АМФИБИЯ – КУЁВ
АМФИБИЯ – КУЁВ (Воқеий ҳикоя)
Ҳаётимда бир қизиқ воқеа рўй берган. 90-йилларда биз қизлар етуклик остонасига қадам қўйиб, анча кўзга кўриниб қолган пайт.
Кунлардан бир кун тоғамнинг қизлари билан Хумсон тоғлари этагида яшовчи холамизникига меҳмонга бордик.
Чор-атроф тоғ, айниқса, Угам дарёсининг шарқираб оқиши бирам оромбахшки...Бу ернинг дарахтларни шовуллатиб куйлатгувчи шамолларини айтмайсизми?! Баҳри-дилинг яшнаб кетади. Тоққа чиқсанг, осмон билан юзлашгандай бўласан. Тоғларга булутларнинг сояси тушиб туради ва бу ер осмон билан заминни туташтирган илоҳий бир водийга ўхшаб туюлади. Балки шундандир, тоғма-тоғ юришни яхши кўраман...
Тоғамнинг қизлари Зумраднинг юришга тоби йўқроқ. Вақти бўлса, ётиб китоб ўқийди, овқат қилади. Жуда борса, ҳовлига сув сепиб, супуриб ҳам қўяди. Шу холос...
– Намунча тоғ-тоғ деяверасан. Шу ерга ўхшаган ер-да! – дейди у. – Нима фарқи бор.
Бир-икки кун унинг атрофида тумшайиб юрдим, овқатга қарашдим. Қаранг, шунча йўлдан уйда қамалиб ўтиришга келган эканман. Зумраднинг парвойи фалак. «Бозор дунё» деган китобни обкелволган. Қарангки, унда бир бефарзанд аёл ўз эрини бошқа аёлга уйлантириб қўяр экан... Шу ҳам мавзуми энди?!
– Аввал эрга тегиб ол, кейин ўқийсан шунақа китобларни!- дедим мен унга танбеҳ бериб. У пинагини ҳам бузмади. Овқатга китоб ўқий туриб пиёз тўғради. Йиғлаяптими, кўзини пиёз ачитдими, билолмайсиз.
Бир куни ҳовлидаги кароватда юлдузларга тикилиб ётгандик, у сўраб қолди:
– Ёқтирганинг борми? Нигор? Айт...
Мен бир фурсат жим қолдим. Кейин:
– Йўғ-а. – дедим кулиб.
–Алдама? Бунақа бўлиши мумкин эмас. Ҳамма кимнидир барибир, ёқтиради.
–Э, ёқтирганлар куйиб қоляпти-ку! – дедим мен саркашлик билан. – Мен бунинг зўр йўлини топганман. Масалан, бирон машҳур киноюлдузини яхши кўриб қоласан-да, ўшанинг хаёли билан юраверасан. Севганим алдаб кетди, деб обидийда қилиб ўтирмайсан. Масалан, Шоҳруҳхонни севиб қолиш мумкин-ку!?
– Жиннимисан? Сен қиз ҳеч катта бўлмадинг-да! – деди мени изза қилиб. – Қолаверса, Шоҳруҳхон менга ёқмайди. У қоп-қора-ку! Бунинг устига қариб ҳам қолди.
– Биласанми, мен кимни яхши кўраман?! Амфибия-одамни! Шу ролни ўйнаган актёр йигит жудаям чиройли-а! Кўзларига қарасам, этларим жимирлашиб кетади.
Аввалига Зумраднинг энсаси қотди. «Амфибия»ни яхши кўришдан олдин бир ойнага қараб олсанг бўларди, дегандай менга қирғий қараш қилиб қўйди. Кейин жиддий қиёфада давом этди.
– Лекин... у ҳаётда йўқ одам-ку, аллақачон ўлиб кетган. Эшитишимча,съёмка майдонида, бир қийин машқни бажараётиб ўлган экан.
– Биламан, лекин барибир... унинг оқкўнгиллиги ҳам ёқади-да!
– Вой, хаёлпараст-ей!
Мен ҳадеб «тоққа чиқайлик» деб минғирлайверганим учун холам:
– Эртага Қизбулоққа бориб келинглар. Ҳасанга айтсанглар, йўлни кўрсатади, - дедилар.
Тонг саҳарда сафарга отландик. Зумрад ҳам китобидан ажралишига тўғри келди. Унинг учун бу бир «фожеа» эди, албатта.
Эрта тонг, ҳаво топ-тоза, ўпкангни тўлдириб-тўлдириб нафас олгинг келади. Табиат сокинлигини фақат энди уйғонаётган қушларнинг чули-чулиси-ю, сойнинг шовуллаши бузади.
Сойнинг тош қирғоқлари, сочларини сув узра ёйиб турган мажнунтоллару, бир-бирига чирмашиб, тошларгача тирмашиб ўсган ям-яшил гиёҳларни кўрган одам ўзини эртаклар оламига тушиб қолгандай ҳис қилади. Шу афсонавий гўша оралаб анча юрдик. Қарангки, торгина сойнинг одамни бўй баробар кўмадиган жойлари бор экан. Сув шу қадар тиниқки, ҳатто унинг тубидаги майда-чуйда тошларгача кўзга ташланади.
Анча юриб, хориб-чарчаб, булоқ бошига етиб бордик. Булоқнинг тепасидаги дарахтга одамлар латта боғлаб ташлашибди. Дарахт худди ўйинчоқлар илинган арчага ўхшаб қолган. Шу туришда у ғалати, сирли туюларди. Гарчи буни баъзилар куфрга йўйишса-да, нияти ижобат бўлишини истаган содда кишилар бунга паққос ишониб, дарахтга латта боғлашдан тийилолмаганлар, шекилли-да.
– Бу булоқ сирли булоқ, – деди Ҳасан бизга шўхчан назар ташлаб.- Уч йил олдин Наргиза опам шуерга келиб, дарахтга латта боғлаганлар. Тўйлари бўлиб кетди. Ундан кейин Зулфия опам, шу ерга келганларидан кейин, 23 ёшларида турмушга чиқдилар.
– Муборак опам-чи, улар бултур келган эдилар! – Зумрад иккаламиз шарақлаб кулиб юбордик. – Уларни ҳам узатиб юбордик-ку!
– Қани унда,олға! – деди Ҳасан ҳазил аралаш. – Сизлар ҳам боғланглар. Зора поччалик бўлиб қолсак...
Зумрад Ҳасанни қувлаб қолди.
Мен булоқ сувидан қониб-қониб ичдим-да, дастрўмолчамни олиб, дарахтга боғладим. Ҳасан кулиб гап отди:
– Қаттиқроқ боғланг, Нигора опа, бахтингиз қочиб кетмасин!
Ҳазил тариқасида икки қайта чандиб боғладим.
– Вой-бўй, морской узел бўп кетди-ку! – деди ғашимга тегиб.
– Ким бўлсаям, қочиб-қутулиб бўпти! – дедим мен ҳам бўш келмай.
– Қийин масала! – бош чайқади Зумрад жиддийлик билан. – Бунга... амфибия-куёвни қаттан топамиз!
– Амфибия куёв? – ҳайрон бўлди Ҳасан. – Нима... поччамиз ғаввос бўлиши керакми? Вой, баёв... бунақа буюртмани эшитмагандим.
– Эшитмайсан ҳам! – деди Зумрад ўзи ҳам латта олиб боғларкан. – Бу ўзи шунақа қиз, ягона нусхада яратилган!
– Зумрад опа, бир марта боғладингиз-ку, ечилиб кетади, -унга танбеҳ берди Ҳасан.
– Менга шу ҳам бўлаверади. Биз оддий одаммиз, - жавоб қилди Зумрад кулиб.
Шу куни уйга қайтгунча, «амфибия куёв»ни гапиравериб мени роса изза қилишди. Зумрадга сиримни айтганимга пушаймонлар едим.
– Энди... Нигора опа, манави Чорвоқ сув ҳавзасида, бир-иккита ғаввос акаларимиз бор. Бир куни чўмилгани борсак, биронтасини кўз остига олиб қўярсиз-да, - деди Ҳасан уйга яқинлашиб қолганимизда.
Мен яна уни олдимга солиб қувдим. У ҳахолаб кулганча қочди. Кечқурун ётар чоғи Зумрадни ҳам яниб қўйдим.
– Ҳасаннинг олдида нимага «амфибия»ни айтдинг. Мен сенга ишониб сиримни очсам... уялмаган! Энди ҳеч нима айтмайман, сенга.
Зумрадга араз қилиб ухлаб қолибман. Шунда бир ғалати туш кўрдим. Тоғ йўлида адашиб қолганмишман. Айланиб-айланиб, нуқул латта боғланган жойдан чиқармишман. Қарасам, ўша ерда баланд бўйли бир йигит турганмиш. Яхшироқ тикилдиму, амфибия-одамни таниб, юрагим шув этиб кетди. «Ўхшаркан, жудаям ўхшар экан». Кўзлари катта-катта мовий, қора қалин қошлари унинг кўзларини яна-да сирли, ёқимли қилиб кўрсатади. Менга меҳр билан тикилганча:
– Нигора, адашиб қолганга ўхшайсиз, юринг йўлни кўрсатиб юбораман, - деди у.
Индамай унга эргашдим. Бошқа иложим ҳам йўқ эди-да! Йигит жилмайганича бир нималарни сўзлаб борди. Кейин қўлида кулча пайдо бўлиб қолди. Йигит уни иккига бўлиб, бир бўлагини менга узатди.
– Олинг Нигора, қорнингиз ҳам очиб кетгандир! – деди у мовий кўзлари ила менга меҳрли боқиб. Йигитнинг қўлидан нонни олишим билан у ғойиб бўлди. Кўрган тушимдан сарҳуш бўлиб уйғондим. Наҳот, бу тақдирим белгиси бўлса?! Ундай десам, халқимизда «тенг тенгги билан» деган гап бор. Унақа йигитлар менга қиё ҳам боқмаса керак?! Зумрад билан Ҳасан бекорга устимдан кулишмади-да! Шу сабабми, кўрган тушимни ҳеч кимга айтмадим. Туш-туш-да, барибир. Тушга нималар кирмайди, дейсиз. Аммо шу туш миямда муҳрланиб қолганди. Уни эсласам юрагимда ёқимли бир ҳислар уйғонарди. Бироқ, афсуски, тақдиримда ҳеч бир ўзгариш бўлмади.Дугоналарим бирин-кетин турмушга чиқиб кетишди. Ҳатто тоғамнинг қизлари Зумрадни ҳам унаштириб қўйишди.
Бугунгидай баҳор кезлари... Зумраднинг курсдошлари йиғилиб, сумалак қиладиган бўлишибди. Шунга тоғам:
– Унаштирилган қизга сумалакда бало борми?! – дебдилар койиб. Зумрад эса роса йиғлабди.
– Охирги марта, юборинг, дадажон! Турмушга чиқсам, кейин бундай имконият бўладими-йўқми?! – дебди.
Шундан кейин тоғам, «агар Нигора ҳам бирга борса, майли» деб рухсат берибдилар.
Очиғини айтсам, бегона кишилар орасида ўзимни эркин ҳис қилолмайман. Агар Зумрад ялинмаганида икки дунёда ҳам бегона талабалар билан сумалак пиширишга бормаган бўлардим.
Сумалак тайёрланаётган ётоқхонага кириб борганимизда байрам бўлиб кетди. Улар Зумрадни келмайди, деб ўйлашган шекилли-да... Унинг гуруҳдагилари очиқкўнгил, қувноқ йигит-қизлар экан. Мени бегонасирашга қўйишмади, ҳам. Бирпасда қизларга қўшилиб, иноқлашиб кетдим.
– Ана, Ихтиёр, машинада ўтин олиб келди! – уни қарсагу қийқириқлар билан кутиб олишди. Ўтин муаммо бўлиб турган экан. Ўша Ихтиёр деган йигит эски Москвичнинг томига ўтин юклаб келибди. У машинадан чаққон тушиб, ўтинларни туширди. Кейин менга зимдан қараб қўйди. Киприклари узун-узун, қора қош... у менга кимнидир эслатди. Уялганим, бу гуруҳга меҳмон бўлганим боис унга ботинибгина қарай олмадим. Унинг бу қарашида юракни зириллатадиган бир олов бор эди...
Бир томонда йигит-қиз қозон ковлашар, бошқа томонда ёшларбоп мусиқа янграр, ўйин-кулги бўлаётганди. Мен эсам меҳмонлик одобини сақлаб, бир чеккада жимгина ўтирардим. Шу пайт ўша Ихтиёр деган йигит мен томонга қараб келаётганини кўриб қолдим. Юрагим шув этиб кетди. Йўлда Шодия исмли шаддодгина, лаб буришлари ўзига ярашган бир қиз уни тўхтатди. Ўйинга тортди, шекилли. Аммо Ихтиёр унамади. Менга сирли тикилганча келаверди. Шундагина уни кимга ўхшатаётганимни эсладим. Ахир у амфибия-одамнинг ўзгинаси экан-ку? Боя яхшилаб қарай олмагандим. Қора қош, чўзинчоқ юзли, фақат кўзлари мовий эмас. Амоо ўша актёрнинг ўзбекона нусхаси деса бўлар... Шунчалик ҳам ўхшашлик бўладими?! Тушимда кўрган одамни ўнгимда кўриб шошиб қолдим. Юрагим қинидан чиққудай ура бошлади. Ўлай, агар кўзларининг бир жодуси бор...
Унинг мен томон келаётганини кўриб, баттар уялдим. Қаёққа яширинишни билмайман. «Нега, нега энди мен?! Кўнглимни аллабир ғашлик эгаллади. Балки мени эрмак қилмоқчидир? Баъзи йигитлар «коллекциясини» турли кўринишдаги, турли тоифага мансуб қизлар гулдастаси билан «безатишни» ёқтиришади. Балки... унинг «альбомига» ёпиштириладиган навбатдаги «маркадирман». У ёнимга келиб индамайгина ўтирди.
– Шундоғ гуруҳдошимиз бор экан-ку, билмас эканмиз! – деди у қувлик билан. Мен довдираб қолдим. Кесатяпти, шекилли деб ўйладим аввалига.
– Мен... ТошМида ўқийман. Зумрад билан бирга келувдим,-дедим айбдор кишидай.
– У... билан қариндошмиз...
– Шунақа денг, – деди у менга қизиқсиниб қараб. – Ўхшамас экансизлар, – Бу билан у нима демоқчи эканини тушунолмадим. Бундан сал кўнглим ўксиди.
– Қарасам, бир ўзингиз зерикиб ўтирибсиз. Юринг, рақс тушамиз. Баҳонада исиниб оласиз, – деди у кулиб. Мен бош чайқадим.
– Жуда уятчанг экансиз. Одам деган бунақа бўлмайди-да! Ана, қизларни кўринг...
Мен индамадим. «Тезроқ кета қолса-чи?! - деб ўйладим ичимда. – Ўлай агар, шу вақтгача бирон йигит мени гапга сололган бўлса!
– Ҳмм, – кулди у. – Сукут аломати ризо! – у қўлимдан тортиб турғазди ва ўртага олиб чиқди.
Ғалати бўлиб кетдим. Кафтларимда қўлларининг тафти қолди. Нимадир, қандайдир тушунарсиз бир туйғу мени қамраб олаётганди, домига тортаётганди. Мен эса ўша «ниманидир» писанд этмасликка уринардим. Лекин, бу менга боғлиқ эмасди. Ҳа, ёмон томони ҳам шу эди. Назаримда, кинолента секинлашгандай, мен бўлаётган воқеаларга даҳлсиз қолгандай эдим. Фақат у, фақат унинг сиймоси миямда муҳрланиб қолганди...
Биз Зумрад билан эртароқ кетдик. Шу билан бир кунлик муҳаббатим ҳам якун топди-ёв?!
Ёз келди, Зумраднинг тўйи ҳам бўлди. Ихтиёр бизни кузатаётиб, телефон қиламан, деган эди.Аммо... сассиз-садосиз ғойиб бўлди. Ҳа,албатта, кўрганим бир туш эди. Бироқ тушимдаги йигитни ўнгимда кўрганим хўп ажойиб бўлди-да!
Кунлардан бир кун ишдан қайтсам, меҳмон уйда дастурхон безатилган, онам хурсандлар.
–Тинчликми? – сўрадим ҳайрон бўлиб.
– Совчилар келишди! – дедилар онам бу янгиликни ичларига сиғдиролмай.
– Миллийда ўқиган экан. Кеннойинг айттириб юборибди. Қайсидир видеода бормиш. Куёвни кўрасизлар, деди.
Мен, онам, синглим ҳам бизга эргашди. «Поччамни мен ҳам кўрволай» дейди. Хуллас, ҳаммамиз йўлга чиқдик. Қарангки, шу куни Зумрад ҳам меҳмон бўлиб келган экан. Қучоқлашиб кўриша кетдик. Улар ниманидир биладигандай туюлди, менга. Мен томонга шўхчан қараб қўяётган бўлсалар-да, ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти. Давлат сиридай сир сақлашяпти.
– Зумрад, видеони олиб чиқ! – дедилар кеннойим.
Дугонам югурганча хонага кириб кетди. Видеони қўйдик-да, ўрнашиб ўтириб олдик. Ким экан у, сирли қаҳрамон, дея юрагим пўкиллаяпти, денг.
Шу вақт, телевизорда қозонда биқирлаб қайнаётган сумалак намоён бўлди. Мен ҳеч нарсага тушунмай Зумрадга қараб қўйдим. У жим, кўзини экрандан узмаётганди. Сумалакнинг куёвга нима алоқаси бор экан, деб ўйладим, аввалига. Кейин... Қарасам, биз Ихтиёр билан рақс тушяпмиз... Шуни ҳам суратга олишган экан-да. Уялганимдан қип-қизариб кетдим. Зимдан онамга қараб қўйдим. Шу пайт Зумрад:
– Ана, ана куёв! – деб бақириб юборса бўладими?!
У қўли билан Ихтиёрни кўрсатаётганди. Мен қотиб қолдим. Шунда ҳам, ҳаяжонланганимдан Зумраднинг деганларини англай олмадим. Қанақасига у куёв бўлади? Ахир... бу Ихтиёр-ку, Ихтиандр... Боз устига, ёз бўйи қаёққадир гум бўлди. Менинг хаёлларимдан, ичимдаги талотўплардан мутлақо бехабар бир аҳволда кеннойим гап қотдилар:
– Ҳа, шайтон қиз, бош-кўзини айлантириб олган экансан-да, а?! – ҳаммалари шарақлаб кулиб юборишди. Уялганимдан бошқа хонага қочиб чиқдим. Ортимдан Зумрад кирди.
– Амфибия-куёв,муборак бўлсин! – деди у мени қучоқлаб.
У Ихтиёрнинг йўқ бўлиб кетганини бир нималар деб тушунтирди. Иморат солибдимиш, мардикорга чиқиб, пул йиғибдимиш... Лекин булар менинг қулоғимга кирармиди?!
Кўз ўнгимда Хумсондаги ўша сирли гўша намоён бўлди.
Булоқ бошида арчадай безатилган, одамлар оқ орзуларини, оқ латталар ила боғлаб, Худодан унинг ижобатини тилаган ўша орзу дарахти сирли, маҳобатли чайқалади. Булоқ бошида турган қора қош йигит, менга ўгирилиб қарайди-да, нон синдириб, унинг ярмини менга узатади. Бахтимнинг бўлагини...
Нигина НИЁЗ