ҚОДИРИЙНИНГ ТЕРГОВЧИСИ


   Маълумки, ўзбек халқининг атоқли адиби, илк романчиси, “кулдириб йиғлатувчи ва йиғлатиб кулдирувчи” ҳажвчиси Абдулла Қодирий (Жулқунбой) 1937 йилнинг 31 декабрида Давлат хавфсизлик идораси томонидан қамоққа олинган ва сурункали қийноқ-азоблардан сўнг 1938 йилнинг 4-октябрида отиб ташланган. Мана шу пайтда, яъни ёзувчи қамоққа олиниб то қатл этилгунча унинг терговини Давлат хавфсизлик идорасининг ходими  Триғулов олиб борган.
   Асли татар миллатидан бўлган Нурлин Исҳоқович Триғулов 1907 йилда Россиянинг Пенза вилояти, Кузиско депарасидаги Делино қишлоғида туғилган. Ўрта маълумотли – Ўрта Осиё қизил ўрта махсус билим юртини битириб лейтенант унвонини олган, 1925 йилдан 1939 йилгача Давлат хавфсизлик идорасида турли лавозимларда хизмат қилган. Кейинчалик бу хизматдан бўшатилгандан кейин Тошкентдаги Чкалов номидаги авиация заводида цех бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлайди. Беватан бу келгинди ўша пайтдаги қонли сиёсатнинг амалга оширилишида – бегуноҳ одамларни бекордан-бекорга қамаб, уриб, қийнаб, азоб бериб йўқ гуноҳларини тан олдириш, куракда турмаган айбномалар тўқиш ва қатл этишда жонбозлик кўрсатган юзлаб-минглаб муртадлардан биттасидир. У ҳамма янги йил кутаётган 31 декабрь куни чарм пальтога ўраниб (чекистлар ўша пайтда шундай кийинишган), тўппончасини тақиб ёнида ўзига ўхшаган яна бир қаттол билан Абдулла Қодирийнинг уйига ярим кечаси бостириб борган, унга таҳдид қилган, уйини тинтиган, адибнинг жаъми ёзувлари-ю, ашёларини кўтар-кўтар қилиб машинага ортиб, ўзини олдига солиб олиб кетган ва Давлат хавфсизлиги идорасининг тор ва совуқ хоналаридан бирига тиққан. Ундан кейин эса қонхўр бошлиқларининг бошқа топшириқлари билан банд бўлиб кетиб бечора адибниг тор ва муздай хонада уч ойгача ўз тақдирини кутиб даҳшат ичида ётишга мажбур қилган. 1938 йилнинг мартидан эса уни терргов қилишга киришган. Бу дегани маҳбуснинг нима айб қилганини суриштириш, аниқлаш эмас – олдиндан тайёрлаб қўйилган куракда турмайдиган “айб”ларга уни кўндириш, қилмаган ишларини “қилдим” дедириш эди холос. Терговчининг хоҳишича Абдулла Қодирий “мен миллатчиман”, дейиши керак эди, “шўролар ҳукуматига душманман”, дейиши керак эди, унинг олдида тиз чўкиши, раҳм-шафқат сўраб ялиниб-ёлбориши керак эди. Аммо Абдулла Қодирий ундай қилмади, ўз халқини севганини  “миллатчилик” деб билмади, халқ орасидан чиққанлиги боисидан советлар тузуми меҳнаткашларга рўшнолик олиб келар деган умидда бу ҳокимиятга сидқидилдан хизмат қилгани учун, янги ҳаётга тўғри келмайдиган иллатларни ҳажв қилгани учун ўзини “шўро ҳукуматининг мухолифи” деб билмади, ўзи ёзган “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларида халқ ҳаётини тўғри, ҳаққоний ва гўзал тасвирлагани учун “халқ душмани” деган  тамғани   ўз бўйнига тақилишига рози бўлмади. “Абдулла Қодирий ўзига тақилаётган айбларни сира тан олмасди, қамоққа олинган биринчи кундан бошлаб бўйнига қўйилаётган барча айбларни инкор этаверди ва ҳеч қандай кўргазма бермади”,– деб  гувоҳлик берган эди Триғулов 1956 йилда Туркистон Ҳарбий округи прокуратурасида берган кўргазмасида. Аммо бераҳм терговчи қандай қилиб бўлса ҳам адибнинг иродасини букиш,, қилмаган айбларига тан олдириш учун ўта зуғумли ҳаракатларини, азоблардан ҳолдан тойган адибга: “Сиз миллатчи сифатида айнан қайси антисовет ташкилот фойдасига хизмат қилгансиз?” “Сиз ёлғон гапираяпсиз!”, “Сиз чет эл давлатларининг жосуслик маҳкамалари билан алоқангиз борлигини яшираяпсиз!” “Огоҳлантириб қўяй, бекорга овора бўлаяпсиз!”– деган дўқ-пўписаларни ёғдиришда давом этган.  Турган гапки бу салла ол деса калла олувчи терговчи дўқ-пўписалар билан чекланмаган. Гарчи у 1956 йилда берган кўргазмасида “Мен Абдулла Қодирийни тергов пайтида калтаклаганим йўқ”,– деса ҳам бунга ишониш мумкин эмас, илло бу идорада калтаклаш, маҳбусларни қийнашнинг турли усуллари кенг қўлланилганлиги ҳаммага маълум. Лаънати Триғулов ҳам ана шу калтаклашларда қатнашгани рост.  Собиқ маҳбус, олдин Ўзбекистон Компартиясининг секретари бўлган Иброҳим Худойқулов 1940 йилда шундай кўргазма берган: “Мени кабинетдан ташқарига чиқаришмади, ухлатишмади. Триғулов мудом мени бўралаб сўкарди, ҳар куни канда қилмасдан калтакларди, урарди... Триғулов менга уйдурмадан иборат кўргазма беришимни талаб қилди. Лекин унинг таклифини рад этдим. Ана шундан кейин Триғулов мени 42-хонага бошлаб кирди. У ерда Оғабеков, Триғулов ва мен танимайдиган яна битта ходим биргалашиб мени савалай бошлашди. Мени ҳолдан тойгунимча калтаклашгандан (учинчи мартадан) сўнг тасдиқномага нимаики ёзилса, ҳаммасига имзо чекиб беришга рози бўлдим...” Юқоридаги гаплардан кўриниб турибдик, Триғулов бошқа маҳбуслар қатори Абдулла Қодирийни ҳам кўп марталаб калтаклаган, азоб берган...
   Вақтлар ўтди, замон ўзгарди, янги давр олдинги қилинган хатоларни суриштирди, бегуноҳлар, шу жумладан адиб Абдулла Қодирий ҳам оқланди, ҳақиқий айбдорлар ўз жазосини олди. Маълумотларга кўра 1937 йил қатоғонларининг бошида турган Берия бошлиқ жуда кўп қаттоллар, шу жумладан Ўзбекистонда бегуноҳ қонлар тўкилишига сабаб бўлган собиқ  Ички Ишлар Халқ комиссари Авсепян, унинг ўринбосари Леонов, ижрочилар Оғабеков ва бошқалар суд қилиниб отиб ташланди. Аммо афсуски, бу тузумнинг қонхўр югурдаги – Абдулла Қодирийнинг терговчиси Триғулов қандай жазо олганлиги маълум эмас. Айтгандай, бу малъун фақатгина Абдулла Қоодирийнигина эмас ўша қатағон йиллари қамоққа олинган Чўлпон, Фитрат ва бошқа ўнлаб, юзлаб (балки минглабдир?) адибу шоирлар, зиёлилар ва бошқа бегуноҳларни тергов баҳонаси билан қийнаган, азоб берган ва жаллодларга топширган. Минг лаънат сенга қўли қон,  олчоқ келгинди Триғулов!
   (Ёзувчи Н. Боқийнинг “Қатлнома” (Тошкент, 1992) ҳужжатли қиссасида бу ҳақда айтиб ўтилган).

Мухтор Худойқулов










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот