Абдулла Қодирий (1894 - 1938)
Абдулла Қодирий - ўзбек миллий романчилигининг асосчиси, публицист, ҳажв устаси, тилшунос ва таржимон. У 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. Аввал ислом мактабида (1904-1906), кейин рус-тузем мактабида (1908-1912), Абулқосим шайх мадрасасида (1916-1917) таълим олди. Оилавий шароит тақозоси билан болаликдан маҳаллий савдогарларга котиблик қилди (1907-1915). 1917 йил Октябр давлат тўнтаришидан сўнг Эски шаҳар озиқа қўмитасининг саркотиби (1918), “Озиқ ишлари” газетаси муҳаррири (1919), Касаба уюшмаси саркотиби (1920) лавозимларида ишлаган. 1923 йили “Муштум” журналини таъсис этиб, бир неча йил журнал таҳририятида хизмат қилган. Москвадаги адабиёт курсида (1925-1926) ўқиган. 1919-1925 йиллар оралиғида матбуот нашрларида 300 дан ортиқ мақолалар эълон қилган. Умрининг охиригача тинимсиз ижод билан шуғулланган.1914-1915 йилларда Абдулла Қодирийнинг “Аҳволимиз”, “Тўй”, “Миллатимга”, “Фикр айлагил” каби шеърлари, “Жувонбоз”, “Улоқда”, “Жинлар базми” каби ҳикоялари, “Бахтсиз куёв” драмаси босилиб чиққан. Ўзбек адабиётидаги биринчи роман “Ўтган кунлар”ни яратди (1919-1920). Асар 1922 йили “Инқилоб” журналида, 1924-1926 йилларда ҳар бир бўлими алоҳида-алоҳида китоб ҳолида босилди. 1918 йил февралида иккинчи йирик романи – “Меҳробдан чаён”ни ёзиб тугатди. Роман 1929 йили Самарқандда босилиб чиқди. 1934 йили адиб “Обид кетмон” қиссасини ёзди. Абдулла Қодирий тилшунос ва таржимон сифатида ҳам катта ишлар қилди. У татар физик олими Абдулла Шиносийнинг “Физика” (1928), Н.В. Гоголнинг “Уйланиш” (1935), А.Р. Чеховнинг “Олчазор” (1936) асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Қозонда босилган “Тўла русча-ўзбекча луғат”ни (1934) тузишда иштирок этди. Қодирий 20-йилларнинг ўрталарида ёзган “Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан”, “Тошпўлат тажанг нима дейдир?” ҳажвий асарларида бидъат ва хурофотни қоралади. Уларда халқнинг яшаш тарзи ва руҳий оламини ўзгартиришга интилган жадид адабиёти мақсад ва ғоялари ўз ифодасини топган. Маърифатпарварлик, миллат озодлиги ва истиқлол ғоялари Абдулла Қодирий асарларининг асосий ғоясини ташкил қилади. Абдулла Қодирий асарлари, айниқса, романлари жаҳон миқёсида кенг тарқалди. Унинг “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон” асарлари рус, инглиз, немис, итальян, араб, озарбайжон, тожик, қозоқ, уйғур, татар тилларига таржима қилинган. Немис адабиётшунослари Н. Тун, И. Балдауф, америкалик тадқиқотчилар Э. Олворт, Христофор Мурфи, Эден Наби каби олимлар Абдулла Қодирий ижоди бўйича жиддий ишлар қилишган. 1991 йили Ўзбекистон мустақилликка эришиши биланоқ Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра Абдулла Қодирийга Навоий номидаги Давлат мукофоти берилди. 1994 йили адиб “Мустақиллик” ордени билан тақдирланди. Шу йили Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Тошкент Маданият институтига, Тошкентдаги маданият ва истироҳат боғига, катта кўчалардан бирига, Халқ мероси нашриётига ҳамда кўплаб маданият муассасаларига Абдулла Қодирий номи берилган. Ўтган йили Ўзбек романчилик мактабига асос солган, янги ўзбек адабиётига тамал тошини қўйганлардан бири - Абдулла Қодирий бобомизнинг 125 йиллиги Ўзбек Миллий Академик драма театри саҳнасида ҳам файзли ва жозибали адабиий-бадиий кеча тарзда нишонланди. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ҳам “Нотиқлик санъати академияси” таълим муассасаси ҳамкорлигида Эли эъзозлаган, элининг эрки деб курашган барҳаёт сиймо - Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигига бағишланган маънавий тадбир бўлиб ўтиб, мамлакатимиз бўйлаб буюк маърифатпарвар адибимиз таваллуд топган кун кенг миқёсда нишонланганди.
Экранлаштирилган асарлари:
1969 — “Ўтган кунлар”, режиссёр Йўлдош Агзамов, бош ролда Ўлмас Алихўжаев
1973 — “Зулматдан қочиш”. “Меҳробдан чаён” романи асосида. Режиссёр Йўлдош Агзамов. Сценарий муаллифи С. Муҳамедов, оператор — А. Панн. Ролларда: И. Эргашев, Т. Шокирова, А. Хўжаев, Ш. Иргашев, Я. Аҳмедов, Н. Раҳимов.
1997 — “Ўтган кунлар”, режиссёр М. Абзалов, бош ролда Б. Муҳаммадкаримов.