Жудолик азоби


     Ўша йили баҳор серёғин келди. Уйда бетоб бўлиб ётган отам дам-бадам ташқарига хавотир билан қараб қўяр, дераза ойнасидан осмоннинг ҳамма томони  кўринмагани учунми, уй юмушлари билан эшикдан кириб-чиқиб турган онамга: "Осмоннинг адоғи очилдими?", - деб сўрарди умидвор термулиб. 
     Отамнинг хавотири нимадан эканлигини сезган онам:  - "Осмон очилса нима қиласиз, кетмон чопасизми", - деди гапни ҳазилга буриб. Отамнинг нигоҳлари маҳзун бўлиб қолди. 
- Гўрковга қийин бўлади-да, - деди лаблари пичирлаб. 
     Этим жунжикиб кетди. Отам бор-йўғи йигирма кунгина бетоб бўлиб ётган бўлса-да, шунда ҳам ўзини ўйламасди. Касалхонада ҳамшира бўлиб ишлайдиган опам тез-тез кардиолог врачни уйимизга олиб келар, отамни текширган шифокор "Отанинг юраклари бақувват, аста-секин тузалиб кетади", - дерди. Бизда  яна умид пайдо бўлар, отам яна олдингидек соппа-соғ бўлиб кетади, деб ишонардик. 
    Аммо охирги марта келган врач очиғини айтди: - Тузалишга умид йўқ. Юракнинг орқа деворида сув йиғилган, тайёргарликларингни кўраверинглар... 
     Опам иккимиз йиғлаб юбордик. "Отамни Тошкентга олиб борамиз", - дедик ўзимизча. 
- Марсга олиб борсанглар ҳам, отанг энди тузалмайди, - деди шифокор совуққонлик билан. 
     Лекин бизни ишонгимиз келмасди. Йигирма кун олдин катта боғимизда меҳнат қилиб юрган отам қандай қилиб ўлиши мумкин? Ўлим шунча осонми? Аммо отам ўлимини аллақачон сезган экан. Борган сари кўзлари нурсизланиб борарди. Олдимда кўпроқ ўтиринглар, дерди дийдоримизга тўйиб қолгиси келгандек. Ҳаммамиз ота уйимизга йиғилгандик. Отам кўз ўнгимизда шамдек сўниб борарди, қўлимиздан ҳеч нарса келмасди. Оилада етти нафар қиз эдик. 
- Ҳеч бўлмаса биттамиз ўғил бўлганимизда, сизни чет элларга олиб бориб даволатармидик, - деди опам йиғлаб. 
     Отам синиқ жилмайди. 
- Ажал келса, ўнта ўғил ҳам кўндаланг бўлолмайди, - деди секин. 
     Борган сари отамнинг нафас олиши қийинлаша бошлади. Шунда ҳам деразадан кўз узмасди.Шариллаб ёғаётган ёмғир тинишини кутиб, жон беролмаётгандек эди гўё. Шундай ёмғирли кечада энг катта поччамни чақирди. 
- Қизларим сизга омонат, уларни асранг, - деди.
    Ҳаммамиз оилали, бола-чақали бўлсак ҳам, отам бизни ҳамон бола деб биларкан. Қизларим ҳимоясиз қолаяпти, деган хавотирда экан.  Ёмғир томчилаб турган шом пайти отамнинг жони узилди. Қарийб йигирма кундан буён тинмай ёғаётган ёмғир тақа-тақ тўхтади. Қуёш чарақлаб чиқиб кетди. 16 Май эди ўша куни. Ҳар йили шу санада отамни қайтадан йўқотгандек бўламан. Жудолик азоби яна бўй-басти билан намоён бўлаверади. Менинг отам бошқача инсон эди. Балки ҳаммага ўз отаси ўзгача туюлар. Лекин менинг отам ҳақиқатдан ҳам бошқаларга ўхшамаган инсон эди. Ҳалол, камтар, камсуқум, меҳнаткаш, бировнинг дилига озор бермайдиган, бировнинг  ҳақидан қўрқадиган заҳматкаш  инсон эди. Бир эмас, икки эмас, етти нафар қиз эдик оилада. Аммо отам бирор марта онамга шунча қиз туғдинг, ўғлим йўқ, деб таъна қилмасди. Аксинча, онам ўғлимиз йўқ, деб кўзёш тўкса, қиз бола ота онага меҳрибон бўлади, шукр қилсанг-чи, дерди. Ота-онам билан яшайдиган опам ҳақиқатдан ҳам ўғил фарзанддан зиёд хизмат қилди отамга. Биз ҳам қараб турмадик, албатта. Аммо биз бир қадам узоқда эдик, энг кўп шу опам отамнинг дуосини олди. 
     Бугун отамни йўқотган кун сифатида у кишини кўп эслаймиз, ота уйимизда жам бўламиз. Отам кулимсираб бизни кузатиб тургандек туюлаверади. Қаёққадир чиқиб кетгану ҳозир эшикдан оҳиста кириб келадигандек дамба дам эшикка қарайвераман. Ёмғир шаррос ёғиб турган деразада отамнинг нигоҳлари илиниб қолгандек... Жойингиз жаннатда бўлсин, отажон... Тушларимга кириб туринг...

Гулруҳ ЁРМАТОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот