БИР КУНИ...


   Марҳамат туманидаги маиший хизмат уйида ишлардим.  Ўша куни ишхонамиз яқинида жойлашган савдо расталаридан бир-иккита керакли буюмларни  харид қилиб уйга қайтдим. Ҳар куни ёнларидан ўтганим учун кўз таниш бўлиб қолган савдогар аёл менга кийимни арзон нархда берганидан хурсанд эдим. Аммо шошилган эканман. Шом пайти, қозон-ўчоқ билан куймаланиб юрсам қайнисинглим кўчада мени бир аёл сўраётганини айтди. Чиқдим, сотувчи аёл экан. Ундан сотиб олган халатнинг чўнтагида бир кунлик савдо пули борлигини, уни олиб кетишга келганини айтди. Мен унга: “Опажон, мен халатни туғуруқхонада кийиш учун олгандим, ҳали кийиб кўрмадим, қайнонамга ҳам айтганим йўқ. Сиз қандай ўраб берган бўлсангиз шундай турибди, ҳозир олиб чиқаман”, дедим. 
  Ўрами билан олиб келиб қўлига бердим. Ҳеч нарса тополмагач,  кутилмаганда кўзлари олайиб бақира кетди. 
–  Топасан, сен уч кундан бери ойлигим чиқса шунисини оламан, деб илиниб турган товаримни банд қилдинг. Мен аниқ биламан, ўша халатнинг чўнтагига пул солганман. Укам қарамай ўраб берган. Ўзинг икки йўлнинг ўртасида турибсан, бировнинг ҳақидан қўрқмайсанми? Уйингни топиб келгунча қора терга тушиб кетдим. Бир чиройли келинчак экансан, хайф сенга!
  Мен унга йиғлагудек бўлиб ёлворардим: “Опажон, секинроқ гапиринг. Кўрдингиз-ку, мен кўрмадим, олмадим ҳам. Қўшнилар нима дейди, онам бу кийимни олганимни билмайди ҳам. Уялиб кетяпман ахир...”
  Унга гап тушунтириб бўлмасди. Бақир-чақир овозлардан кўчага чиққан қайнонам нима гаплигини билмай менга қаради. Ўша аёлнинг ўғри, деб қилган маломати бир бўлди-ю,  онамдан яшириб кийим сотиб олганим бир бўлди. Ер ёрилиб, ерга кириб кетгим келарди. Олмадим, кўрмадим деб зорланганим билан тушунмай бобилларди:
– Кўрдизми  хола, келинингиз сиздан беркитиб ўзига кийим олган. Сиз  яна уни тарафини оласиз. Яшириб иш қилишни билган  одам топиб олган пулини беркитишни билмасмиди. Аслида сиздан ҳам пул беркитган. Уйингизни тинтув қилишим керак,– дейди. Онам ҳам мендан баттар аҳволга тушди. “Хўп, синглим, бақирмай гапиринг, қўни-қўшниларим нима дейди. Пулингизни қанчалигини айтинг, мен ўзим эртага олиб бораман”, деса ҳам кўнмасди. Тўғриси қанча пули борлигини ҳам айтолмасди. Кетди. Ўша куни онам менга бир сўз айтмади. Ҳеч бўлмаса, қайнонадан бемаслаҳат қилган ишнинг  жазоси шундай бўлади, деса бўларди. Дардим чиқарди, аммо индамади. Туни билан кўз юммадим. Яхшиям умр йўлдошим Фарғонада эди. Агар бўлганида...  
–  Эртасига уйдаги  йиғиб-териб, қўйган пулларни қўлимга бериб: “Анави юзсиз аёлга буни оборинг, қанча деса олсин. Овора бўлиб бошқа ундай виждонсиз аёл билан олди-берди қилманг, ҳар ишда қасам ичишни ўрганманг. Сиз ундай номаъқул иш қилмагансиз, аммо маҳалла- кўй олдида  этагини бошига илиб яна келса, нима деган одам бўламиз”, деди. Аввалига кўнмадим. Пул олиб борсам мени ўғрига чиқаради, олгани рост экан, мана олиб келди, деб атрофидагиларга жар солади-ку, дедим. Шунда онам: “Қизим, бир кунлар бўладики, уни пулга ҳам топиб бўлмайди, бир кунлар бўладики,  уни этак билан ёпиб бўлмайди. Сиз ҳам ёмоннинг ёвғонини ичибсиз, иложимиз йўқ. Ҳаммасини кўриб турган, билиб турган Худо бор, ўзи жазосини берсин”, деди.  
  Йўлим овимасди. Нафасим бўғзимга қадалган, қўлимдаги ўша савил кийим ҳам, пул ҳам оғирлашиб кетгандек зўрға одимлардим. Дўконда укаси бор экан. Мени кўриб саломлашди.  Опасини сўрадим. “Опам сиздан уятиб келмади, кеннойи, минг бор узр. Савдо пули устма-уст тахланган қоғоз қутининг ичида экан. Эрталаб товар соламиз деб  кўриб қолдик. Истасангиз уйингизга бориб узримни айтиб келаман”, деди. Ортимга қайтдим. Сал нарида, одамлар орасида мени кузатиб турган сотувчи аёлга кўзим тушди. Қўлини боғлаб, бўйнига осиб олганди...

  Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири.
Манба: «Ижод чашмаси» журналининг 2022 йилги № 1-сони. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот