АЁЛИМНИНГ БОРИГА ШУКР


   
   Ҳаёт бу ўйин эмас. Барчамиз турмушнинг раққосаларимиз. Раққосаликнинг ҳам юкини кўтариш оғир. Ҳа, бу турмуш гоҳ чароғон бўлса, гоғ чағир тошларга мўл-кўл экан. Одам тафтини одам олади дейди. Ушбу воқеа кимларгадир сабоқ бўлсин дея ёзишга жазм этдим...
— Аёлнинг қадрини қачонки бошинг ёстиққа текканда биларкансан, — деди ҳамюртим Миркомил ака чуқур хўрсинганича.
— Нимага ундай дейсиз? — ажабланиб сўрадим мен.
— Оёқларим соғ бўлиб, дўконда ишлаб юрганимда, тўғрисини айтсам турмуш ўртоғимни менсимасдим, уни бирор жойда ўқимаганликда, ҳунар ҳам ўрганмаганликда, фақат кетмон кўтариб, далада ишлаганликда айблардим.
  Аслида турмуш ўртоғим Манзурага ота-онамнинг қистови билан уйлангандим. Хотиним ақлли, одобли, фаросатли аёл. Мен эса унинг қадрини билмадим. Уйга хоҳлаган пайтимда кириб борардим. Агар Манзура ухламасдан мени кутиб ўтирган бўлса, уни мазахлаб сўкардим, оғзимга келган уят сўзлар билан ҳақоратлардим.
— Шу пайтгача ҳам мўлтираб ўтирибсанми? Ухлайвермайсанми? Келаман-да шу уйга. Жўраларим билан ҳам мазза қилиб ўтиришим мумкинмасми?
Хотиним бечора кўзларини ерга тикканича лом-мим демайди. Бироздан сўнг мендан қўрқа-писа “овқатингизни олиб келайми?” дея сўрайди.
— Йўқ, заҳар олиб кел, заҳар! — дея бақираман у бечорага.
   У бўлса индамай чиқиб кетади. Патносда егуликлар кўтариб кирганида эса мен аллақачон уйқуни ураётган бўламан.
   Шундай қилиб кунларимиз шу алфозда ўтарди. Бирин-кетин тўртта фарзандли бўлдик. Бироқ ҳанузгача улфатларим билан чойхонама-чойхона ўтиришни кандай қилмасдим. Бу орада укамни уйлантирдик. Иккита келин битта ҳовлига сиғмаскан. Шунинг учун мен алоҳида уй-жой олиб, чиқиб кетишга мажбур бўлдим.
   Ота-онам билан биргаликда яшаганимизда рўзғор ташвишларини сираям ўйламасдим. Алоҳида бўлиб чиқдиму рўзғорнинг “ғор”ини тўлдираман, деб анча вақтгача қийналиб юрдим. Ҳалиям бахтимга ота-онам бор экан. Улар биздан тез-тез хабар олиб, каму кўстимизни тўлдириб туришди. Манзура бўлса қўлига кетмонини олиб, далага ишлагани чиқиб кетди.
  Кунларнинг бирида Бектўра жўрам билан унинг мотоциклида туман марказига, танишимизнинг тўйига ошиқдик. Кечаси тўйдан қайтаётиб, фалокатга йўлиқдик...
   Кўзимни очганимда шифохонада ётган эканман. Нима воқеа юз берганини билмайман. Бироздан сўнг мен ётган палатага онажоним кириб келди.
— Жонинг омон қолганига шукр қил, ўғлим, кўргилик экан, — деди онам кўз ёшларини рўмолининг бир чеккаси билан артиб.
   Мен хумпар эса онамнинг нима учун йиғлаганини тушунмабман. Кейин ўрнимдан турмоқчи бўлдим. Шу пайт битта оёғимнинг тиззамдан пасти йўқлигини кўриб, қўрқиб кетдим.
— Йўқ, йўқ, бўлиши мумкин эмас! Оёғим қани? Мен энди қандай юраман? — дея бақириб юбордим бошимни чангаллаганча.
— Жон болам, ўзингни бос. Худойим сенга сабр берсин. Яратганга шак келтирма! — дея онажоним мени маҳкам бағрига босиб йиғлади. Онамга қўшилиб мен ҳам ўксиниб йиғладим.
  Ўшанда эндигина ўттиз бешга киргандим. Ўзимни сираям бир оёқсиз тасаввур қила олмасдим.
  Орадан ойлар ўтди. Даволаниб, шифохонадан чиқдим. Уйимизга қўлтиқ таёқда кириб бордим. Жўрам Бектўранинг қўли синган экан. У ҳам соғайиб кетди.
  Ҳеч ким тўшакка михланмасин экан. Энди эрталабдан кечгача чўзилиб ётаман. Қўлимдан бирор иш келмайди. Шундай кунларда жонимга турмуш ўртоғим Манзура оро кирди. У эрталаб менга ва болаларимга нонушта тайёрлайди. Кейин ўзи кетмонни олиб далага жўнайди. Тушликда югуриб келиб бизга овқат тайёрлайди. Хамир қоради. Биз билан овқатлангач, яна даласига кетади. Кечқурун ишдан қайтгач, нон ёпади, сигир соғади, овқат тайёрлайди. Уни кузатиб ўтириб, бирор маротаба “уф, чарчадим” деган сўзини эшитмадим.
   Мен дўконда ишлаб юрганимда чиройли кийиниб, уйга керилиб келардим. Гўёки ҳамма нарсани қотириб қўйгандек. Яна “Уфф, чарчадим! Тез-тез овқатингни олиб кел!” дея бечора хотинимга бақирардим.
   Хуллас, тўшакка ётиб қолганимдан сўнггина аёлимнинг қадрини сеза бошладим. Кейин ҳеч бўлмаса ёрдам бўлсин, дея овқат маҳали унга картошка-пиёзини арчиб берадиган бўлдим.
   Ўйлаб қарасам эркакларникига қараганда аёлларнинг иши кўп экан. Бироқ улар бирор маротаба чарчадим демайди, ҳатто миннат ҳам қилмайди. Агар эркаклар аёлларчалик ишласа борми...
   Рўзғорнинг оғирлигини бутунлай елкасига ортган хотинимга раҳмим келиб, ўзимга енгилроқ иш қидирдим.
   Хайрият яна дўконга қайтадиган бўлдим. Энди кун бўйи дўкон кассасининг олдида ўтириб, харидорлардан пулини оламан.
   Шундай қилиб аёлимнинг меҳру муҳаббати, сабру тоқати билан мен яна ҳаётга қайтгандек бўлдим. Аммо ҳанузгача Манзура тиниб тинчимайди. Далада ишлайди, вақт топса томорқамизда меҳнат қилади. Ўғилларим ҳам онасининг кўмакчисига айланишган.
   Яқинда қўлимга бир китоб тушиб қолди. Ўзим китоб ўқишни яхши кўраман. Уни мутолаа қилиб қуйидаги шеърга кўзим тушди. Бу шеър гўёки менинг аёлимга аталгандек экан:
Аёл, Сен яралдинг,
Муғанний қўлида тор куйлар бўлди,
Ҳар уйда бир байрам, тўй-тўйлар бўлди,
Тоғлар ҳам, тошлар ҳам ишқ суйлар бўлди,
Одамзот эзгуликлар ўйлар бўлди,
Сенинг борлигингга минг бора шукр.

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист.
2017 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот