Илк танишув


   1974 йил июль ойи - талабаликнинг энг гўзал онларида биз икки дугона ТошДУнинг Роман-Герман тиллари филологияси факультети талабалари ёз фаслида амалиёт ўташ учун йўлланма билан Наманган вилоятининг Чуст шаҳри тоғ бағрида жойлашган пионер лагерига йўл олдик.
   Чуст кичкина сўлим шаҳар экан.
   Бизни Комсомол комитети етакчиси кутиб олиб, лагерга олиб борди.
   Тоғлар билан ўралган, сувлар шарқираб оқиб турган Қирғизистон билан чегарадош Гова қишлоғида жойлашган пионер лагерларидан бирига тарбиячи булиб жойлашдик.
   Тоғ ҳавоси беғубор, гўзал табиат бағрида мазза қилиб ишлаб, ҳордиқ чиқариб юрган кунларимизни бирида бизни йуқлаб оналаримиз келишди.
   Онам келишлари билан мени маҳкам қўлимдан ушлаб: "Бўлди, юр, уйга кетасан, сен қандай қилиб бу тоғларнинг орасида юрибсан? Одамлар қўрқмай, шунақа жойларга ҳам қиз узатармикан-а?!", - деб тоғларга, шарқираб оқаётган сойга қараб хавотир аралаш гапирдилар.
- Йўк, кетолмайман, ҳали ой тугамади. Ойлигимизни олишимиз керак,- дедим.
   Онам: - Неча пул ойлик оласан?, - деб сўрадилар.

- 45 сўм, - десам, онам: - Юр, кетамиз, мен ўзим сенга 50 сўм бераман, - деб туриб олдилар.
   Комсорг киши кула кула: - Хавотир олманг, бизни одамларимиз беғубор, меҳмондўст, мехмонларни хафа қилиб қўймаймиз, - деб онамни овутган бўлди
   Хуллас, оналаримизни аранг кўндириб, улар билан келган жияним ва ўртоғимни укасини ҳам лагерда олиб қолдик...
   Бир ой ўтгач, зўр таассуротлар билан уйга қайтдик.
   Шу зайлда, талабаликнинг 3-босқич даври бошланди.
   Синфдош дугонам Махбуба Тошкент Давлат Театр ва санъат институтида ўқирди ўша вақтлар. Улар институт саҳнасида турли спектакллар қўйишарди.
  Бир куни биз Муборак билан уларнинг институтига бордик. Шунда ўртоғим Муборакка қараб: - Мубор, сени ҳамшаҳаринг билан таништириб қўяйми? - деб сўраб қолди. Институт ошхонасида эдик ўша пайтда. 

- Ҳу ана, кўряпсанми?,- дея  у бўйлари баланд, сочлари елкасига қўнғирокдек ёйилиб тушган чиройли йигитчани қўли билан кўрсатди.
   Биз институт ҳовлисига чиққанимизда у билан саломлашдик. Бу бўйчан, келишган ва чиройли йигитчанинг кўзларига қараб алланечук бўлиб кетдим... Унинг кулиб турувчи, мағрур ва маъсум кўзлари, узун киприклари менга гўё жуда танишдек эди... Худди мен уни узоқ йиллардан бери танийдигандек эдим наздимда. Очиғи, илк маротаба юрагим жиз этди...
   Журъат қилиб, бир-биримизга бирор сўз айтолмадик. Аммо кейинчалик танишиб олиб, қадрдон бўлиб кетганимизда:
- Кўзларингиз менга жуда қадрдон ва танишдек туюлади, - деб уялиб аранг шу сўзларни айтганимда, у кулиб:
- Ҳа,  мени айлантиряпсизми?, - деганида роса жаҳлим чиқиб кетганди...
   Кейинчалик билсам, юрагимга чўғ солган бу йигит, онамнинг юрагига қўрқув солган тоғли, сўлим Чустдан экан... 


Мавлуда Арслонова.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот