БИР КУНИ...
БИР КУНИ...
Дадамнинг ярим тунда ишдан қайтишини онам иккимиз кўз юммай пойлаб ўтирардик. Насибаси совиб қолмаслиги учун, ўраб-чирмаб ўтирган онам дастурхон ёзса, мен қўлига сув тутардим. “Қизимка, нима гап?” деб мен билан узоқ суҳбат қуриб ўтиришни яхши кўрадиган дадам, бу гал авзойим ўзгариб турганини кўриб ҳайрон бўлди. Онам, “Ҳа, арзанда қизингизнинг феъли айниб турибди. Эртага синфдошлари билан дугонаси Розияларнинг ҳовлисида сумалак сайли қилишмоқчи. Магазинга келган янгича жимпирдан ҳамма олиб, битта шу қизингиз қуруқ қопти. Менда ошиқча пул бўмаса, бир этак бола боқаман деб, бир жойда ишламаган бўлсам... Шунга кун бўйи қовоғи очилмади...”
Бирдан кайфияти тушиб, косадаги ошнинг ярмини еб қўлини артган дадамга қараб хижолат тортдим.
– Дада, хафа бўлманг, бир айтиб қўйдим-да, керак эмас. Ҳар доим кийган уст-бошим билан боравераман. Носир акам “оқшомга қолмайсан”, деди. Барибир шом бўлмай қайтариб олиб келади, –дедим.
Дадам индамай кўчага чиқиб кетди. Ҳориб ишдан ярим тунда қайтиб яна қаёққа чиқиб кетди экан, деб хавотир ола бошладик. Онам иккимиз кимни айблашни билмай, ер чизиб ўтирардик. Орадан анча фурсат ўтди. Бир маҳал қўлида қоғоз халта кўтариб юзлари ёришиб келган дадамни кўриб қувониб кетдим.
– Қизим, мана, дугоналариз олиб кийган жемпер шумиди? – деди кўтаринки бир овозда. – Бир йўла бир нечтасини опкелавердим. Ёққанини танлаб оласиз-да, қолганини эрталаб дўконга обориб берасизлар.
Барибир бола эканман-да, севиниб дадамнинг бағрига ўзимни отдим. Танлаганимни кийиб чиқиб, “кўз-кўз” қилдим. Қаердан, қандай қилиб ярим тунда олиб келгани билан ишим ҳам бўлмади. Кейин билсак, маҳалла бошидаги дўкон қоровулини уйғотиб, сотувчи Рустамхон аканинг уйига сим қоқишибди. Рухсатини олгач, “мода” бўлган ўша матоҳдан 3-4 тасини уйга олиб келган экан. Мен суюнганимдан тонг отгунча ухламадим. Укамга андармон бўлган онам ҳам, тонг ёришмай ишга отланадиган дадам ҳам “ухлаб қолсам лоҳас бўламан”, дедими, ўша куни кўз юммади.
Бундай ҳолатлар кўп бўлган. Талабалик пайтимда менга ёқадиган пальто ва этик харид қилиш учун машинага ўтқазиб Ўш шаҳрига олиб бориб келганларини эслайман. Дадам ҳаммамизга бирдек меҳр бериб улғайтирди. Биз ҳам отамизга пирдек сиғиниб, хокипойини кўзимизга суртиб яшадик. Ҳамиша уйимизнинг, қалбимизнинг тўрида бўлдилар.
Аммо энди ўйласам юрагимни бир армон тилкалайди. Кексайиб кўчага чиқолмай қолган пайтларида, бирор марта бўлса ҳам дўконга олиб бориб: “Дада, кўнглингиз тусаганини танланг, олиб берай”, демабман-а! Ҳар сафар дадамга олиб борган кийимларимни киймай асраб, туҳфаларимни нега ёстиғи тагида сақлаганини ўйлаб ҳам кўрмабман…
Мунаввара Усмонова - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира.