Одил Ёқубов (1926 - 2009)


    Ўзбекистон халқ ёзувчиси – Одил Ёқубов 1926 йилнинг 20 Октябрь куни Қозоғистон Республикаси Чимкент вилояти Туркистон туманининг Қарноқ қишлоғида хизматчи оиласида туғилган. 1944 йилда ўрта мактабни тугатиб, 1945 – 1950 йилларда Қизил Армия сафида хизмат қилган. Ёш аскар совет-япон уруши муҳорабаларида иштирок этган. 1951 – 1956 йилларда у Ўрта Осиё Давлат дорилфунунининг филология факультетида ўқийди. 1955-1959 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида маслаҳатчи, "Литературная газета"нинг (1959 – 1963, 1967 – 1970) республикамиздаги махсус мухбири, "Ўзбекфильм" киностудиясида ва Республика кинематография қўмитасида бош муҳаррир, Ғафур Ғулом нашриётида бош муҳаррир (1970 – 1982) ўринбосари бўлиб ишлаган. Сўнгра "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" рўзномасининг (1982 – 1989) бош муҳаррири бўлиб хизмат қилган.
    Одил Ёқубовнинг биринчи йирик асари — "Тенгдошлар" повести 1951 йилда босилиб чиққан. Унинг "Чин муҳаббат", "Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди" (1958) каби комедиялари Ҳамза номидаги ўзбек академик драма театри саҳнасида қўйилган. "Юрак ёнмоғи керак" (1957), "Олма гуллаганда" (1960), "Музаффар Темур" (1996), "Бир кошона сирлари" (2000) каби пьесалари, "Дилбарим", "Баҳор ёмғирлари" киносценарийлари (1971) муаллифи.
    1956 йилда "Икки муҳаббат" номли насрий асарлар тўплами нашр этилган. "Бир фельетон" қиссаси (1961), "Муқаддас" (1963), "Қанот жуфт бўлади" (1969), "Биллур қандиллар" (1975) каби қиссалари чоп қилинган. Одил Ёқубовнинг "Эр бошига иш тушса" (1969) номли романи Улуғ Ватан уруши йилларидаги воқеликни акс эттиради. 
    "Қанот жуфт бўлади" (1969) повести шифокорлар, меъморлар, ишчилар мавзуси билан бирга мураккаб ижтимоий ва ахлоқий муаммоларни ҳал этишга бағишланган. Муаллиф унда равшан, эсда қолувчи образлар яратган. "Излайман" повестида 1945 йил япон милитаризмига қарши кураш воқеалари акс эттирилади. 
    Ёзувчи "Улуғбек хазинаси" романида (1974) улуғ ўзбек  астрономи Улуғбек ва унинг ўғли   Абдуллатиф  ўртасидаги зиддиятларни кўрсатиб, прогрессив ва реактсион кучлар орасидаги курашларни тасвирлайди. Романда Улуғбекнинг истеъдодли шогирди, машҳур олим Али Қушчининг ҳам улуғвор образи яратилган.
     "Кўҳна дунё" романида Ўрта Осиёнинг икки буюк  алломаси  Беруний ва  Ибн Сино ҳаёти ва фожиали тақдири қаламга олинади. Унинг "Диёнат" (1973), "Оққушлар, оппоқ қушлар" (1988) каби йирик асарлари ҳам эътиборга лойиқ.
     Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1985) Одил Ёқубов Меҳнат Қизил Байроқ ордени ҳамда Япония устидан қозонилган ғалаба учун медали билан тақдирланган. "Улуғбек хазинаси" романи учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. 
     Ижодкор, муҳаррир, носир, Ёзувчилар уюшмаси бош котиби вазифаларида хизмат қилган. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик қўмитаси раиси (1991 йилдан) ва Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеясининг биринчи вице-президенти (1995 йилдан) лавозимларида ишлаган.
     Унинг адабий портрет ва мақолалари кўплаб адабий шахсларга бағишланган. Асарлари чет тилларга, шунингдек, қардош туркий халқлар тилларига таржима қилинган.
     Ёқубов ижоди ҳақида адабиётшунослар Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Леонид Теракоян, Умарали Норматов, Норбой Худойберганов, Ботир Норбоев ва бошқалар илмий тадқиқот ишлари қилишган.
    Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1977), "Дўстлик" (1994), "Эл-юрт ҳурмати" (1998) орденлари билан мукофотланган.
      Одил Ёқубов 2009 йил 21 декабрь куни Тошкент шаҳрида вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот