Қутлибека Раҳимбоева 1952 йилнинг 9 февраль санасида Туркманистон республикасининг Тошовуз вилояти ҳудудида жойлашган Олтмиш қишлоғида зиёли оилада дунёга келган. Уч нафар фарзанднинг ўртанчаси. Отаси – Рейимбой Бозорбой ўғли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Онаси – Пошша Нормат қизи муаллима бўлган. Қутлибека шу қишлоқдаги 20- сон ўрта мактабни 1969 йили битирган ва шу йилда-ёқ Фарғона давлат Педагогика институтининг (ҳозир университет) «Ўзбек тили ва адабиёти» факультетига ўқишга кирган. 1973 йилда институтни имтиёзли диплом билан битирган ва иш фаолиятини Қува тумани Акбаробод қишлоғидаги 29- ўрта умумтаълим мактабида дарс беришдан бошлаган. Сўнг она юртида ҳам уч ярим йил ишлаган. Тошовуз шаҳридаги 14- мактабда дарс берган. 1979 йилда Тошкентга келган. Ўша пайтдаги А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтида бир йил ишлаган. 1980 – 83 йиллар оралиғида Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида кичик муҳаррир, сўнг катта муҳаррир лавозимида фаолият олиб борган. 1983 йилдан буён республика хотин-қизларининг «Саодат» журналида ишлайди. Бўлим муҳаррири, нашр муҳаррири, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган, айни кунда масъул котиб вазифасида фаолият олиб бормоқда. Ижодий фаолияти мактаб пайтидан – туман газетасида шеър ва мақолалари чоп этилишдан бошланган. 1976 йил «Саодат» журналининг ноябрь сонида устоз шоира Зулфияхонимнинг “Оқ йўл”и билан катта адабиётга кириб келган. Ўша йилиёқ туркум шеърлари “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” каби марказий нашрларда, “Ёшлик баёзи” да эълон қилиниб, ўша пайтдаги устоз ижодкорлар назарига тушган. 1979 йилнинг ёзида Шаҳрисабзнинг Мироқи шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар семинарида иштирок қилган. Шеърият шуъбаси йиғинларида Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров каби шоирлар, адабиётшунослар шоиранинг шеърларига юқори баҳо беришган. Унинг ижодида ижтимоий руҳ кучли эканлигини алоҳида қайд қилишган. Йиллар давомида “Юрагимда кўрганларим”, “Узун кундузлар”, “Уйғониш фасли”, “Озодлик”, “Кўксимдаги Тангритоғ”, “Қоракўзларим”, “Чақмоқлар фасли” каби шеърий , “Шам кўтарган аёл”, “Муҳаббат, сен чиройлисан”, “Осмондан тушмаган хазина” каби насрий, “Тўйлар муборак” каби публицистик асарлари чоп этилган. Марказий матбуотдаги долзарб мавзудаги мақолалари учун “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ. энг азиз” кўрик танловларида,”Олтин қалам” миллий танловларида ғолиб бўлиб, мукофотланган. “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” журналларининг йиллик мукофотларига сазовор бўлган. “Чақмоқлар фасли” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарафидан ўтказиладиган “Ватан учун яшайлик” кўрик танловининг ғолиби бўлган. У 1982 йилда Москвада ўтказилган ёш ижодкорлар семинарида иштирок этган ва ўн беш республика ижодкорлари орасидан танланган ўнта истеъдодли шоирнинг бири сифатида эътироф этилган. Шеърлари “Смена” журналида чоп этилиб, нашрнинг йиллик мукофотига муяссар бўлган. Шоира Марина Цветаева, Анна Ахматова, Анна Баркова каби рус шоирларининг, Алфонсино Сторни каби Аргентина шоирларининг шеърларини ўзбекчага ўгирган. Ўзининг шеърлари рус, қозоқ, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган. Шоира 1993 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», 1999 йилда «Шуҳрат» медали, 2020 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган. Оилали, икки нафар фарзанди бор. Қизи Орзу марказий нашрларда дизайнер, ўғли Нажот логистика соҳасида ишлайди. Турмуш ўртоғи «Дўстлик» ордени соҳиби, шоир, таржимон Миразиз Аъзам. 4 та неваралари бор.