МЕНДАН ХАБАР ОЛ, БОЛАМ


     (Ушбу шеър бир суратга қараб ёзилган. Интернетда шундай бир расмни кўриб қолдим. Қаттиқ таъсирланиб кетдим..Унда деворга осилган ҳарбий йигит суратига тўшакда ётган хаста, бемор ёлғиз она бемажолгина, кўзларида соғинч билан тикилиб турибди, кўзларида ёш..у гўё менга пичирлаб қуйидагиларни ўғлига айтаётгандай туюлди. Ўша она тилидан ҳикоя қилинади)...

 

Йўлингда кўзим қолди,
Неча кун-ки мен бемор,
Бемажолман соғиниб,
Кўрсатсайдинг бир дийдор.

Сув ичсайдим қўлингдан
Тандан кетди бор мадор
Тунларим ўтар бедор,
Дардлардан чекиб озор...

Келиб мендан хабар ол,
Дуо қиламан болам,
Кўнгли очиқ эдинг-ку,
Сени биламан болам..

Дуогуйинг ўзимман..
Мендан хабар ол, болам.
Кел, бир кеча бағримда
Суҳбатлашиб қол, болам..

Ҳовлимиздаги боғдан
Узум егим келяпти,
Сени бағримга босиб
Бир сўз дегим келяпти.

Дийдорингга бир тўйиб
Дардни енггим келяпти..
Аввалгидек ҳовлига
Райҳон экким келяпти..

Кўзда ёшим шашқатор,
Келиб мендан хабар ол,
Жисмим беркитмай мозор –
Ёнимда бир кеча қол?

Ёлғизликнинг ҳасрати
Куйдиради мисли чўғ!
Дуо қиламан, болам,
Дуо қилмас куним йўқ..

Кўзим юмулмасидан
Етиб келгин, жон болам,
Мен-чун “топилмас” вақтинг
Нисор этиб кел, болам.

Дийданг тошмас ҳар қалай
Бўзлаб йиғлаб кел, болам.
Майли чинми, ёлғонми
Бағринг тиғлаб кел, болам.

Сендан битта саволни
Жуда сўргим келяпти.
Соғинмадингми болам?
Сени кўргим келяпти!..

Битта кўйлак совға қил,
Кийгим келяпти болам,
Майли кейин шоҳга ил,
Кетгим келяпти болам..

Мактубинг юпатолмас,
Дардларим аритолмас.
Кўзларимга сураман,
Лек қўлимдан тутолмас..

Ишларинг биламан, кўп,
Топшириқлар тахи тўп..
Келиб мени бир кўру,
Бориб юрт байроғин ўп!

Ватан азиз муқаддас,
Боболардан омонат.
Жонинг бахш этгин, аммо,
Қилма унга хиёнат.

Аждодларинг бу юртни
Кетган сенга қолдириб.
Ухлаб қолма жон болам,
Уни ёвга олдириб..

Аммо нетай, жон болам,
Сени жуда соғиндим..
Бориб қоларман, деган
Мактубингга сиғиндим..

Командирларингга айт..
Рухсат берсин топиб пайт.
Кўриб кўзим юмулсин,
Сўнгра ортга дарҳол қайт..

Сени Ватан кутмоқда,
Шуни унутма болам.
Бурчинг ўта, огоҳ бўл,
Тинч бўлар шунда олам!..

Келиб мендан хабар ол,
Дуо қиламан, болам,
Кўнгли очиқ эдинг-ку,
Сени биламан, болам..

Дуогуйинг ўзимман..
Мендан хабар ол, болам.
Кел, бир кеча бағримда
Суҳбатлашиб қол, болам..

..Сени кутаман болам..

 

Мумтоз Шаҳобиддин.