Ражпал лаънати кредит сабабли қамалди
Ражпал Науранг Ядав (1971 йилнинг 16 март куни Ҳиндистонда туғилган) - ҳинд актёри ва комедиячиси. Унинг муваффақияти Рам Гопал Варманинг "Чангалзор" (2000) фильмида бўлиб, бу фильмда у салбий ролни ўйнаган. Ражпал комедия роллари учун кенг эътирофга сазовор бўлган.
Пакана ролларини кулгили тарзда ижро этган актёр
"Ҳангома", "Чангалзор", "Лабиринт – 3", "Шаҳзода", "Сенинг қаҳрамонингман", "Криш – 2, 3", "Ошиқ ўғри", "Дўстим, фильм ҳали давом этади", "Эҳтиёт бўл", "Фирибгарлар", "Салом – бу мен", "Телеканаллар жанги", "Тақдирни ўзгартириш", "Тўрт телба", "Безовта қилманг", "Сартарош Биллу", "Сукут", "Отамнинг тўйи", "Натҳлар вилласининг арвоҳи", "Шерик", "Ота", "Менга турмушга чиқасанми?", "Сирли ҳомий", "Қалбим сеники" сингари кўплаб фильмлардаги комик роллари орқали мухлисларига яхши таниш.
У, шунингдек, режиссёр ва продюсер Пол Рупеш томонидан суратга олинган "Ўғил" номли психологик драмада Анжали Шарма билан бирга бош ролни ижро этган.
Уч қизнинг отаси
Ражпал Ядав Миллий драма мактабида актёрлик бўйича таҳсил олган. У биринчи маротаба 1992 йилда уйланган. Аммо рафиқаси биринчи фарзанди туғилгандан сўнг, туғруқ асоратлари туфайли вафот этган. Кейин у 2003 йилда иккинчи марта Радҳа исмли актрисага уйланган. Ҳозирда унинг учта қизи бор (биринчиси аввалги рафиқасидан).
Кредит сабабли қамалган Ражпал
2013 йилда Ражпал 10 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У 2013 йил 3 декабрдан 6 декабргача тўрт кун қамоқда ўтирган, шундан сўнг Олий суд ҳайъати унинг апелляцияси бўйича ҳукм ижросини тўхтатган. 2018 йил 30 ноябрда Деҳли Олий суди уни 2010 йилда режиссёрлик дебюти учун олган кредитини қайтармагани учун 3 ойлик фуқаролик қамоқ жазосига ҳукм қилган. У зудлик билан Деҳли полицияси томонидан қўлга олинган. Кейинчалик, 2018 йил ноябрь ойида Деҳли Олий суди унинг карерасига салбий таъсир кўрсатган уч ойлик қамоқ жазосини тайинлаган.
2026 йил февраль ойида Ядав Деҳли Олий суди чек мажбуриятларини бажармаслик тўғрисидаги узоқ давом этган иш бўйича қарздорликни тўлаш учун қўшимча вақт бериш тўғрисидаги илтимосини рад этганидан сўнг, Тихар қамоқхонасига жўнатилди. Иш 2010 йилда фильмни суратга олиш учун олинган кредитдан бошланган ва маълум бўлишича, олинган 5 крор қарз миқдори вақт ўтиши билан фоизлар ва жарималар туфайли деярли 9 крор рупийга етган. Суд унинг қарзни тўлаш бўйича илгари берилган мажбуриятларни бир неча бор бузганлигини таъкидлаб, ихтиёрий равишда судга келишини буюрди. У 2026 йил 5 февралда Ўтказма векселлар тўғрисидаги қонуннинг чеклар бўйича мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ қоидаларига мувофиқ олти ойлик қамоқ муддатини ўташ учун келган.
Таслим бўлишдан олдин, Ражпал ўзининг молиявий қийинчиликлари ҳақида омма олдида гапирди. Bollywood Hungama нашрига берган интервьюсида у шундай деди:
– Жаноб, нима қилишим керак? Қарзни қайтариш учун бунча пулим йўқ. Қарзга ботган одамни фоиз ва жарималар баттар қарзга ботириб ташлаяпти! Қамоқда ўтиришдан бошқа илож ҳам кўрмаяпман.
Кинода дўст эмас, вақтинчалик ҳамкасб ёки рақиблар бўлади
Ундан ўзи билан тез-тез ҳамкорлик қилган ҳамкасблари ёки кино саноатидаги дўстларидан ёрдам сўраш имконияти ҳақида сўрашганда, у қўшимча қилди:
– Жаноб, кино соҳасида ҳамма ўз ҳолича ишлайди. Кинода дўст эмас, вақтинчалик ҳамкасб ёки рақиблар бўлади. Менинг оғир кунларимда ёнимда турадиган, сўзда эмас, амалда қўллаб қувватлайдиган чинакам дўстларим йўқлигига шу йиллар давомида амин бўлдим. Бу инқироз билан ёлғиз ўзим курашишимга тўғри келади.
Унинг баёноти кино саноати ва ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг эътиборини тортди ва хайрихоҳлик уйғотди. Актёр Сону Суд Ражпални қўллаб-қувватлаб, уни ўзининг бўлажак фильмига таклиф қилишини ва келажакдаги ишига қараб ҳисобга олинадиган гонорар таклиф қилишини эълон қилди. Суд унинг бу гапларини хайрия ё амалий ёрдам эмас, балки оғзаки, маънавий қўллаб-қувватлаш деб атади ва кино саноати аъзоларини ҳамкасб санъаткорлар дуч келаётган қийин дамларда бирлашишга чақирди.
Интернет хабарлари асосида Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.