ТУПРОҚ КЎЧАЛАРДА УЛҒАЙГАН МЕҲР


  Ҳар сўзию ҳар амалидан эзгулик ва яхшилик нурлари таралиб турган, табиатида ҳақиқий шарқона ибо ва ҳаёни жам қилган ажойиб ижодкор, истеъдодли шоира Шарифа Салимованинг болалик хотираларини ўқир экансиз, беихтиёр ўша беғубор онларга қайтгандек бўласиз. Шарифа опанинг ҳаёт йўллари билан танишиш кўпчилик шеърият мухлисларининг кўнглидаги истак эди.  Мана шундай таклифларни инобатга олган ҳолда қатор ҳикоя ва публицистик мақолалари, шунингдек болалар адабиёти учун салмоқли ижод қилаётган устоз журналист Муҳаббат Ҳамидова Шарифа опа билан ажойиб суҳбат тайёрладилар. Кўнглимизга, дилимизга яқин икки самимий ижодкорнинг қизғин суҳбатини ўқир экансиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. 

ТУПРОҚ КЎЧАЛАРДА УЛҒАЙГАН МЕҲР

  Таниқли ўзбек шоираси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа САЛИМОВА 1951 йил 30-декабрда Тошкент вилоятининг  хушманзара Паркент туманида туғилган. 
  Шарифа опанинг “Ҳаёт завқи”, “Менинг баҳорим”, “Хизр булоғи”, “Тонгга қасам”, “Ватан суврати” китоблари шеърият мухлислари, адабиёт ихлосмандларининг севимли асарлари қаторидан жой олган. Шоиранинг “Ҳайвонот оламига саёҳат” китоби болалар учун ажойиб туҳфа бўлди.  Куни кеча  Ўзбекистон  Ёзувчилар уюшмасида  шоиранинг “Ўзбекистон” НМИУ да чоп этилган “Бедор тун томчилари” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Биз янги китоб билан қутлаш мақсадида опани йўқлаб бордик. “Гулхан” журналидан келганимизни эшитиб беихтиёр беғубор болалик чоғларига қайтгандек бўлдилар. Болаликнинг бу гўзал хотираларидан сизни ҳам  хабардор қилгимиз келди.

ОҚИЗОҚ ЎЙНАГАН ОЛМАЛАР

   Биз оилада олти фарзанд – беш қиз ва бир ўғил бўлганмиз. Мен кенжа қиз эдим. Дунёни англаб кўрган биринчи гўзаллигим – онам бўлган. Онам офтоб чеҳра, узун, қоп-қора сочли, ҳамиша майин кулиб турадиган аёл эди.  Исмлари жисмларига мос Меҳринисо онажоним одамларга чиндан меҳрли эдилар. Эсимни  таниганимдан буён бирортамизни койиганларини эслолмайман.
  Биз кунлар илиши билан қишки қўрғонимиздан саҳнида турли мевали дарахтлар ўсадиган, каттакон лойсувоқ қилинган супали боғ ҳовлимизга кўчардик. У ердан  қирғоқларида хушбўй ялпиз, турли гиёҳлар барқ уриб ётган ариқча қўшни ҳовлиларга оқиб ўтарди. Биз кечаси супага қатор жой солиб ётар,  юлдузларга термулиб суҳбатлашардик.  Ариқчанинг майин куйига мафтунликданми ёки  кун бўйи шохларга осилиб чарчаганиданми чиройли қирмизи, оқ олмалар тунда сувга калла ташлашарди. Олмаларнинг маслаҳатлашиб олгандай бирин-кетин сувга  шўнғиганини эшитиб кўз олдимда оқизоқ ўйнашаётган олмалар пайдо бўлар, ана шундай ёқимли таассуротлар оғушида  ухлаб қолардим.
  Азонда кўз очганимда онам ўчоқбошидаги махсус  ўчоқда чой қайнатаётган (бизда кирга сув иситиш, нон ёпиш, овқат қилиш учун алоҳида-алоҳида ўчоқ) бўларди.
Уларнинг усти текис қилиб сувоқ қилингани учун онам нон ёпиб бўлиши биланоқ ўчоқ устида бемалол югуриб ўйнайверардик. Лойсувоқли томларимиз ёнида зиналар бўларди. Биз ўша зиналардан томга чиқиб олиб атрофни, тоғларни томоша қилардик. Тоғ чўққиларида  гоҳ туя, гоҳ пахта уюмига ўхшаб сузиб юрган булутларни соатлаб томоша қилардик. Улар биз учун бир мўъжиза эди.
  Боғ ҳовлимиз Бўрсилиқда жойлашган эди. Бўрсилиқ кўчаларидаги тупроқлар кўпчиб, бўрсиллаб ётарди. Айни саратон пайтларида онам бошимизга оқ рўмол ёпиб, энди бир тупроқ кечиб келинглар-чи, деб чиқариб юборардилар. Оёқларимиз қайноқ тупроқда жаз-жаз қилиб куяр, биз “вой-вой”лаб ирғишлардик. Кейинчалик бу тупроқ кечишларнинг сабабини англадим. Саратон қуёшидан қизиган тупроқ оёқлардаги касалликларни даволар экан. Ҳамқишлоқларимизнинг бирортаси оёқ оғриғи, бодга чалинмаслиги сабабини шунда сезганман.

БИР ЭЛАК АНЖИР

  Салимбой бувам жуда моҳир соҳибкор эди. Улар етиштирган узумларга  ҳамманинг ҳаваси келарди. Чунки ҳар бир узум боши челакдай-челакдай бўларди-да. Бувам баланд бўйли, бароқ қошли, очиқ юзли киши эди. Мени доим эркалаб, қўлимдан етаклаганча токзорларга олиб борар, узум навлари билан таништирардилар. Эҳ-ҳе, бу ердаги оқ чиллаки, қизил чиллаки, ҳасайни, чарослар ҳосилидан кўз қамашиб кетарди. Мени ҳаммасидан ҳам соҳиби узум ҳайратга соларди. Ранги худди анор доналарини эслатадиган бу узум шу қадар шаффоф эдики, ичидаги уруғларини бемалол санаб чиқардим. Бошқа ҳеч кимнинг токзорида  бунақа узум йўқ эди. Лекин мен соҳибини эмас, майда чаросни шингиллаб оғзимга солишни хуш кўрар, нонуштага ҳам иложи бўлса ўша чаросдан тортилишини хоҳлардим. Отам болаларини меҳнаткаш қилиб тарбияларди. Ҳатто нонушта тайёрлашда ҳам ҳаммамиз бирдай иштирок этишимиз шарт эди. Азонда биргалашиб узум узишга борардик. Ота-онамиз қайчи билан узум бошларини авайлаб кесиб, челакчаларимизга жойлаб беришарди. Биз уларни супага – аввалдан ёйиб қўйилган ток барглари устига авайлаб тахлардик. 
  Боғимизда танаси одам қулочидек келадиган анжирлар бор эди. Анжир шохлари нозик бўлади. Озғин, эпчил бўлганим учун отам дарахтга чиқиб анжир теришни фақат менга топширарди. Ўзлари қўлимга элак тутқазиб шохдан шохга кўтарилишимни кузатиб турардилар. Мен  шираси қобиғидан қайнаб чиқиб турган сап-сариқ анжирларни авайлаб элакка терардим. Муздай сувда чайиб дастурхонга олиб борардим. Дунёда онам ёпган иссиқ нон билан ейиладиган анжир-узумлар мазасидай маза йўқ эди биз учун.

ҚАЛАМИМНИ ТОПИБ БЕРИНГ

  Қандайдир байрам арафасимиди билмадим, онам эгнимга атлас кўйлакча тикиб кийдирдилар. Бошимда духоба дўппи, оёғимда яп-янги калиш, эгнимда нимча. Яшнаб турганимни кўриб акам мени айлантириб келмоқчи бўлдилар. Кўрган нарсамни чизишга  одатланганим учун кичкинагина қаламчамни чўнтагимга солиб олдим. Акамнинг қўлидан маҳкам ушлаб дарвозадан чиқдик. Дарвозамиздан йигирма қадам нарида каттакон анҳор оқади. Анҳор устига тегирмон қурилган. Биз тегирмон новидан сакраб ўтишимиз керак экан. Айни шу дамда мен акамнинг қўлини қўйиб юборибман. Нима бўлганини англамасимдан сувга тушиб кетдим. Оқим мени шу қадар тез олиб кетдики, акам сезмай ҳам қолди. Бироқ, биласизми, тегирмоннинг бир одати бор. Агар кимдир сувга тушиб кетса  худди одамга ўхшаб нола билан ўкиради. Ана шу овоз акамни ҳушёр торттирган. Оқим тегирмон паррагига бориб шундай урилдики, паррак мени қайтиб оқимга улоқтирди. Мен бир шўнғиб, бир сув юзасига чиқиб боряпман,  икки қадам нарида дўппим оқиб кетяпти. Шу пайт акам югуриб келиб ўзини сувга отди. Мени маҳкам бағрига босиб, қирғоққа олиб чиқди. Бошимни пастга қилиб силкиди. Ичимдан бир челакча сув тўкилди. Ерда бироз ётгач аста кўзимни очсам атрофим тўла одам. Тепамда онам йиғлаб турибди. Шошилиб нимчамнинг киссасига қўл тиқдим. Қаламимни тополмадим. “Қаламим оқиб кетибди, топиб беринг”, деб чунонам йиғладимки...
  На янги дўппи, на янги калиш, на атлас кўйлакка эмас, яримта қаламга бунчалик ачинганимни кўрган онам нима дейишни билмай бағрига босди, сочимни силади.

КИМНИНГ ХАТИ ЧИРОЙЛИ

  Ҳали олти ёшга тўлмасимдан ўқиш, ёзишни билиб олгандим. Чунки ака-опаларим саводимни чиқариб улгуришганди. Мен Бўривой амакининг бостирмасига жойлашган мактабга ўқишга бордим. Бостирма кичик-кичик хоналардан иборат эди.  Каттакон, қоп-қора парталар орасида биз болалар кўринмай  ҳам қолардик. Қишда, қорли кунларда синф жуда совиб кетарди. Шунда Усмон домла бизни ташқарига чиқариб қўярди-да, хона ўртасида мунғайибгина турган печкага қоғоз, хас-хашак ёқиб синфни иситишга уринарди. Илиқ хонага кирганимизда парталаримиз томдан ўтган чаккалардан ҳўл бўлган бўларди. Биз сувни қўлимиз билан сидириб олардик. Шу шароитда ҳам ҳаммамиз яхши ўқирдик. Мен синфбоши эдим. Мактабдаги ўқувчилар орасида энг чиройли ёзадигани ҳам мен эдим. 4-синфдалигимда Ҳуснихат дафтарим кўргазмалар доскасига қўйилган. 
  Аълочи бўлганим учун Усмон домла янги йил арафасида менга “Зоя ва Шура қиссаси” номли китоб совға қилганлар.
  Оилавий китобхон эдик. Китобга меҳримиз бўлакча эди. Ўн бир ёшимда акам севиб ўқийдиган Макаренконинг “Педагогик поэма” асарини эринмай ўқиб чиққанман. Навоий ғазалларини ёдлаганман. Ардоқли шоирамиз Зулфия хонимнинг китобчаси эса қўлимдан тушмасди.

ҚИЗИЛ ТУЛКИ

  Акам Хожикўл деган жойдан деҳқончилик қилиш учун ер олганди. У ерга қовун-тарвуз, сабзавотлар экардик. Поёнсиз қирлар орасига мўъжазгина чайла қургандилар. Катталар далада ишлар, мен олти ойлик жияним Муҳаббатга қараб ўтирардим. Жияним ухлаётгани учун катталар ёнига бордим. Акам, чайлага қайт, бола ёлғиз қолмасин, деди. Тор сўқмоқда югуриб борарканман қулоғимга йиғи товуши эшитилди. Товуш чиқармай чайлага кирдим. Қарасам, жияним ётган жойида оёқчаларини типирчилатиб йиғлаяпти, бошида қоп-қора заҳарли илон турибди. Мен нафасимни ичимга ютиб орқага тисландим. Ташқарига чиқиб акамга тезроқ келинг, дегандай қўл силкитдим. Акам дарров етиб келди-да, илонни  қалпоқ билан шаппа бошидан ушлаб олиб кетди. Агар ўшанда мен бақириб илонни чўчитиб юборганимда, ким билади қандай ёмон воқеа юз берарди...
  Эртасига кечки пайт мен ота-онам билан уйга қайтдим. Уч қир наридан кўриниб турган офтоб нурларини йиғишга киришган. Шу пайт олдимиздаги қирда ҳам қип-қизил, юм-юмалоқ “қуёш” кўринди. “Ё қудратингдан, онаси қара, тулки, табиатнинг ноёб жонивори – қизил тулки”, деди отам завқ билан. Тулки думини кўз-кўз қилиб таманно билан йўрғалади. Кейин ҳайратимизни сезгандек тўхтади. Биз беихтиёр қадам ташладик. Тулки ўша алфозда  одимлар, кейин қалайсизлар, дегандек ортига қарарди. Унинг момиқ мўйнаси қуёшда шундай ажиб товланардики, кўз узгинг келмасди. У бизни сеҳрлаганча қир ортига ўтиб кўздан ғойиб бўлди. Мен ҳалигача ўша қизил тулкини тушларимда кўраман.

МАЙИЗАК

  6-синфда ўқирдим. Қиш бўлгани учунми рўзғоримиз анча тортилиб қолган. Майизларни ҳам, сабзавотларни ҳам сотиб бўлганмиз. Эртаги кун дастурхонга нима тортиш ташвиши босган онам менга юзланиб:
– Қизим, озгина майизак бор, шуни бозорга олиб тушгин, ҳарна ризқ бўлади, – дедилар. 
  Мен умуман савдони билмайман. Лекин онамнинг кўзидаги умидни сўндирмаслик учун рози бўлдим. 
  Эртасига майизакни бозорга олиб чиқдим. Бозор расталарида шунақанги чиройли майизлар бор эди-ки... мен ичкарига киришга ҳам журъат этмай бир чеккадан жой танладим. Халтани ерга қўйиб оғзини очдим. Харидорлар халтага қарайди-ю ҳеч нарса демай ўтиб кетади. Юрагим хавотирдан така-пука. Сотолмасам нима қиламан! Ниҳоят бир ёшроқ киши ўғлини етаклаб келиб олдимда тўхтади. Бир менга, бир майизакка қаради. Расталарга кўз ташлагач,  нархини сўради.
  Мен аслида нарх-навони билмасдим, лекин онамни хурсанд қилиш учун  ўйлаб ўтирмасдан  шартта, бир сўм, дедим. Ўша пайтда бир сўм катта пул бўлиб, энг сара майизлар ҳам бунча қиммат сотилмасди. 
  У киши бироз  ўйланиб турди-да, “Қани, қизим, майизингни ҳаммасини  торт-чи”, – деди. Тепа растадан бизга ҳайрон қараб турган киши бу савдодан ҳанг-манг бўлиб қолди. Лекин майизни тарозиси-да тортиб берди. Майизак нақ ўн икки кило чиқди... Қўлимда пулни ғижимлаганча югуриб кетяпман: Қани шу топда қанотим бўлса-ю, бир дақиқада онамнинг ёнига учиб бориб хурсанд қилсам. Онам мени дарвоза олдида кутиб турган экан. Юзимга хавотир билан қаради-да, болам, сени ҳам қийнаб қўйдим-а, майизимиз яхши эмасди-да, биров сўрамагандир ҳам, – деди  секингина.
– Онажон, майизакни  сотдим, – дедим жил­майиб.
– Йўғ-э, сотдингми, қанчага сотдинг? – онамнинг кўзлари қувончдан чақнаб кетди.
– Ўн икки сўмга. Ҳаммасини бир киши сотиб олди.
– Ҳа болам, яхши одамлар кўп дунёда, барака топсин.
Эртаси куни  онам билан  бозорга бориб рўзғор учун керакли нарсаларни харид қилдик. Онам бир неча кун  рўзғор ташвишидан хотиржам бўлди.

АДАБИЁТГА ШАЙДОЛИК

  Туғилиб ўсган қишлоғимнинг бетакрор табиати, оқибатли одамлари меҳри, ўқиган китобларим мени адабиётга, шеъриятга ошно қилиб қўйди. Илк маротаба 4-синфда ўқиётганимда дугонамга атаб тўртлик ёзган бўлсам, 6-синфда “Қуёш” деган иккинчи шеъримни ёздим:
Қуёш иссиқ нур сочади яйратиб танни,
Лола гулга тўлдиради гўзал Ватанни.
Ўсимликлар ором олар қуёш нуридан,
Ҳатто ер ҳам ҳансирайди иссиқ зўридан... 
  Аслида мен ҳар куни шеър ёзардим, бироқ уни ҳеч кимга кўрсатмасдим. Шеър ёзишимни адабиёт муаллимимиз тасодифан сезиб қолиб туман газетасида эълон қилиб юборган. Бу шеър туфайли қишлоқда машҳур бўлиб қолганман. Устоз 9-синфда  эркин мавзуда ёзган “Қоя қилар ҳикоя” номли достонимни овоз чиқариб ўқиб бергач, мана, орамизда истеъдодли шоира камолга етяпти, она қизим, сиз қаламга ошно тутинибсиз, тузуккина шоира бўлиб қолибсиз-ку, – дедилар мамнун жилмайиб. Бу устозимнинг менга тилаган оқ йўли бўлди. Қаламга ошнолик мени не-не улуғ ижодкорлар даврасига олиб кирди. Шоираи замон Зулфия хоним, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиевадек устозлар дуосига мушарраф қилди. Шубҳасиз, бу муваффақиятларим замирида Усмон ака, Қамбарали ака, Шафқатилла ака, Номоз ака, Нуриддин ака, Соливой ака, Ўринбой ака сингари булоқ сувидай шаффоф, ўз касбига эътиқодли, болажон устозларнинг фидойи меҳнатлари ётибди.
  Суҳбатимиз якунида журналхонларга бир нарсани таъкидлашни истардим: “Гулхан” биз ўқувчиларнинг энг севимли журналимиз, ёстиғимиз остида авайлаб-асрайдиган, ўртоқларимиз, ака-опаларимиз билан талашиб-тортишиб, кўзимизга суртиб ўқийдиган мўъжиза эди. Сиз ҳам болалар қалбининг таржимони бўлган бу журналдан асло ажралманг. У сизни ота-онангиз, Ватанингиз орзу қилган баркамол инсон бўлиб етишишингиз йўлидаги маёқлигига астойдил ишонинг, ана шунда мақсадингизга етасиз.
 
  Суҳбатдош Муҳаббат ҲАМИДОВА.
Манба: "Гулхан" журнали.
2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот