КЎНГИЛ КЎЗИ БИЛАН КЎРАМАН
— Мен ота бўлдим! — дея ҳайқирдим уйимиз ичида. Сўнгра ўғлимни тезроқ бағримга босгим, оталик ҳиссини туйгум келди. Аммо мен туғруқхонага қандай боришни билмасдим. Ҳассамни тақиллатганимча таваккал йўлга тушдим. Шаҳардаги деярли барча туғруқхоналарни кезиб, хайрият турмуш ўртоғим ётган туғруқхонани топиб бордим. Бир томондан ўғиллик бўлганимдан қувонаман, бир томондан эса юрагимда эримайдиган бир тош борлигидан қаттиқ ўкинаман. Чунки мен ўғлимнинг юзини, туришини бир умр кўришдан маҳрум инсон эдим.
***
Бир томони пурвиқор тоғлар бир томони қирлар билан ўралган Фориш туманининг Янгиқишлоқ қишлоғида туғилдим. Мен кўз очиб кўрган дунё ўшанда яшилликка бурканган эди. Уч ёшга кирганимда акам иккаламиз қизамиқ деган хасталикка чалиниб қолдик. Аксини олиб, худди шу пайтда онажоним яна туғруқхонага чақалоқ олиб келгани кетди. Уйимизга чақалоғи билан қайтганидан сўнг эса бизларга эътибор беролмади. Худди ўша пайтда менинг ўнг кўзим лўқиллаб оғрий бошлади. Оғриққа чидай олмасдан додлаб йиғлардим. Отам мени йиғлашимга чидай олмасдан қишлоқдаги фельдшернинг олдига югурди. У отамдан менинг кўзим оғриётганини эшитиб, кўзимни текшириб кўрмасдан аллақандай дори ёзиб берибди. Ўша дорини отам дорихонадан олиб келгач, кўзимга томизиб турди. Афсуски кўзим яхши бўлиш ўрнига кўрмай қолди. Энди мен бутун борлиқни фақатгина чап кўзим билан кўрардим холос. Ота-онам мени қийналмасин, тенгдошлари масхара қилишмасин, дея мактабга ҳам беришмади.
Кунларнинг бирида қишлоғимизга Тошкентдан кўп шифокорлар келишди. Менга ўхшаган ногиронлар учун махсус мактаб борлигини таъкидлашди. Уларнинг бот-бот айтган гаплари туфайлигина ўн икки ёшимда пойтахтдаги кўзи ожизлар мактабига келдим. Бўш вақтимдан унумли фойдаланай, дея мактабдаги шахмат-шашка, рубоб, аккордеон тўгаракларига қатнашдим. Чунки мен жуда кўп нарсаларни билгим келарди.
Бир куни мактабимизнинг стадионида футбол ўйнаётгандик. Зарб билан тепилган тўп кўрадиган кўзимга келиб тегди. Кўзимдан гўёки ўт чиқиб кетгандек бўлди. Қўлим билан кўзимни ушлаб, вой-войлаганимча ерга ўтириб қолдим. Ўртоқларим мени ўрнимдан турғизишиб, ётоғимга олиб боришди. Эртаси куни зўрға мактабга бордим. Аммо кўзимни ёруғликда очолмасдим. Устозим мени дўхтирга кўрсатиш ўрнига ётоғимга жавоб бериб юборди. Уч кун кўзимнинг оғриғига чидай олмасдан, йиғлаб ётдим. Тўртинчи куни оғриқ кучайгандан кучайди. Бутун ётоқхонани бошимга кўтариб додладим. Шундан сўнггина мени шифохонага олиб боришди. Ҳар хил текширувлардан ўтқазишди. Кўзимга футбол ўйнаганимизда тўпдаги лой кириб кетиб, кўз соққасининг ортида йиринг пайдо бўлган экан. “Бунинг бирдан-бири йўли кўз соққасини олиб ташлаш” деди шифокор.
Ноилож рози бўлдим. Ўн тўққиз ёшимда иккинчи кўзимдан ҳам айрилдим. Энди мен одамларни овозларидан, нарсаларни бармоқларим билан нима эканини сеза бошладим. Бироқ мактабдаги ўқишларимни сусайтирмадим. Чунки келажакда ўз ўрнимни топишимга қаттиқ ишонардим.
Мактабни олтин медалга битирдим. Ҳужжатларимни пойтахтдаги Педагогика институтининг математика факультетига топшириб, талаба бўлдим. Курсдошларимдан қолиб кетмай, дея тиришқоқлик билан ўқидим. Хайрият, институтни ҳам аъло баҳолар билан тугатдим. Энди биз ҳаётга йўлланма олдик. Бироқ энди менда яна бир ҳадик бор эди. “Қандай қилиб ишлайман?” деган саволга жавоб тополмасдим. Шундай пайтда танишим Севара опанинг матонати менга туртки бўлди. Севара опанинг кўзлари кўрмаса-да бир корхонада ишларди. Боласини тарбияларди. Мени энди ҳаётдаги ўрнимни топишим учун ҳам турмуш синовларини бошимдан ўтказишим шарт эди. Шунинг учун пойтахтдаги ўқув-ишлаб чиқариш комбинатида иш бошладим. Бундан ташқари 52-кечки ишчи-ёшлар мактабида ҳам математика фанидан дарс бера бошладим.
Корхонада ишни оддий ишчиликдан бошлаб директорнинг маданий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимигача кўтарилдим.
Бу орада уйландим. Турмуш ўртоғимни туғруқхонага олиб кетишганида роса ҳаяжонланганман. Кейин эса таваккал қилиб, учинчи туғруқхонага бордим. Бироқ аёлимни у ерга эмас, бошқа туғруқхонага олиб кетишган экан. Шаҳарни кезиб, турмуш ўртоғим ётган туғруқхонани топдим. Боламни тезроқ кўргим, жажжи бармоқчаларини ушлагим келди. Аммо...
Хурсандчилик билан ғам ёнма-ён юради деганларидек менинг юрагимни бир чеккасида эримайдиган муз бор. Бу ҳам бўлса боламни ўз кўзларим билан кўролмаслик...
Бирин-кетин яна фарзандлик бўлдим. Ишлаш билан бирга уйда ҳам, ҳамкасбларим билан ҳам шахмат-шашка ўйнашни унутмадим. Бир неча маротаба республикада бўлиб ўтган мусобақаларда ғолиб бўлдим. Энг ёдимдан чиқмайдигани 1986 йилда содир бўлди. Ўша йили шашка бўйича спорт устаси деган унвонга сазовор бўлдим.
Бу орада мен бронхит касаллигига чалиниб, соғлигим ёмонлашди. Шунинг учун мени бу ердагилар Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманига ишга жўнатишди. Ҳам иш, ҳам у ернинг об-ҳавоси соғлигим учун жудаям фойдали бўлди. Анча вақтгача у ерда ишладим. Кейин пойтахтга қайтдим. Олти нафар фарзандим ҳам улғайишди. Уларнинг барчаси пойтахтдаги турли институтларда ўқишди, ўз ўринларига эга бўлишди. Фарзандларимдан кўнглим тўқ. Ишдан қайтганимда набираларим чуғурлашиб кутиб олишганида чарчоқларим тарқаб кетарди. Ҳаёт ҳам худди шахмат доскасига ўхшаркан. Оқ ва қора. Чорак аср Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятига раҳбарлик қилдим. Мен одамлар билан қўл бериб сўрашганимда унинг қандай инсон эканлигини биламан. Имконим борича барчага ёрдам бергим келди. Ҳозир нафақадаман. Мен одамларни кўнгил кўзи билан кўраман.
Ёқубжон ЖАВЛОНОВнинг сўзларини оққа кўчирувчи:
Хонбиби ҲИММАТ қизи