Севимли “САОДАТ” журналимиз таъсис этилган кун!


   Ҳаётимиз файзи, уйларимиз кўрки, фарзандларимиз таянчи бўлган опа-сингилларимиз бор экан, «Саодат» ҳам яшайверади. Жамиятимизнинг юрак уришларини тинглаб, тариху бугунги кунга тийрак кўз билан қарайдиган ижтимоий тармоқларда бугун «Саодат» журналининг таъсис этилган куни, деган маълумотлар пайдо бўлганидан қувондик. Жуда кўп табаррук инсонларнинг назари тушган, уларнинг заҳмати туфайли кўплаб мухлислар орттирган «Саодат» журналимиз салкам бир асрга тўлибди. Бу ўз навбатида эл ичида донишмандлик фаслига хос бўлган давр ҳисобланади.  
    Бугун илк сонининг чоп этилганига қарийб бир асрга яқинлашган журналнинг таржимаи ҳолида не-не меҳнатлар, не-не ибратлар, не-не анъаналар бор. Сабр бор, шукроналик бор. Чунки унинг ҳаёт йўли миллат аёли босиб ўтиб келаётган йўлнинг бир қисмидир. Дастлабки йилларда «Янги йўл», «Ёрқин турмуш», «Ёрқин ҳаёт», кейинчалик «Ўзбекистон хотин-қизлари» номлари билан мухлислар қўлига етиб борган «Саодат» журналининг ўтмишдоши саҳифаларига Тожихон Шодиева, Собира Холдорова, Хосият Тиллахонова, Саодат Шамсиева, Иқболхон Акбархўжаева, Фотима Ниёзова, Ойдин Собирова каби халқимизнинг зиёли қизларининг қалб қўрлари, кўз нурлари тўкилди. Уларнинг аксарияти юртимизнинг илғор, истеъдодли кишилари қатори қатағонга учрадилар. Биз бугун опа-сингилларимизнинг қалб кўзларини очиш ниятида мақолалар, шеърлар ёзган, иқтидорли аёлларни жамият майдонига олиб чиқишга, ҳақ-ҳуқуқини танишга даъват қилган, сўзни эзгулик яловига айлантира олган бу заҳматкаш журналистларни, уларга қийин даврда қўшқанот бўлган зиёлилар аҳлини ҳурмат билан хотирлаймиз.
   Журнал вазият тақозоси билан баъзи йилларда тўхтаб қолган, лекин даврнинг тўфонлари тиниб, уришлари тугагач, яна нашр қилина бошлади. Демак, шундай нашр халқимизнинг маънавий ҳаёти учун ўткинчи ҳодиса эмас, зарурият экан-да!  
    Ўтган давр ҳам ана шу заруриятдан келиб чиққан, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. Адиба Ойдин Собирова устозлик меҳри, ишончи билан топширган журнални ардоқли шоирамиз Зулфияхоним бугунги «Саодат» номи билан аёлларнинг сирдоши, маслаҳатгўйи, дўсти мақомига олиб чиқди. Фақат зиёлилар эмас, юртимизнинг чекка-чекка жойларида истиқомат қиладиган уй бекалари, онахонлар, чеварлик, пазандаликка ишқибозлар ҳам журналнинг ҳар бир сонини орзиқиб кутишган. Холида Аҳророва, Дилбар Маҳмудова, Ўғилой Юсуфжонова, Санъат Маҳмудова, Раҳима Шомансурова, Насима Юсупова, Роза Сайфиева, Лайло Салимжонова каби турли вазифаларни адо этган аёллар Зулфияхоним мактабида тобландилар, элга танилдилар.  
     «Саодат» устоз шоира раҳбарлик қилган йилларида бир авлод ижодкорларни ўз бағрида камолга етказди ва бу анъана ҳозиргача сақланиб келади. Анъаналар давом қилгани билан, ҳар бир даврда «Саодат»нинг одамларни оҳанрабодек ўзига тортадиган янгиликлари ҳам бўлди.  
    Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева даврида жамоа ҳаётга кўпроқ таҳлилий кўз билан қаради. Ҳаёт мураккабликларида юзага чиқиб келаётган иллатлар илдизини очиб, ўз ўқувчиларини уйғоқликка, фикрлашга чорлади. Эшқобил Шукур, Чори Латипов, Салим Ашур, Қўчқор Норқобил каби ўткир сўзли журналистлар, Дилфуза Шомаликова, Санобар Фахриддинова сингари ижодкорлар билан бирга бу вазифанинг уддасидан чиқди.
     Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева бош муҳаррирлик қилган йилларида журнал меҳнат аҳлининг ҳаётига кирди. Эл кезди, қувончларидан қувонди, ташвишларига баланддан қараб эмас, кўнгилдош бўлиб шериклик қилди.  
     Кейинчалик «Шуҳрат» медали соҳибаси Феруза Жалилова бошқарган йилларда ҳам «Саодат»нинг фахр билан айтадиган ютуғи бор. Журнал истеъдодли ёшларни камолга етказадиган, уларга «Оқ йўл» тилайдиган устозлик вазифасидан чекинмади.  
    Бугун мамлакатимиздаги турли лавозимларда фаолият олиб бораётган Муҳтарама Улуғова, Зулфия Мўминова каби эл севган ижодкорлар ҳам, Шарифа Салимова, Дилбар Саидова, Раъно Раҳмон каби кечагидан кўра ҳам кўпроқ ғайрат билан ижод қилаётган шоирлару носирлар ҳам «Саодат» дарёсидан сув ичганлар.  
    Ёзаётганларимиз фақат рўйхатлардан иборат бўлиб қолмаслиги учун биз исм шарифларни бирмунча мухтасарроқ қилдик. Аслида, «Саодат» қандай ном билан яшаб, қайси даврларда чоп этилган бўлса, барчаси аёл ижодкорлар учун парвоз майдони бўлган. Саида Зуннунова, Хосият Лутфуллаева, Уллибиби Отаева каби сўзлари барҳаёт устозларнинг, бугун ҳам адабиётимизда ўз ўрнига эга Хосият Бобомуродова, Дилбар Ҳайдарова, Ҳаётхон Ортиқбоева каби адибаларнинг қаламлари «Саодат» саҳифаларида чархланган.  
    Бугун журналнинг вазифаси яна ҳам залворлироқ. Ўзбек аёли дунёга бўйлаяпти. Ҳатто болалик остонасидан ўтмаган қизларимиз интернет орқали жаҳонни кузатади. Турфа тарафдан ахборотлар оқиб кетаётган замонда журнал ўз ўқувчиларини сақлаб қолиши, ҳар ойда ўн минг ададда чоп этилиши учун жамоамиз билан камарбастамиз.  
     Бизнинг атрофимизга жипслашган жамоанинг эътирофга лойиқ заҳматлари бор.
  Биз «Саодат»имизни билган, уни ўқиётган, фикр билдириб, самимий табрик йўллаётган барча дўстларимизга ташаккур айтамиз. Момоларимиздан мерос, оналаримизнинг кўз излари, сўз излари қолган бу иссиқ юзли, гул ифорли, баъзан аччиқланиб гапирса-да, жонингизнинг оғриғини эмас, ҳаловатингиз, фароғатингизни ўйлайдиган «Саодат»ни ҳаётнинг оғир-енгил йўлларидан омон асраб олиб ўтамиз.  
    Ўйлаймизки, бу эзгу ва савобли йўлларда Сиз ҳам бизнинг ёнимизда бўласиз. Оналаримиз бу нашрни бизга севдирганидек, яхши кўрсатганидек, Сиз ҳам муҳаббат элчилари бўлиб қизларингизга, набираларингизга қайноқ нафасларимизни етказасиз деган умиддамиз.  
    «Саодат» зиёсидан тушган шуълалар ҳаётимизни обод қилаётган нурларнинг бир қисми бўлиб кўнглингизни ёритиб тураверсин!

    Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Саодат» журналининг Бош муҳаррири.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот