ҲАЙИТЛИК


БИР КУНИ... 
ҲАЙИТЛИК

     Байрамлар кўп эди. Айниқса, биз болалар оҳорли либос кийиб, катталар ҳайитлик бериб қувонтирадиган кунни зориқиб кутардик. Рўза ойи бошланиши билан онамга: “Она, ҳайитга неча кун қолди?” деб бармоқларини санайвериб безор қилардим. Энг қизиғи, ўша қутлуғ кунда янги кўйлак, ироқи дўппини кийиб, майда ўрилган сочларимизни бир-биримизга “кўз-кўзлаб”,  кўчага ўйнагани чиқардик.
     Ва ниҳоят орзиқиб кутилган кун келди. Эрта тонгда онам тикиб берган кўйлакни кийиб кўчага чиқдим. Тонг ёришмай кўча-ҳовлилар супурилиб, сувлар сепилганидан ёқимли тупроқ иси келарди. Қувониб чопқиллаб ўйнаб юрган болалар сафига қўшилдим. Биздан беш-олти ҳовли нарида яшайдиган тенгдошим Комила кичкина бармоғига қизил ип боғлаб олганди. “Нега бармоғингга ип бойлаб олдинг?” деган саволимга: “Онам янги кўйлак олиб беролмадим, ҳеч бўлмаса бармоғингга янги ип бойлаб олгин, кўйлак кийгандек бўласан, деди”, дея ип боғланган бармоқчасига маъюсгина термилди. Қушлар, балиқчалар расми туширилган ипли матодан тикилган кўйлагимга ҳавас билан қараб турган дугонамга раҳмим келди. Ўша тобда чиройли кўйлак кийиб олганимдан хижолат ҳам бўлдим. 
     Комиланинг дадаси меҳрибон киши эди. Ишдан қайтаётган пайти кўчада ўйнаб юрган болаларга киссасидан сақичми, қурутми бериб, бошини силаб эркалаб қўярди. Хасталик туфайли бевақт оламдан ўтди. Бир куни онам улар ҳақида гапирганда эшитиб қолгандим:
– Ёшгина умри хазон бўлган одамгаям увол, бир этак боласи билан бева қолган аёлга ҳам қийин бўлди. Эрининг топганига қаноат қилиб, далага чиқиб ерга кетмон урмаган жувонгина энди кесакка қоқилиб йиқилсаям, узун сочлари тупроқни супурсаям меҳнат қилиши керак. Қўлимиздан келганича ёрдам бериб, болалари қаторга қўшилгунча маҳалла аҳли корига яраб туришимиз керак, – деганди.
     Ҳайит намозидан қайтаётган бобоси ёки дадасининг бағрига ошиқаётган болалар изидан мунғайиб қараб турган Комиланинг ёнига бориб қўлидан маҳкам тутдим. “Дадам ҳозир қайтади. Иккаламизга ширинлик, ҳайитлик ҳам беради”, дедим ишонч билан. Аммо боласининг қўлидан тутиб уйига етаклаётган одамлар орасида дадам кўринмасди. Ҳамма тарқалди. Дугонам иккимиз йўлга термилганча анча ўтирдик. Шу пайт кўча бошидан дадамнинг қораси кўринди. Иккаламиз тенг югурдик. Бошимизни силаб, бағрига босган дадам қўлидаги халтанинг бирини Комилага тутди. Кейин унга қараб:
– Қизим, бу ширинликларни уйга олиб киринг, очиб қаранг, сизга кўйлакча олдим. Агар лойиқ келмаса, дўкондан алиштириб бераман, – деди. Сўнг менга қараб: “Қизижон, сизга онангиз кўйлак тикиб берди, келаси байрамда худди шунақасидан олиб бераман”, деди. 
     Хурсанд эдим. Дадамнинг қулоғига секингина “Раҳмат, дадажон”, дея пичирладим.

     Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот