ТАҚДИР
ТАҚДИР
Ўшанда олтинчи синфда ўқирдим. Туманимиздаги “Оқ олтин” газетасида кичик хабарлару бир-икки шеърим чоп этилган. Ижодимга ҳаммадан кўп қувонадиган дадам бир куни мени етаклаб йўлга тушди. Вилоят газетасида ишлайдиган катта шоир билан учрашиб, ундан маслаҳат олиш ниятида экан. Қабулида анча кутиб ўтирдик. Энди бизга навбат келди деганда, эшикдан ўзи чиқиб келди. Йўлига пешвоз чиққан дадам оғиз жуфтламоқчи бўлганди сўзини бўлиб: “Ака, юқоридан йиғилишга чақириб қолди. Эртага келинглар, ўтириб бафуржа гурунглашамиз”, деди самимийлик билан.
Уйимиз вилоят марказидан анча олисда. Шундай бўлса ҳам турли сабаблар билан ишидан рухсат олган дадам ниятидан қайтмади. Эртасига, ундан кейинги кунларда ҳам бориб ўша катта шоир билан учраша олмадик. Энди ақлим тиниб ўйласам дадам бояқиш, қизим таътил пайти ўқиб-ўрганиб, катта ижодкорларнинг сабоғини олса яхши бўлади, деб шунча овора бўлган бўлса керак.
Дадамнинг ҳафсаласи пир бўлдими, беш-ўн кун индамай юрди. Дам олиш кунларининг бирида мени Марғилонга, Жаҳон отин Увайсий яшаган уйга олиб бордилар. У ерда Увайсий момомизнинг авлодларидан бири яшар, гулу райҳонлар ифори уфурган мўъжазгина ҳовли жаннатдай тоза ва файзли эди. Улкан тут дарахти тагида ўтириб нафас ростладик. Уй эгаси билан бир пиёла чой устида суҳбатлашган дадам маҳалламизда Увайсий момомизнинг яқин қариндошлари яшашини, кўчамиз ҳам ҳазрати момомиз номи билан аталишини айтиб, уларнинг номини тилга олганида мезбоннинг юзи ёришиб: “Марҳаматда кўп бўлганман, Улуғ тоғнинг ҳавосидан тўйиб нафас олган одамларнинг ранги ҳам, юраги ҳам тоза, сўлим ва баҳаво жой”, деди дадамнинг елкасини силаб.
Ёғоч устунлари ўймакорлик билан нақшланган айвондан уй ичига кирарканмиз токчалар орасига қоқилган илгакларга илинган либосларга кўзим тушди. Яшил мовутдан тикилган чопон ичида оқ ҳарир матодаги кўйлак. Либоснинг енглари ва этакларига зар ипакдан жило берилган. Унинг ёнида оқ ипакли рўмол. Ўша лаҳзаларда бола кўнглимдан нималар кечганини ҳозир айтишга ожизман. Бутун вужудимда титроқ бор эди. Худди Увайсий момомиз уйнинг қайси бир бурчидан жилмайиб қараб тургандек чор атрофни кузатардим. “Рўмолни бир ушлаб кўрсам майлими”, дедим. Мезбон хушнудлик билан: “Ҳа, албатта, қизим, бу ғижимиқолсин рўмолни момомиз доим бошларидан қўймай ўраб юрганлар. Бундай либосу рўмоллардан анчаси бизгача бўлган қариндошлари, яқинлари қўлида қолган. Истасангиз сиз ҳам ўраб кўринг. Аллоҳ азиз қилган момомизнинг йўлларини берсин, умрингиз ундан ҳам зиёда бўлсин”, деб дуо қилди. Дадам шукрона айтиб рўмолни олиб бошимга ўратди. Шокилаларини силаб туриб пичирлаб айтган дуолари ҳали-ҳамон ёдимда: “Аллоҳим, шу болагинамнинг кўнглига шоирликни солган, қўлига қалам тутган ўзинг. Бу оламда тириклар сабоғини олиш қийин экан. Шундай кибрли одамлар пойида қизалоғимни хор қилма. Оламдан ўтган улуғ инсонларга, улуғ алломаларга қандай яхшилик, неъматингдан ато қилган бўлсанг, шу норасидамни ҳам Ўзинг қўлла. Катта шоир бўлсин, кўнглига сўз ишқини ўзинг жойла...” Дадам рўмолни бошимдан олиб жойига илмоқчи бўлган пайт бир тола ипаги зирагимга илиниб қолди. Тортилганда қаттиқ оғриди, додлаб юбордим. Қулоғимдан чиққан қонни бармоғи билан артаётган дадам кўзига ёш олиб: “Қизим, орзулаб олиб келгандим, билмай азоб бериб қўйдим, йиғламанг. Аммо бу ишда Худонинг бир ҳикмати бор. Мен бунга умид қиламан”, дедилар.
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира.