БИР КУНИ...
Ўша кезларда Марҳамат туманидаги маиший хизмат кўрсатиш уйида фаолият юритардим. Жамоамиз билан ҳар йили ёз ойларида сўлим-салқин гўшаларга саёҳатга боришни канда қилмасдик. Бир куни Наманганда гул байрами бўлаётганини эшитиб кўпчилик йўлга отландик. Уйдагилар рухсат беришганидан хурсанд эдим. Онам: “Қизим, бугун боғча ишламаса, биз бормиз-ку, олис йўлга бола етаклаб борманг, сизга ҳам, болага ҳам қийин бўлади”, деди. Қўлимга пул тутқазаётган пайтда таомланиш, йўл ҳақи ишхонамиз томонидан бўлаётганини, менга ортиқча пул керак эмаслигини айтдим. Шунда ҳам қўярда-қўймай сумкамга солиб қўйдилар. Наманган боғларидаги гўзаллик, ранг-баранг гуллар жилосидан ҳаммамиз ҳайратда эдик. Кўнгли ўзимга ўхшаган гулсевар дугонам билан боғ айлана бошладик. Ҳар гулнинг ифори бошқа деганларидек, бир-бирига ўхшамаган бу афсонавий гулларга ошиқ бўлдим. Қаерда эканимни унутаёзган эдим. Тувакдаги гуллар орасида ўзидан ёқимли ифор таратиб турган бир гул эътиборимни тортди. Гулчи аёл хориждан келтирилган бу гул “Дюшес” деб номланиши, ундан аёлларнинг атирлари тайёрланишини айтиб қизиқишимни янаям оширди. Кўпайтириш, парвариш қилиш усулларини сўраб ўргандим ва гуллардан бирини харид қилдим. Кейин дугонам соҳилда айланиб, музқаймоқ ейишни таклиф қилди. Менинг фикру хаёлим гулларда, улардан ҳеч нари кетолмасдим. Одамлар гавжум бўлиб қандайдир бир гулни томоша қилаётганини кўриб яқинроқ бордим. Ажабо, гулнинг баргига бармоқ тегса япроқлари титраб, йиғилиб, хивичдек бўлиб қолар, одамлар ёнидан нари кетиб, бироз фурсат ўтгач, яна ўз ҳолига қайтиб яшнар, номи ҳам ўзига ярашган “Гулиҳаё” экан. Ҳатто, айтилган фурсатда тушликка боришни ҳам унутдим, сеҳрли бир ип билан боғлангандек, ўша гулдан узила олмасдим. У пайтларда уяли телефонлар йўқ, дугонамни қаердан топишни билмасдим. Гулни харид қилай десам, пулим кам эди. Сал нари кетсам, “Гулиҳаё”дан ажралиб қоладигандек ёнига михлангандим. Қулоғимдаги зиракни ечиб гулчи аёлга тутдим: “Мана буни пулга чақиб, керагича олиб қолинг. Ёнимдаги пулим етмайди, гулни олмасам кета олмайман”, дедим. Кейин ёнидаги одам (умр йўлдоши экан): – Икки соатдан бери шу ерда, рости билан гул шайдоси экан. Бор пулини олинг-да, кичикроқ гул кўчатдан бериб юборинг. Бандидан узиб олиб ўсадиган гул-ку, савоб ҳам керак, – деди. Икки ноёб гулни бағримга босганча жамоамиз жойлашган манзилга бордим. Аллақачон тушлик тамом бўлиб, кун оға бошлаганди. Сафар халталарини тугиб менга ўхшаган бир-икки адашганларни кутиб ўтиришган экан. Улардан уялиб, ўзим овқатландим дедим-у, жуда оч эдим. Қишлоқда келинлар тонг отмай уйғонади. Кўча ҳовлиларнинг супир-сидири, боланинг инжиқликлари билан (умр йўлдошим ўша кезларда Фарғонада ишларди) нонушта ҳам қилмай йўлга чиққандим. Қайтар эканмиз, дам олиш учун олис манзилга бориб бир пиёла чой ичмай ёки ҳамкасбларим билан музқаймоқ ҳам емай оч-наҳор келаётганим бир томондан алам қилса, бағримга босиб олганим (ерга қўйсам синади, деб қўрқардим-да) гул ифори ҳар тарафга таралиб, таърифи достон бўлаётганидан кўнглим осмон бўларди.
Ўша ифорли гулимнинг авлоди ҳали ҳам бор. “Гулиҳаё” гули ҳақида ўйлаганимда эса юрагимда бир ёқимли ҳис уйғонарди. Кўп ўтмай ўша фараҳбахш туйғу ўрнини алам, афсус эгаллай бошлайди. Жилмайса ҳам енги учи билан оғзини тўсадиган, болаларини уйингга буғдой тўлгур, дея алқайдиган, умр йўлдошини фарзанди номи билан атайдиган, қўшниси ўтса унинг яқинларидан ҳаё қилиб қирқ кун тўю томошага бормайдиган, чироғини ўчирмайдиган андишали оналарнинг дилбандимиз-ку! Не сабаб қавмимиздаги айрим аёлларнинг ҳаёсизликлари тобора илдиз отиб боряпти. Аслида аёл кўнгли гулдек нозик бўлмасмиди... Баъзиларимиз япроғига бармоқ тегса титрайдиган бир гулчалик бўлолмаётганимизни ўйласам, юрагим қонайди...
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, шоира.