Фирибгарликнинг янги усули
Фирибгарликнинг янги усулидан огоҳ бўлинг!
Атиги 30 дақиқа молиявий ҳаётингизни барбод қилиши мумкин.
Бу оддий телефон фирибгарлиги эмас, бу анча хавфлироқ.
Уларга пулингиз, паролингиз ёки ишончингиз керак эмас.
Уларга фақат кўнгилчанлигингиз керак.
Яқинда савдо марказлари, метро бекатлари, бозорлар ва жамоат жойларида янги “ёрдам сўраш ниқобидаги фирибгарлик” пайдо бўлди.
Фирибгарлар, одатда, яхши кийинган ўрта ёки кекса ёшдаги кишилар бўлади. Улар телефондан фойдаланишни билмаслигини, пенсия ёки субсидия миқдорини текшириши кераклигини, ёхуд адашиб бошқа саҳифага кириб кетганини айтиб, сиздан ёрдам сўраши мумкин.
Хавфли томонлари:
Телефонни қўлингизга олганингизда, унда кўпинча видеоқўнғироқ ёки экран ёзуви ва юзни таниш функцияси аллақачон ёқилган бўлади.
Гўшакнинг нариги томонида кимдир сизни кузатиб туради. Сиз ёрдам беряпман деб ўйлайсиз, аслида эса биометрик маълумотларингиз йиғилаётган бўлади.
Бу оддий фирибгарлик эмас. Бу – сунъий интеллект ёрдамидаги биометрик фирибгарликдир.
Уларга пулингиз керак эмас. Уларга сизнинг ўзингиз кераксиз.
Агар сиз телефонга тегинсангиз (бармоқ изи), рақамлар ёки тасдиқлаш кодларини ўқиб берсангиз (овоз) ёхуд телефонда гаплашаётганда ёки ундан фойдаланаётганда экранга қарасангиз (юз ҳаракати), сизнинг учта асосий биометрик маълумотингиз — бармоқ изи, овоз ва юзингиз ўғирланиши мумкин.
Замонавий сунъий интеллект деярли мукаммал бўлган рақамли клонингизни ярата олади.
Ундан кейинги воқеалар эса янада даҳшатли.
Фирибгарлар рақамли клонингиздан онлайн кредит олиш, истеъмол кредитларини расмийлаштириш, кредит маблағларини нақдлаштириш ҳамда юз ва овозни автоматик тарзда тасдиқлаш учун фойдаланишлари мумкин.
30 дақиқа ичида сиз олишингиз мумкин бўлган кредитнинг бутун миқдори ўзлаштирилиши мумкин. Банкдан хабарномалар келгач, сиз пулингиз йўқолмаганини, аксинча, қарзга ботганингизни англаб етасиз.
Қуйидаги 3 та қоидани ёдда тутинг:
Нотаниш одамларга телефондан фойдаланишда ҳеч қачон ёрдам берманг. Улар "бор-йўғи бир марта боссангиз бўлди" дейишса ҳам, ҳеч нарсага тегманг, босманг, кўрманг ва овоз чиқариб ўқиманг.
Номаълум видеоқўнғироқлар: қўнғироқни дарҳол ўчиринг. Камерага қараб, гапиришни сўрашса, ҳеч қачон рози бўлманг.
Ушбу хабарни кексалар, болалар ва кўнгли очиқ дўстларингиз билан бўлишинг. Ҳозирда фирибгарлар айнан яхши одамларни нишонга олмоқда.
Охирги эслатма:
Ҳеч қачон "Менинг омадим келади" ёки "Мен фирибгарлар тузоғига тушмайдиган даражада ақллиман" деб ўйламанг.
Фирибгарлар айнан мана шу ишончингиз ва кўнгилчанлигингиздан фойдаланади.
Интернет хабарлари асосида Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.