БИР КУНИ...


    Қишлоғимизда қадим бир одат бор. Узатилаётган қиз тўй куни яқин қариндоши ёки қадрдон қўшнисининг уйида ўтиради. Дугоналари, таниш-билишлари – ҳаммаси  “қиз беркинган” хонадонга кириб меҳмон бўлади, ўйин-кулги билан кузатилаётган келинчакка  паранжи ўраб, амма-холаси ёр-ёрлар билан ота-онаси ҳузурига олиб киради. 
    Ўйласам, ҳозир ҳам ўша кунгидек вужудимда титроқ туради. Онам мени бағрига босган пайти қулоғимга: “Оқ кўйлагинг этагини силтаб чиқиб кетгин, болам, энди ўз уйингга меҳмонсан, берган тузимга розиман”, – деди. Аммо дадамнинг бағридан юлиб олишлари қийин кечди: “Гулим болам, райҳоним қизим. Энди сиз йўқ бу уйларда қандай яшайман?..” – деб бўзларди.
   Кетдим. Барча ота эшигини тарк этиб кетаётган қизлардек йиғлаб-йиғлаб кетдим. Оқ кўйлагим этагини силтамасам ҳам тақдирнинг ишига бошимни эгиб  кетдим. Ҳовли йўлагида қаторлашиб турган акаларим бир-бир бағрига босган ерда ўн тўкилдим, етгунимча минг тўкилиб кетдим. На қошимга ўсма қўйдим, на кўзимга сурма... 
    Тўйим куни пардоз қилсам акаларим кўриб мендан хафа бўлмасин, деб андиша қилдим. 
    Ўша даврларда бизлар томонда келинчаклар бир ҳафта сеп ёйилган келинлик уйидан чиқмас, ҳатто чойнакдаги чойни ҳам остона  ёнига қўйиб кетишарди.  Бир куни жажжигина қайнсингилим ёнимга кириб: “Кеннойи, сизни кўчада бир киши чақиряпти”, – деди. Ҳайрон бўлдим. Ҳали остона ҳатлаб кўчага чиқмаган янги келинчак бўлсам, аксига олиб умр йўлдошим ҳам иш билан чиқиб кетганди. Чақирган ким, ака-укаларимдан бири бўлса керак, бирор зарур иш билан келиб киришга ийманиб тургандир, деб ўйладим. Бироздан кейин онамиз эшик олдига келиб овоз берди. “Қизим, ҳали юз кўришганимиз йўқ, эртага аммангиз келиб кўриштириб кетар, деб кутгандим. Кўчада дадангиз сизни бир кўрай, деб турибди. Уйдагилар билмайди, дарвозадан бир қарасин, кўришмаса ҳам майли, қайтиб кетаман, дейди ота бечора. Уйга киринг, қуда, десам ҳеч кўнмади”,– деди.  
    Аввалига ҳовлига чиқиб онамизга салом бериб кўришдим. Кейин у кишининг ҳамроҳлигида дарвоза олдига бордик. Дадам киравермагач, кўчага бўйландим. Бир-икки ҳовли нарида дадамнинг машинаси кўринди. Ўша томонга қадам ташлашим билан қўл силтади ва юриб кетди.  Ортидан дадаааааа, деб югургим келди...
    Қайнсингилим қўлида бир даста қора райҳон билан югуриб келарди. “Ўзингиз эккан райҳонлардан олиб келибдилар, сизга салом айтди”,– деди...
    Ота-онам чорлаб, улар билан дийдорлашгунча орадан анча вақт ўтди. Соғинганда ўша  гулдондаги райҳонларга гапирдим, ўкинганда ифоридан куч олдим, эрта борасан, индин кўрасан дея олмаса ҳам менга синглимдек юпанч бўлди, ўша райҳонлар.
    Баҳору ёз отамнинг пойига борганда бир қучоқ райҳон кўтариб бораман. Гулдонга сув қуйиб, дастани солар эканман: “Мен келгунча, дадамнинг қизи бўлиб туринг”, дейман уларга...

    Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот