БИР КУНИ...


Мунаввара УСМОНОВА 

БИР КУНИ...

    Ҳар доим ота уйимга борганимда онам билан суҳбат қуриб, тунни тонгга улаймиз. Онам бу йил кексайиб қолди. Бир пайтлар айтиб берган воқеаларни яна қайта  айта бошласалар ҳам худди ҳозир эшитаётгандек жон қулоғим билан тинглайман. Буви, пахта теримида нима бўлган эди, деб сўрайман эшитгим келиб. Кўзлари ёлқинланиб ҳикоя бошлайди: 
 – Ўшанда  ўн бешга ҳам кирмаган эдим. Ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам пахта йиғим-теримида колхозчига айланарди. Мен “мингчи” эдим. Мукофотга хонатлас қўйилганини эшитиб бел боғладим. Бригадамизда менга ўхшаган теримчилар анчагина эди. Ўн кунликда биринчи ўринни эгаллаш осон кечмасди. Энанг раҳматли: “Қизим, сен мукофотга ташлаб овора бўлма,  ҳалол меҳнат қилсанг ҳам раиснинг қизи-да, деб гапиришлари аниқ”,– деди. Барибир айтганимдан қайтмадим. Ким қанча пахта тераётганини ҳар куни қоралаб борардим. Етти кун деганда мендан ўзиб кетганлар бўлди. Бир куни уйдагилар ухлаб ётган ярим тунда далага отландим. Уйимиз яқинида қадимги мозор бор эди. Ўша ердан ўтаётганимда бироз этим жунжикди, иккиландим. Ортимга қайтиб мазза қилиб ухламоқчи ҳам бўлдим. Аммо шижоатим қўймади. Кўзимни маҳкам юмиб, дала томонга одимлайвердим. Ойдинда пахтазор чароғон эди. Худди биров тошпонар ёқиб ёнимда юргандек эгатларга ёруғлик тушарди. Тун эканлигини унутиб эгат оралардим. Бир-икки этак пахтани териб, тугиб қўйганимдан қувониб дала этагига бориб қолганимни билмай қолибман. Қалин қамишлар қоплаган ботқоқлик, овлоқ ерлардан қандайдир қушларнинг ёқимсиз қичқириғи эшитиларди. Ортимга қайтдим. Қайтганда ҳам елкамга ортган пахта тўла этак билан анча ергача йиқилиб-сурилиб, югуриб бордим. Қўлларим шилиниб кетганди. Мозор яқинидаги далада оқариб турган пахталарни кўриб термоқчи бўлдим. Бир қадам ташлашимни биламан, ўқ ариқ устида катта оқ илон кулча бўлиб ётганини кўрдим. Жуда катта илон эди. Ҳозир ҳам кўз олдимда туради. Қўрқиб додлаб юборай дедим. Кесак отдим, тош отдим, жилай демасди. Борарга бошқа йўл тополмаганим учун четда ўтириб илоннинг кетишини кутдим. Пинакка кетибман. Тушимда илон эмас, оқ чопон кийган юзлари нурли оқсоқол ўша ерда ўтириб намоз ўқиётган эмиш. Отахонга кўзим тушиб ёлғиз эмаслигимдан қувониб кетибман. Кўз очиб тонг ёришганини кўриб, яна бўйнимга этак илдим. Уч кеча- кундуз кўз юммай пахта терганим учун ўн кунликда биринчиликни олдим. Уйқусизликдан кўзларим ичига ботиб кетган, тирсиллаб ёрилган қўлларимдан қон сизиб турган бўлса ҳам ўша дамда бахтиёр эдим. Аммо... Биласанми, болам, нима дейишган: “Абдужалил раиснинг қизи биринчиликни олади-да! Биз овора бўлиб тер тўкибмиз. Кечаси хирмондан олинган пахтани тугиб тарозига қўйди, буни ҳамма билади. Бирданига икки ҳисса кўп терадиган мингчига айланиб қолармиди...” Шунда қўлимдаги хонатласни ўша жизиллаб гапирган аёлнинг этагига ташладим. Ёрилиб, титилиб кетган бармоғимга ипаги ёпишган  мато   ортимдан ерга судрала бошлади.  Изимга қайтиб уни ташлаб кетаётганимда ўша аёл кафтимни силаб: “Ҳалолинг бўлсин болам. Раис бобо қизига хирмондан пахта эмас, омбордан атласни олиб берса бўларди-ку, ўзининг ҳукмида эди. Аммо сен ҳам биздек этагига гул тикиб бўз матодан кўйлак кийиб юрибсан, мени кечир қизим, мени кечир”, – деди.
  Онамнинг киртайган кўзлари ёшга тўлади. Кафтим билан авайлаб артаман.
–  Онажоооон, атлас кўйлак тикиб берсам киясизми? – дейман эркалаб...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот