Одатда, ҳеч қачон дардимни дастурхон қилишни ёқтирмасдим. Аммо Онаизоримни шифохонада бугунги аҳволларини кўриб, юрагим тўлиб кетди жудаям... Онамга укам, умр йўлдошим ва жияним навбати билан қараб, олдиларида қолишаяпти. Ойижоним иккинчи маротаба инсультни бошдан кечириб, анчадан буён шифохонада ётибдилар. Биринчисида Отам раҳматли вафот этган пайтлари инсультга чалиниб, ярим йилча чап томонлари фалажланган эди. Кейин саратонга чалиниб, уч маротаба операция бўлдилар. Шу сабабли, Волидамнинг саломатлигидан қаттиқ ташвишланардим. Учинчи бор АҚШда оиласи билан гринкарта ютиб кетгани сабабли кўп йиллардан бери яшаб келаётган синглим Моҳигул ва куёвим Онамни Нью Йоркда даволатишди. Бироқ Онам Бувимнинг саломатликларидан ташвишланиб, муолажани охиригача давом эттирмасдан қайтдилар. Онажоним янгиликларни интернетда кузатар эканлар, Азиза Ниёзметова ва Бахтинисо Маҳмудованинг вафотидан қаттиқ қуюндилар. Боиси, улар ҳам саратондан азият чекишганди. Мен Онамнинг касалликлари ҳақида ёзмагандим шу пайтгача. Сабаби Онам кўриб кўнгиллари бузилмасин дердим. Онамга сиқилиш ва ҳаяжонланиш мумкинмаслигини шифокорлар тайинлашганди. Аммо Бувижонимнинг вафотидан қаттиқ руҳий зарба натижасида инсультга учрадилар. Авайлай олмаганимдан, тиббиётимиз ноиложлигидан куюнаяпман. Ҳозирда Онаизорим деярли гапирмаяптилар, бошларини оғриқ тарк этмаяпти, хотираларини ҳам йўқотаяптилар. Онамни бу аҳволда кўриш мен учун жудаям оғир бўлаяпти. Волидам учун дуода бўлинглар қадрдонларим. Илоҳим тезроқ тузалиб, бағримизга қайтсинлар. Онамга оғир кунларида далда бўлган азиз ИНСОНЛАРГА миннатдорчилигимни билдираман! Онажоним, кулишларингиз, суҳбатларингизни жудаям соғиндим.... СИЗни жудаям яхши кўраман. СИЗни йўқотишдан қўрқаман... Шеърлар ўқиб аудио қилмоқчи эдингиз, интервьюлар олмоқчи эдингиз... Илоҳим умрингиз зиёда бўлсин! Тезроқ тузалинг ва бағримизга қайтинг.
04.03.2019 йил.