Моҳларойимнинг туғилган куни
Академик лицейда директор ўринбосари вазифасида ишлаб юрган кезларим эди. Соат еттидан еттигача, гоҳида ундан ҳам кечроқ уйга қайтишга тўғри келарди. Қиш- қировли кунларнинг бирида ишдан кеч қайтдим. Уйга кириш йўлагида димоғимга ёқимли таом иси урилди. Худди онам ёки синглим келиб, тансиқ таом пишириб қўйгандек юрагим орзиқди. Ўғлим Элёрбек лицей ўқувчиси, қизларим мактаб ва боғча ёшида эди. Оч-наҳор дарс қилиб ўтирган болаларимни кўриб йиғлаб юбордим. Ўғлимга: “Сизларда инсоф борми, мен ҳам, даданг ҳам тирикчилик деб ишдан кеч қайтсак, бирор кун қозон қайнатиб турсангиз нима бўларди. Бугун ҳатто тушликка ҳам вақтим бўлмади. Қачон онам келса овқат пиширади, деб ўтиришдан уялмайсизларми? Мен ҳам ҳаммасидан чарчадим. Онам ёки қайнонамга яқин жойда яшасак, эҳтимол, бундай қийинчилик бўлмасмиди. Қўшнининг уйидан келаётган таом исига шунчалик суюниб кирибманки...” Қовоғини уйиб, ерга қараб турган ўғлим : “Аяжон, мен макаронли шўрва пиширишни биламан, холос. Ану куни пиширсам ҳеч ким ичмади, ўшанда бошқа овқат пиширмийман, деб хафа бўлганман. Моҳларой энди учинчи синфда ўқийди, газ печига бўйи етмайди-ку...!” Негадир юрагим баттар тўлиқди. Кўз ёшимни тиёлмай овқатга уннадим. Худди бир айб иш қилгандек атрофимда парвона бўлаётган болаларимга қараб раҳмим келди. Кўнгиллари ёришсин учун уларни бир-бир бағримга босдим. Эртасига шошиб ишдан қайтаётсам, худди кечагидек таом иси яна димоғимга урилди. Эшикни очиб киришим билан ўша ҳид бизнинг уйимиздан келаётганини сезиб, ҳайрон бўлдим. Бошига рўмол тугиб ошхонада куймаланаётган қизалоғим мени кўриб ширингина жилмайиб:
“Мана аяжоним, кеча қўшнимиз Гулжаҳон опа манти пиширган экан. Менга ҳам хамир қоришни ўргатди. Акам қиймасини тайёрлади, хамирни саккизга бўлиб ёйиб, тугиб мантиқасқонга солдим. Ўтиринг, ҳаммаси тайёр!” Хамир жилди қалингина бўлгани билан манти жуда мазали эди. Болаларнинг қилган ишидан мен жуда қувондим, аммо бола ёшида рўзғор ташвишини торта бошлаган қизалоғимни бағрига босган дадаси кўзига ёш олди.
Бугун қизим Моҳларойимнинг туғилган куни. Яқинларимдан олисда яшаганим учун гоҳида она, опа-сингил, кези келганда дугонам бўлиб ёнимда улғайди. Бемор бўлиб бошим ёстиққа тегса, тунлари кўз юммай дармон бўлди. Ўзининг туғилган кунида тонгда туриб менга гулдаста тутиб жилмайиб турадиган қизим бугун тўрт фарзанднинг онаси. Эл суйган санъаткор Муножат Йўлчиеванинг хонадонига келин бўлиб, бахтли ҳаёт кечиряпти. Қизалоқлари Муборакхон, Маликабону, ўғилчалари Муҳаммадюсуф, Муҳаммадумар ҳам ўзидек меҳрибон, ота-онасига раҳмат олиб берадиган инсон бўлиб улғайсин.
Аллоҳим фарзандларимиз роҳатини кўриб яшашлик барчамизга насиб этсин!
Мунаввара УСМОНОВА - "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, шоира.