КУЙГАН ГУЛЛАР
Озод МЎЪМИН ХЎЖА
КУЙГАН ГУЛЛАР
(яқин тарих ҳикояси)
“Куйган гуллар” иборасига изоҳ:
Гул сотувчилар совуқ ҳаво ёки сувсизлик натижасида сўлинқираб, ўз тароватини йўқотаёзган гулларни "куйиб қолган", дейишади.
Муаллиф
Бу воқеа рўй берган пайтда юртимиз Совет Иттифоқи таркибида эди.
Мен анчагина картон қутиларга етиштирган гулларимни авайлаб жойладим. Уларни олиб, вокзалга ошиқдим. Поездда уларни Сибирдаги бир ўртача шаҳарга етказишим лозим эди. Гулларимни таниш бўлиб қолган вагон кузатувчиси кўрсатган бўлмага юкладим. Йўлга тушдик. Поезд ҳар бир учраган бекатда тўхтайвериб, икки кундан ортиқ вақтда манзилга етказди. Ниҳоят-а, ўйладим мен.
Вагон кузатувчисига хизмат ҳақини бердим-да, картон қутиларни поезддан туширдим. Ҳар бирини очиб кўриб чиқдим. Эвоҳ!.. Гулларимнинг кўп қисми куйиб қолибди!.. Энди, уларни нима қиламан? Биргина йўл, бу гулларни кўзланган нархдан анча паст бўлса ҳам сотиб юбориш эди. Йўқса, шунча меҳнат ва ҳаракатлар зое кетарди. Шу пайт, мени кутиб олишга ваъда қилган шу манзиллик тадбиркор йигит етиб келди. У гулларимни ўз шаҳрида сотишни йўлга қўйганди. Унга ҳолатни баён этдим. Арзимга жавобан, йигит ҳам қутиларнинг барчасини очиб кўрди ва мени юпатди.
– Ваҳима қилма. Юрагингни сиқма. Арзонроққа бўлса-да, амаллаб сотамиз. Шакарли ва ўғитли сувга солиб қўяман, озгина бўлса-да, тириладилар. Уларни ҳозир бозорга олиб кетаман. Сен эса дам ол. Йўл азоби – гўр азоби, дейишади. Ижара уй гаплашиб қўйганман. Эртага тонгдан иш бошлаймиз.
Гулларни унинг машинасига жойладик ва йўлга тушдик. Йигит уларни бозордаги савдо дўконида қолдирди ва ёрдамчисига куйган гулларим ҳақида кўрсатмалар берди-да, мени яшаш жойимга олиб бориб қўйди ва пешвоз чиққан момога менинг кимлигимни айтди-да, ишхонасига қайтди.
Бу уй шаҳар четидаги, қалин ўрмонга яқин ерда жойлашганди. У савлат тўкиб турган бўлмаса-да, ўзига хос, ўрисона, бир қаватли ёғоч уй эди. Момо ижара ҳақида гаплашган ўғли ўз ишхонасида эканлигини хабар қилиб, мени уй ичига бошлади. Жомадонимни кўтариб, ортидан юрдим.
– Мана, бу сенинг хонанг! – хитоб қилди у, кираверишдан чап томондаги мўъжаз эшикни очиб, – яшаш ҳақи шеригинг билан келишилган бўлса керак, мен билмайман. Ўғлим келганда айтади. Ҳозирча жойлаш! Дам ол... Айтгандай, қайноқ чой ичасанми? Қорнинг ҳам очдир?
– Майли, – дедим мен.
Танамга иссиқлик кириши хабари мени қувонтирди. Бундан бироз бўлса-да, тетиклашсам керак. Чарчоғим ҳам кетади. Бошқа томондан, момонинг таклифидан ажабландим. Чунки, кўпинча, ўрта минтақадаги ўрис хонадонларида, агар уларга яқин таниш одам бўлмасангиз, бехосдан ташриф буюрганларга бундай такаллуф қилинмас эди. “Балки, узоқ жанубдан келганим учундир”, ўйладим мен. Умуман олганда, Сибирь ерларида жануб дейилганда ё Тошкентни ёки Олмаотани тушунишади.
Енгил кийимларимни кийиб, кўрсатилган жойда юз-қўлимни ювдим. Қуруқ кирмай деб, жомадонимдан бир ҳовучдан туршак ва майиз олдим. Уларни столга ёзилган чиройли клёнка дастурхон устига тўкмоқчи эдим, момо дарҳол икки тақсимчани муҳайё қилди.
– Мана шуларга солақол, – деди у.
Айтганини бажардим.
– Ҳой, жанублик! Тошкентдамисан ё Олмаотаданми? – сўради момо, кутганимдай.
Унга синчиклаб қарадим. Ёши тахминан етмиш бешларда. Лекин, бардамгина. Жуда ҳам шарти кетиб, парти қолган ва мункиллаган кампир эмас.
– Тошкентданман, бабушка! – жавоб бердим мен.
– Мени бабушка дема! Аний, де! Биз ўрис эмас, татарлармиз! – деди момо қандайдир фахр ва ғурур билан. – Биз ҳам сенга ўхшаган мусулмонмиз.
– Оллоҳга минг қатла шукур! Шундай ўрмонзорга яқин жойларда ҳам мусулмонлар бор экан, – сўз қотдим мен.
– Чойни иссиқ-иссиқ ич! Шакардан сол. Қора нон еяверасанми? Ол. Қувват беради! Йўлда роса чарчагандирсан? – қистади аний.
– Раҳмат, аний! Сиз ҳам манави туршак, майизлардан тотиб кўринг!
У бир майизни олиб оғзига солди ва сўз қотди.
– Чой ичгин-да, кейин ухлаб ол. Иш ҳеч қачон тугамайди. Одамзот доимо ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа чопаверади, тиним билмайди. Бу маскан – кон шаҳри. Бутун ҳаёт шу конга боғлиқ. Ўғлим, келиним ва набирам ҳам ўша ерда ишлашади, – жилмайди момо.
– Ҳа, шаҳрингизни биламан, илгари ҳам келганман, – дедим мен.
Аний менга синовчан боқди.
– Сендан бир нарса сўрамоқчиман...
– Бемалол, сўрайверинг! – дедим, анийни нима билан хурсанд қила олар эканман, деб ўйлаб.
У, умуман кутилмаган саволни берди.
– Жаноза ўқишни биласанми?
– Йў-ўқ, – жавоб бердим ҳайратга тушиб.
– Қуръондан нималарнидир биласанми? – умид билан сўради у.
– “Алҳамдулуллоҳ” билан “Қулҳу оллоҳу аҳад”ни...
– Ҳар тугур... Қани, бир ўқиб кўр-чи!
Мен “Фотиҳа”ни бир марта, “Ихлос”ни уч марта ўқидим-да, савобини Оллоҳга, шу ердан ўтганларнинг руҳига ва умидворларга бағишладим.
Анийнинг кўзларидан ёш чиқди. Ва кафтларини очиб, юқорига қараб, тилак билдирди.
– Ё, Оллоҳ! Ё, парвардигор! Шу йигит уйимдан кетгунча менинг жонимни ол!
– Вой, нега бундай деяпсиз? – яна ҳайратга тушдим. – Яхши ният қилинг. Яратгандан умр сўранг!
– Бизникида неча кун турасан? – сўради у.
– Бир ҳафта, – маълумот бердим.
Момо яна кафтларини очди.
– Ё, Оллоҳ! Шу ҳафта ичида менинг жонимни ол! – илтижо қилди у.
– Нега, бунақа деяпсиз? – сўрадим талаб оҳангида.
Момо бироз жим қолди. Сўнг, жавоб бера бошлади.
– Бир пайтлар, коммунистик партия чақириғи билан, ота-онам, мени, ўн яшар қизчани етаклаб бу шаҳарга келишган. Оғир даврлар эди. Ўшандай чақириқларга рад жавоби бериб бўлмас эди. Ҳукуматга ёқмайдиган бирор иш қилсанг, ё қамашарди ёки отиб ташлашарди. Динга қарши кураш эълон қилинганди. Шунинг учун, ота-онам эҳтиёткорлик қилиб, менга мусулмончиликдан ҳеч нарса ўргатишмаган. Шу ҳолатда вафот этиб кетишди. Шаҳримизнинг аҳолиси аксар христианлар. Менинг ҳаёт йўлимда бир татар йигит учради. Бир-биримизни ёқтирдик ва унга турмушга чиқдим. У ҳам мен каби диний билимсиз эди. Ўғил фарзандли бўлдим. Уни кўрасан, кечки пайт келади. Эрим ҳам вафот этди, уч йил олдин. Биз на христианмиз, на мусулмонмиз. Бунга сабаб, шаҳарда на масжид бор, на бирор билимдон мусулмон бор. Ноилож, эримни ўрисча дафн этдик. Аммо, мен нариги дунёга бундай боришни истамайман!
Мен индамай унинг оғзига қараб туравердим. Аний гапларини давом этдирди.
– Ахир, Оллоҳнинг ҳузурига жанозасиз, тиловатларсиз қандай бораман! У мени қандай қабул қилади? Менинг жасадим ёнида ким Қуръон ўқийди?.. – хитоб қилди у.
– Бирор мусулмон топилар, шундай катта шаҳарда? – сўз қотдим оҳиста.
– Йўқ, ҳеч ким йўқ! Роса суриштирдим. Мана, сен ҳар ҳолда Қуръон ўқишни билар экансан. Шу ҳафтада Парвардигор жонимни олса, тўнғиз қавмида кетмайман. Чунки, сен борсан, руҳимга бағишлаб тиловат қиласан. Билганингча, мени у дунёга кузатасан. Энди, мен ҳар куни илтижо қиламан: шу ҳафта ичида, уйимиздан кетгунингча, мен Оллоҳнинг ҳузурига борай. Ҳаётимни яшаб бўлдим. Энди, орзуим – чин мусулмон каби дафн этилишдир.
Мен момога нима дейишни билмас эдим. Динни чуқур ўрганмаган, оддий бир гулчи бўлсам?
– Инсон ўзига ўзи ўлим тилаши нотўғри, – дедим ниҳоят.
– Сени менга парвардигорнинг ўзи етказди, бунинг учун шукурлар қиламан. Чойингни ич, совиб қолаяпти. Майли, ҳеч бўлмагандан кўра, кеч бўлса ҳам, менга ана шу сураларни ўргат! – илтимос қилди у.
– Яхши, – дедим мен. – Бу қийин эмас.
Ярим соатча аний момога ўзим билган икки сурани қайта-қайта айтдим. У ҳам қайта-қайта такрорлади. Лекин, унча эсида қолмади. Шунда, ундан қоғоз-қалам сўрадим-да, уларни ёзиб бердим.
Эртаси кундан бозорга кетдим. Шеригим билан гулларни сотишга урина бошладик. Унинг шакарли ва ўғитли суви унча-мунча ёрдам берибди. Кўплари анча тирилибдилар. Шу тахлит тўрт-беш кунда уларни амаллаб, кўтарган нархига сотдик. Шу кунларда, ҳар кеч, аний билан ҳамсуҳбат бўлар эдим. У ёдлаган сураларини менга ёддан айтар, талаффузи қандай чиқаётганини сўрар эди. Билганимча, уларни тузатар эдим.
Ниҳоят, кетадиган куним яқинлашди. Мўлжалимдаги фойда чиқмаса ҳам, ҳар холда зиён қилмагандим. Мен гулчиман, аммо йўл-йўлакай савдогарчилик қилсам, айб бўлмас, деган фикрга келдим. Шунинг учун, бу ердан ўзимизда йўқ моллар харидлар қилишни, яқинларимга совғалар олишни режалаштирдим. Уни амалга ошириш учун бир кун ажратдим.
Кечки пайт, чой ичиб, суҳбатлашар эканмиз, момога сафарим қариганини, индинга ватанимга йўл олишимни айтдим.
Аний маъюсланди.
– Бунча тез?.. – сўради у. – Бир ҳафта ўтиб кетганини қара. Мен шу кунларда Оллоҳдан икки нарсани сўрадим: жонимни олишини ва куйган гулларингни сотилишини. У иккинчи илтижоимни қабул қилибди... Сен ўтириб тур, ҳозир келаман.
У ўрнидан туриб, ўғлини чақириб келди. Фарзанд қирқ беш ёшлар чамасида басавлат одам эди. Шу ҳафта давомида у билан кўп гаплашмаган бўлсам-да, унинг софдил, кўнгли тоза одам эканлигини пайқагандим.
– Ўғлим! – аний унга юзланди. – Сен меҳмонимиздан у билган Қуръон сураларини ўрганиб ол. Уйимизда бугун ва эрта бўлади. Индинга кетади. Яхшилаб ўрган, вафот этганимда тиловат қиласан. Қандай кафанлашни, қандай дафн этишни ҳам яхшилаб билиб ол. Ундан ижара ҳақи олма. Индинга уни “Москвич” машинангда вокзалга олиб чиқиб қўй! Тушундингми?
– Ҳа! Хўп, она! Айтганингиздек қиламан, – деди у.
Мен анийнинг ўғли билан кетгунимча шуғилландим. Унга ўзим билган икки сурани ёдлатдим. Кетар пайтимда, уйимга етиб боргач, илмли одамлардан жанозани қандай ўқилишини билиб, хатда ёзиб юборишга ваъда бердим.
***
Яна поездда, ўз ўрнимга ётиб олиб шаҳримга йўл олар эканман, охирати ҳақида қайғураётган момони кўп ўйладим. Уйимга келгач ҳам, унинг гаплари, айниқса “Шу йигит кетгунча, менинг жонимни ол, ё Оллоҳ!”, дейишлари ҳаёлимдан кетмасди.
Келганимдан сўнг, икки-уч кун ичида анийнинг ўғлига берган ваъдамни бажардим. Ва ўзимни енгил ҳис қилдим. Аммо, ўша момо мени ўзгартириб қўйганди. Борлиғимиз ҳақиқатларига қизиқа бошладим. Хусусан, атрофимда яшаётган одамларга бошқача нигоҳ билан қарайдиган бўлиб қолдим.
Ўз юртим одамларини кузатаман. Баъзилар ўзларининг қандай шароитда ўсиб унганларининг қадрига етмайдилар. Уларнинг маҳаллаларида масжид, атрофларида кўп илмли одамлар бор, аммо охиратга ёруғ юз билан боришнинг оддий талаблари билан умуман қизиқмайдилар, ҳаёлларига вафот этганда қай тарзда ва қандай ҳолатда Яратганга рўпара бўлиш тўғрисидаги фикр умуман келмайди. Эл қатори маъракаларга борсалар, бирор сурани ўқий олмай, бошқаларнинг оғзига қараб турадилар.
Уларнинг дарду ғамлари фақат пул. Фақат айш-ишрат...
Ахир, ҳақиқий “куйган гуллар” шулар эмасми?
Шароит тақозоси билан куйиб қолган гулларни ўғитли ва шакарли сувга солиб, бироз тирилтириш мумкин. Лекин, инсон қиёфасидаги “куйган гуллар”ни ўша сибирлик аний момога ўхшаб фикр юритишга қандай ўргатиш мумкин?..
Тошкент. 1997.