кўп куйди. Лекин ўзининг ота-онасиникига ёки қайнона-қайнотасиникига қайтиб боришдан, уларга ортиқча юк бўлишда андиша қилди. Нафиса энди эрининг ўрнига пештахта ортида турди. Яхшиям, шаддод Ҳалима бор экан, кўп нарсаларни ўргатди. Бора-бора Нафиса бозорнинг паст-баландини ўрганиб олди. Жувоннинг қўлида пул ўйнай бошлади. Нафиса икки фарзандини ўйлаб, бошқа турмуш қилишни ўйламади. Бўлмаса қишлоғидан уч-тўрт марта келишди, лекин жувон кўнмай, оёқ тираб туриб олди.
Мана энди...
УЧРАШУВ
Бу балки қисматдир, аммо “Эҳтимол, мен сиз тасаввур қилган одам эмасдирман...” дея мактуб битган қуюқ мўйлов билан кечаркан дастлабки учрашув.
Нафиса буни эшитиб аввалига андак ҳайратланди ҳам. Ҳатто кўнглининг туб-тубидан “Наҳотки...” деган бир ёқимли, вужудини қиздириб юборган фикр ҳам ўтди.
Бу эркакнинг исми Замонали экан.
Ўзиям замонавий кийинишни бопларкан. Ҳозиргина дўкондан олингандай тахи бузилмаган қимматбаҳо жигарранг костюм-шим, оппоқ кўйлак, энли бўйинбоғ, ялтироқ туфли... Сочлар силлиқ таралган, вужудидан хушбўй атир ҳиди келиб турибди...
Учрашув бозор дам оладиган душанба куни, бегона кўзлардан нарироқда, шинамгина қаҳвахонада бўлиб ўтди. Эркак уни қаҳвахона эшиги ёнида гулдаста билан, ним эгилинқираб кутиб олди.
Басавлат Замонали аввал жувонни ўтқазиб, сўнг юмшоқ курсига ўзи жойлашиши билан унинг атрофида официант қизлар гирди-капалак бўлиб қолишди. Замонали деганлари таом танлашни бопларкан, жойида кичкинагина бўлиб, илк бор учрашувга чиққан қиздай титрабгина ўтирган Нафиса узатилган таомномага назар солмай, журъатсиз тарзда “Ўзингиз биласиз...” дегандан сўнг қалин қошларини уйганча диққат билан менюни ўрганиб чиқди ва номига тил келишмайдиган аллақандай овқатларни санай бошлади.
Нафиса нима овқат еганини ҳам билмайди. Ички бир титроқ ҳамон жувон вужудини тарк этмаётганди. Шу сабабли саволларга узуқ-юлуқ жавоб бераркан, бу ҳолатини аниқ-тиниқ сезаётгани сабабли ўзини баттар ноқулай ҳис қилар ва бундан янада уялиб, ҳаракатлари баттар қовушмас, гоҳо ушлаган санчқиси жаранглаб ликопчага тушиб кетса, гоҳо ичимлик солинган қадаҳини тўғри тутолмасди. Яхши томони, Замонали спиртли ичимлик буюрмади. Нафиса бундан хурсанд бўлди.
Замонали гап орасида ўзининг оппоқ тишларини намойиш қилгандай жилмайиб-жилмайиб қўяркан, машиналарни кредитга бериш бўйича қандайдир идорада масъул ходим бўлиб ишлашини билдирди. Сўнг Нафисанинг адресини сўраб олгач, унинг уйи жойлашган туман прокурори Фалончи Пистончиевич ва туманнинг бош шифокори Фалончихон Пистончихоновнага кредитга машина олиб берганлигини писанда қилиб ўтиб кетди.
Ахийри азобли лаҳзалари ортда қолди.
Кўчага чиқишган маҳалларигина кўксига муздай ҳаво урилган Нафиса сал енгил нафас олди.
Қаҳвахона ёнидаги катта йўлга чиққанлари заҳоти елиб келаётган оппоқ “Нексия”ни тўхтатган Замонали машинанинг орқа эшигини очиб, нима эгилиб тураркан, эҳтиром билан:
— Уйингизгача обориб қўяй, Нафисахон, — деди эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда.
Ўзларига бақрайиб қараб турган таксичи олдида “йўқ” дейиш ноқулай туюлдими, гулдастани маҳкам бағрига босган жувон индамай машинага чиқди.
“БИТТА МАШИНА МЕНДАН!”
Улар кўп қаватли уйнинг олтинчи қаватига лифтда кўтарилишди. Мулозамату ширинсўзликнинг тирик тимсоли бўлган Замонали тинмай нималарнидир сўзларди.
Ҳаяжондан қулоқлари том битган Нафиса бир гапни англаса, иккинчисини англамай қолар, нуқул “Подъезд олдида хайрлашишим керак эди...” деган хавотирли ўйдан қутулолмас эди.
Йўлакда хайрлашиш яна ноқулай туюлди жувонга. Замонали эса баайни ўз уйига келаётгандай бемалол ва бепарво эди. Ахийри “Газета орқали танишишнинг талаби шудир” деган тахминда эркакни уйга бошлаб кирди.
Замонали йўлакка, хоналарга бир кўз ташлаб қўйди-да, кечирим сўрашни унутмаган кўйи аёлнинг қўлидаги гулдастани олгач, ҳеч адашмасдан ошхонани топиб борди ва стол ёнида турган вазага гулдастани жойлади.
Нафиса нима қилишини, нима дейишини билмай, ўз уйида меҳмондай каловланиб қолганди.
Ана шунда мамнуният ила ортига ўгирилган Замонали ҳе йўқ-бе йўқ, мутлақо тўсатдан, лекин ўта эпчиллик билан аёлнинг белидан қучди ва оҳиста бир силташда уни ёнига яқин келтириб, лабларига лабларини босди.
Нафаси ичига тушиб кетган, беихтиёр оёқлари майишиб кетаётган Нафиса ҳатто қаршилик билдиришга улгуролмай қолди. Жувон ахийри ўзига келиб олганда эса эркак ютоқиб унинг бўйнидан, сийналаридан ўпарди. Энди қаршилик кўрсатиш яна ноўнғай туюлди Нафисага.
Баногоҳ Замонали тамомила дармони қуриб кетган аёлни шартта кўтариб олди ва яна ҳеч адашмай ётоқхонага кўтариб кирди-да, оҳиста икки кишилик диванга ётқизди.
Мана шундагина Нафиса недир ҳаракат ёинки сўз билан ўз норозилигини изҳор этмоққа уринди, аммо улгуролмади. Оғир гавдасини унинг устига ташлаган Замонали зўр бериб жувоннинг сийналарини эзғиламоқда эди.
Уят-номусдан адойи тамом бўлган Нафиса кўзларини чирт юмиб оларкан, кучли эркак қўллари кийимларини тортқилаб-тортқилаб ечаётганини ҳис қилди...
Нафси қониб, вужуди шалвираб қолган Замонали жувоннинг ёнига оҳиста қулаб, бир муддат жим ётгач, аста осмонга ўгирилди.
Нафиса ҳамон кўзларини чирт юмиб, йиғламоқдан бери бўлиб ётарди.
Бир неча дақиқа шу алфозда ўтди ва тўсатдан аёл... ҳозиргина ҳансираб, оғир-оғир нафас олаётган эркакнинг бир текисда нафа солишга ўтганини англади.
Нафиса кўзларини аста очди.
Замонали пишиллаб ухлаб ётарди.
Қип-яланғоч алфозда. Куппа-кундузи...
Нафиса бир пайтлар, илк никоҳ кечасида эри ишини битириб, мана шундай пишиллаб ухлаб қолганида тонгга қадар кўз юммай йиғлаб чиққанини эслади.
Шармандали нимадир содир бўлганини англаётган, вужуд-вужуди нафрат, алам туйғулари тилка-пора қилаётган, кўзлари жиққа ёшга тўлган Нафиса аста сирғалиб тўшакдан чиқди ва кийимларини оласола оёқ учида юриб хобгоҳдан чиқди.
Аёл ваннада, иссиқ сув тагида узоқ вақт турди. Кўз ёшлари сувга қўшилиб оқди...
Ахийри Нафиса ваннадан чиқди, ҳорғин тарзда кийинди. Сўнг сочини тараган киши бўлди-да, аста ваннадан чиқиб, ётоқхонага мўралади.
Ё раббий, аллақачон уйқуни уриб бўлган, тўйган қўзичоқдай мамнун тарзда жилмаяётган Замонали ҳеч иккиланмасдан, баайни ўз уйида, ўз жуфти ҳалоли билан ётгандай:
— Ювиниб бўлдингизми? — деди. — Иссиқ сувни оқизиб қўйинг. Мен ванна буғланиб туришини яхши кўраман.
Нафиса индамай ортига қайтди ва... эркакнинг айтганини қилди.
Жувон айни дақиқаларда ишқилиб ҳаётига ноҳос бостириб кирган, энди бу уйда, Нафисанинг уйида ўз тартибини ўрнатаётган Замоналидан узоқроқда бўлса бас эди.
Замонали узоқ ювинди. Унинг сув шовуллаши орасида ҳар замонда пишқириб-пишқириб қўяётганини эшитаётган Нафиса асаб толаларига мих қоқилаётгандек азобланарди.
Нафиса бир чойнак чой дамлади.
Ошхона столига беихтиёр ликопчаларда ширинлик, майиз қўйди.
Ваннадан қип-қизариб чиқиб келган Замонали жувоннинг ёноғидан ўпиб қўйди-да, табуреткага жойлашиб ўтириб олгач, қайноқ чойдан ҳўпларкан:
— Ҳалима опа сизнинг машина олмоқчи бўлаётганлигингизни айтганди, шу ростми? — деб сўраб қолди.
Дастлаб жувон бу эркак ўзидан нима сўраётганини англамади, ниҳоят савол мазмуни онгига етиб боргач, ноаниқ тарзда елка қисди:
— Шундай қилсамми дегандим...
— Бўлмаса, гап бундай, — бирдан ишбилармонлик оҳангига ўтди Замонали. — Майли, битта машина мендан. Шунча йилдан бери кимларга обермадим. Энг зўридан обераман. Қордай оппоқ рангидан. Ё сизга молочний свет ёқадими?
Нафисанинг назарида бу ерда қандайдир тушунмовчилик содир бўлмоқдайди. Яъни бояги... воқеадан сўнг эркак ишқ-муҳаббат, ҳеч бўлмаса турмуш қуриш ҳақида гапириши керак эди. Бу бўлса аллақандай машиналарни...
Жувон яна ноаниқ тарзда елка қисди.
— Сизга барибирми? — гапини давом эттирди Замонали. — Унда оқидан обераман. Ўзи мўлжал қанча?
Жувон эркакка анграйиб қаради.
Замонали кулимсиради.
— Машинани қанчага олмоқчисиз дейман?
— Ҳа... — Нафиса ниманидир эслаётгандай бир лаҳза ўйланиб қолди. — Йиққаним саккиз мингча...
Замонали осмонга тикилиб, лабларини қимирлатган кўйи нималарнидир хомчўт қилди-да, кейин ишонч билан жувонга қаради:
— Бўлади. Етмаганига ўзим қўшаман. Как раз бугун охирги кун эди. Биттагина “Донс” қолган ўзи. Тишимнинг кавагида асраб юргандим. Биронта каттароқ одам сўраб қолса деб... Келинг, шу ўзимизга насиб қила қолсин. Тўй саёҳатига янги машинада чиқишга нима етсин!
“Ўзимизга... Тўй саёҳатига...” Бирдан аёлнинг таранг асаблари бўшашди, танига биринчи марта ёқимли титроқ югурди.
Афтидан, Замонали ўзининг Нафисага уйланишини жуда аниқ деб билаяпти чоғи.
Жувон... енгил тортгандай бўлди.
Худди шу маҳал кийина бошлаган Замонали жувонга қаради:
— Бўлмаса тез кийимларингизни кийииниб олинг. Паспортингизниям олинг.
Нафиса ҳайрон бўлиб қолди. “Дарров ЗАГСгами...” деган ўйга борди...
Замонали изоҳ берди:
— Айтдим-ку, охирги “Донс” деб. Соат олтигача улгурсак бизники бўлади, бўлмаса эртага биронтаси илиб кетиши мумкин.
Тан бериш керак, Замонали аёллар фикрини уқиб оладиган эркаклар тоифасидан экан. Ҳозир ҳам Нафисанинг аввал бирданига яшнаб, сўнг иккиланиб қолганини кўриб, бунинг сабабини тушунди чоғи, ҳеч иккиланмасдан:
— Қайтишда ЗАГСга кириб келамиз. Унинг мудираси Асилахон қадрдон опахоним бўлади, — деди.
Дарҳақиқат, ЗАГС мудираси Асилахон исмли жувон эди. Буни Нафиса эри вафот этгандан кейин маълумот олиш учун борганида билган...
— Ҳар эҳтимолга қарши пулни олволинг, — деди Замонали. — Кўнглимдагидан ҳам зиёд аёл экансиз. Сизга кредитга бир машина совға қилмоқчи эдим. Лекин яхшиси иккаламизнинг пулимизни қўшиб, сизнинг номингизга биратўла ҳамма пулини тўлаб машина олиб қўя қолайлик. Þрамизми кредит деб...
Нафиса худди сеҳрлангандек ўзига ишонч билан жилмайиб қараб турган қуюқ мўйловли эркакка қараб қўйди-да, ётоқхонага ўтиб, шоша-пиша янги кўйлагини кийди, сўнг жомадонда, кийимларнинг энг тагидаги салафан халтачада терган саккиз минг долларни ҳам олиб чиқди.
КУТАЁТГАН АЁЛ
Икковлон таксида шаҳар чеккароғидаги енгил машиналар сотиладиган супермаркетга келишди.
Замонали йўл бўйи Нафисанинг қўлини маҳкам ушлаган кўйи бўлғуси тўй саёҳати режаларини гапириб келди. Аввал унинг она юртига борилади, кейин Самарқанд, Бухоро, Хива саёҳати... Кейин сумкасидан машина сотиб олиш бўйича аллақачон муҳр ҳам босилган шартномадан икки нусхасини чиқарди.
— Шуни тўлдириб беринг.
Замонали нима ёзишни ўргатиб турди, Нафиса қинғир-қийшиқ ҳарфларда шартноманинг бўш ўринларига ўзи ҳақидаги маълумотларни ёзиб чиқди.
— Ранги оқ бўлаверсинми? —деб сўради Замонали улар машинадан тушишгач.
— Майли... — деди жувон.
— Яхши. Ҳозир кириб гаплашиб чиқаман. Сиз шу ерда туриб туринг. Яна танишига олиб беряпти деб майда гап қилиб юришмасин.
— Майли... Мана.
Замонали жувон тутган салафан халтадаги долларларга қараб бир зум иккиланиб қолди. Сўнг унчалик хушламайгина:
— Майли, — деди. — Етмаган жойига ишлатиб юборарман... Сиз қуёшда турманг. Анави ерга боринг, дарахт тагида скамейка бор. Ҳам соя.
Нафиса Замонали кўрсатган жойга бориб, ўриндиққа чўкди.
Ойнаванд эшик ёнига борган маҳал Замонали шу томонга ўгирилди ва оппоқ тишларини намойиш қилгандай илжайиб қўяркан, қўл ҳам силкиб қўйди. Бунга жавобан Нафиса ҳам қўл силкиди.
Эркак ичкарига кирди-кетди.
Орадан ярим соат ўтди, бир, икки...
Кеч тушди.
Атрофга намозшом қоронғулиги бостириб кела бошлади.
Ойнаванд эшик ёпилди, унда “Ёпиқ” деган ёзув акс эта бошлади.
Нафиса ҳамон эшикка термулиб ўтирарди...
ХОТИНБОЗ
Эртаси куни тонг маҳал дугонасининг уйига келган Ҳалима Нафисанинг тўшакда хун бўлиб йиғлаб ётганини кўрди.
Шу куни бозор ҳам қолдирилди.
Икковлон эргашиб ўша супермаркетга боришди.
Дўконнинг иккита эшиги бор экан, у томондан кириб, бемалол бу томондан чиқиб кетса бўларкан. Дўкондагилардан суриштиришди, улардан биронтаси Замонали исмли кишини танимас экан.
Бахтга қарши Замоналининг сурати йўқ эди. Айёр эркак ўз мактубини Ҳалимадан сўраб оларкан:
— Ёзганларимни яна бир эслаб олай, — деб баҳона қилган экан.
Суратни эса Нафиса ювинаётган маҳал унинг сумкачасидан ўғирлаб олган.
Бу ишни ўзи бошлагани учун виждони қийналди шекилли, Нафисанинг йўқ дейишига қарамасдан Ҳалиманинг ўзи уни ички ишлар бўлимига бошлаб бориб, ариза топширишга мажбур этди.
Аммо Замоналининг на ҳақиқий исмини билишарди аёллар, на фамилиясини ва на адресини.
Милициядагилар уларни юпатган бўлишди:
— Асло хавотир олманглар, бунақа фирибгарлар бир кун бўлмаса бир кун албатта қўлга тушишади.
Орадан икки йилга яқин вақт ўтди.
Эркаклардан тамомила кўнгли совуган, ҳатто Ҳалима баъзан бу ҳақда оғиз очиб қолса бир қаҳрли қараш билан унинг оғзини оёпиб қўядиган Нафиса ёлғизликка тамомила кўникди.
Шундай кунларнинг бирида унга милиция идорасидан чақирув қоғози келди.
Ҳайрон бўлган Нафиса эртаси куни кўрсатилган манзилга борди.
Уни илиқ кутиб олган терговчи яқинда ўзини турли исмлар билан атаб, ёлғиз аёлларни “уйланаман” деб алдаб, уларнинг мол-мулкини ўғирлаб юрган хотинбоз товламачи қўлга тушганини маълум қилди. Ҳозирча бу хотинбоз олтита аёлни алдаб кетганлиги факти исботланган.
Тез орада суд бўларкан. Судда Нафиса ҳам иштирок этиб, гувоҳлик бериши мумкин экан. Зеро, бундан икки йил бурун милицияга берган аризасида аёл худди шу одам ўзини алдаб кетганлигини маълум қилган экан.
Нафиса терговчи кўрсатган суратга тикилиб қолди. Ҳа, бу чиндан ҳам ўша Замонали эди.
— Мен судда қатнашмайман, — деди ниҳоят оғир сўлиш олган Нафиса. — Майли, ўша пулдан ҳам воз кечдим...
— Лекин давлат воз кечмайди, опа...
— Шу одамнинг турқини кўргим келмаяпти, — дея очиғига кўчди Нафиса.
Жувон айтганини қилди — судда иштирок этмади.
Орадан яна тўрт ойча вақт ўтди.
Бир куни Нафисанинг уйига почтадан хабарнома ташлаб кетишибди.
Ҳайрон бўлган жувон эртаси куни почта бўлимига борди.
Почтадагилар фалон рақамли муассасадан, тўғрироғи қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган маҳбус маошидан бухгалтерия суд ҳукми асосида унинг номига уч минг сўм юборганлигини айтишди. Яъни бу одам ишлаб топган маблағнинг маълум қисми бир пайтлар ўзи алдаб кетган аёлларнинг манзиллари почта орқали юбориларкан.
Нафиса титраб кетди.
— Ўзи сиздан қанча олганди? — деб сўради почта ходимаси.
Жувон беихтиёр жавоб қайтарди:
— Саккиз минг доллар...
Ходима ҳуштак чалиб юборди. Сўнг кулимсиради:
— Шу суръатда давом этса бирон олтмиш йилларда қарзидан узилар...
Тўсатдан сесканиб кетган Нафиса почта ходимасига қаттиқ тикилди:
— Илтимос, опажон, бу пулни қайтариб юборинг... Бу... менга керак эмас... Умуман, менга унинг бир тийини керак эмас... Ўзига буюрсин...
— Лекин...
Нафиса тез-тез юрганча хонадан чиқиб кетди.
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ