МЕН СИЗНИ ШУНЧАЛАР...


Мен Сизни шунчалар яхши кўраман...
Майсалар қуёшга интилганидек,
Ирмоқларга оғуш очгандек замин.
Болари севгандек ўрик гулларин,
Булутлар кўз ёшин ичгандек замин.
Мен Сизни шунчалар яхши кўраман...
Майсалар кўксига сочилар гуллар..
Нафармон... Ўрикнинг гуллари оппоқ.
Гул тўла новдалар – баҳор қўллари
Жонимда бошлайди беадад титроқ.
Меҳрибон йўлларга термулар кўзим,
Сирли оҳангларни куйлайман шодон.
Йўллар, сизга садқа бўлайин ўзим
Унинг қадамларин элтган мен томон.
Мен Сизни шунчалар яхши кўраман.
Ана, узоқлардан силкитасиз қўл,
Мен сари шошилиб отасиз одим.
Сўрайсиз:
- Тинчликми, паришонроқсиз?
-Гулларни томоша қилаётгандим.
Куламан. Куласиз...
                   Қорачиғларда
Хушнуд айланади қўшалоқ сиймо.
Куламиз...
              Сиймолар дарахтларга-ю,
Ўрик гулларига айлангунча то...
Мен Сизни шунчалар яхши кўраман...
Майсалар қуёшга интилганидек,
Ирмоқларга оғуш очгандек замин.
Ва лекин...
          Мен уни Сизга  айтмайман
Юракнинг тубига кўмиб атайин...
Мен Сизни шунчалар яхши кўраман..
                                
Шарифа САЛИМОВА.
1981 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот