Ўзбекистон Давлат ёш томошабинлар театрининг актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Ҳакимахон Отахоновани таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
Ҳакима Отахоновага соғлик, узоқ умр, ижодий муваффақият тилаб, умр йўлдоши - Тўра Мирзо билан қўша ёшариб юришларини тилаб қоламиз!
"Турмуш ўртоғим - Ҳакимахон Отахоновани туғилган куни билан қутлайман. Ўтган асрда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонини олган, кўпчиликка “Оталар сўзи-ақлнинг кўзи” кўрсатувининг “Заранг коса” теленовелласидаги ёмон келин тимсоли билан танилган Ҳакима аслида кўнгли бўш ва тақводор аёл. Мен унга сиҳат-саломатлик ва ижодий имконлар тилайман".
ҲАКИМАГА
Узун ўйлар сочин ўраман,
Мирза бўлдим, асли тўраман,
Тикилганча юмшоқ осмонга
Сени қаттиқ яхши кўраман.
Қарашларинг ҳафиф, мулойим,
Юзда юзган табассум қойим,
Ҳилол йўқ-ку сен ерлик ойим,
Сени қаттиқ яхши кўраман.
Ўзинг маъюс офтоб, ой қизи,
Ажинингда бор нурлар изи,
Қош сал эгик, букилган тизи,
Сени қаттиқ яхши кўраман.
Гоҳо офтоб нурлари дағал,
Шуъла қили тошга ўхшар сал,
Тишин қайрар қуёшга шақал,
Сени қаттиқ яхши кўраман.
Оқ-қорача юзинг тиниғи,
Учуқданми яширин йиғи?
Бош уқалар нуқра синиғи,
Сени қаттиқ яхши кўраман.
Беш бармоқ ғаш, ошни ошайман,
Баъзан заҳрим сочишга шайман,
Майин лутфга сал-пал ўгайман,
Сени қаттиқ яхши кўраман.
Ловуллайман ҳе йўғу бе йўқ,
Кўнглим ўн оч, қорним ғашга тўқ,
Қўш кўзим бор ғанимати ўқ,
Сени қаттиқ яхши кўраман.
Буюк чевар улашса меҳр,
Аёл олган бир, ўн, юз, минг бир,
Эркак қат-қат ҳуррак отгандир,
Сени қаттиқ яхши кўраман.
Мен, Тошмирза, онам ўтгунча
Англамасдим аёлни унча,
Эркак зоти лош от, қулунча,
Сени қаттиқ яхши кўраман.
Кўз дарёси сапчир қошингга,
Тош тушмасин асло ошингга,
Шеърдан дурра ўрай бошингга,
Сени қаттиқ яхши кўраман.
Тўра МИРЗО.