БОЛАЛИКНИ СОҒИНДИМ...
Болалигимизда қиш фасли бошқача бўларди.... Яъни, фасллар ўз ўрнида келар, ҳозирги каби баҳорни эслатадиган қиш эмас, балки изиллатадиган изғиринли, қорли қиш бўларди...
Биринчи синфга чиққан йилим оиламиз янги уйга-ҳозирги замонавий коттежларни эслатадиган уйлардан бирига кўчиб ўтган, янги бунёд этилган митти туманда ҳамма бинолар-мактаб,боғча,дўконлар янги эди.
Яхши эслайман, янги уйимиз аввал колхоз деб аталган ташкилотнинг ерларига туташиб кетгани боис, қишда бу далалар чилла суви билан суғориларди. Ўшанда далалар муз билан қопланар ва бу биз болалар учун яхмалакда учиш энг севимли машғулотимиз эди. Тошкентга малака оширишга борганларида дадам раҳматли бизга чана олиб келганлари ҳам кечагидай ёдимда... Биз шу чана билан маза қилиб яхмалак учардик, кечгача қорбўрон ўйнардик.. Энг қизиғи совуқда қанча ўйнасак ҳам, юзларимиз, қўлларимиз музлаб қолса ҳам ҳеч касал бўлмасдик...
Бир куни Меҳригул синглим билан иккимиз ҳовлимизда галма-галдан яхмалак учиб ўтиргандик. Бирдан шифер қопланган том четидан осилиб музлаб ётган сумалакларга кўзим тушди. Рости, мана шу тиниқ, шаффоф муз бўлакларини шимиб юришни жуда яхши кўрардим. Энди бу сумалакларни нимадир қилиб том лабидан синдириб олишим керак эди. Ерда ётган муз бўлакларини олиб, ҳалиги сумалакларга ота бошладим. Шу пайт қиличдай ўткир сумалаклардан бири мен отган муз бўлаги зарбидан узилиб, синглимнинг бошига пичоқдек санчилиб кейин ерга тушиб кетса денг. Бир зумда Меҳригулнинг пешонаси ва сочлари оралаб юзига оқиб тушаётган қонни кўриб, қўрқиб кетдим. Бақирганча онамни чақирдим-да, нима бўлганини чала-чулпа тушунтириб, ўзим кўчага отилдим... Чунки онам "Музни шимиб юриш учун синглингни бошини ёрдингми?"-деб мени койий бошлагандилар. Яна бироз ўтирсам, аниқ жазоланардим. Шу сабаб қоронғу тушаётган бўлса-да, кўчага отилдим. Чунки дадамнинг ишдан қайтиш пайтлари яқинлашган, дадам билан уйга кирсам онам мени жазолай олмасдилар-да. Дадам кўнгилчан, меҳрибон инсон эдилар.
Хуллас, аёзли қиш кечасида кўчада ярим соатча дадамни кутдим. Кўча бошида кўринишлари билан ёнларига югуриб бориб, бўлган воқеани айтиб бердим. Нохосдан шундай бўлганини, аслида синглимнинг боши ёрилишини истамаганимни тушунтирдим...
Дадам билан бирга кириб келганимизни кўриб, онам ҳеч нарса демадилар. Аммо кечки овқатдан сўнг муз ейиш учун синглимни бошини ёрганим сабаб мени енгилгина койиб қўйдилар...
Болаликни, ўша пайтдаги қишни, муз сумалакларни, яхмалакларни, чанани, дадамни... соғиндим... Тўғриси, болаликни соғиндим...
Моҳигул НАЗАРОВА.