БИР КУНИ...
БИР КУНИ...
Ўшанда еттинчи синфда ўқирдим. Туманимиздаги “Оқ олтин” газетасида бир –икки хабарчаларим, иккита шеърим чоп этилганди. Дадам ёзганларимни вилоят газетасида ишлайдиган катта шоирга кўрсатмоқчи, ундан маслаҳатлар олиб, ижодимнинг юксалишига бош-қош бўлмоқчи бўлди. Бордик. Қабулида анча кутиб ўтирдик. Энди бизга навбат келади деганда эшикдан ўзи чиқиб келди. Суюниб кетган дадам йўлига пешвоз чиқди: “Шу қизим...” деганича сўзи оғзида қолди.
– Ака, мени йиғилишга чақириб қолди. Эртага келинглар, албатта, гаплашамиз, – дея шошганча чиқиб кетди.
Шаҳар маркази уйимиздан анча олисда эди. Эртасига, ундан кейинги кун ҳам дадам билан бориб ўша катта шоир билан суҳбатлаша олмадик. Энди ўйласам, дадам шўрлик, қизим мактаб таътили пайтида ўқиб-ўрганиб, катта ижодкорларнинг сабоғини олса фикри янаям тиниқлашади, деб шунча ҳаракат қилган бўлса керак. Беэътиборлик билан қилинган муомала-муносабатдан дадамнинг кўнгли совидими, беш-ўн кун индамай юрди. Бир дам олиш куни мени Марғилонга олиб боришини айтди. Марғилонга, Жаҳон отин Увайсий яшаган уйга бордик. Кекса ва улкан тут дарахти тагида ўтириб нафас ростладик, ҳақларига дуо қилдик. Увайсий момомизнинг авлодларидан бири ўша ҳовлида яшайди, дейишган эди, рост экан. Бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Анча гурунглашдик. Дадам, маҳалламизда Увайсийнинг авлодлари яшашини айтиб, уларнинг исмини тилга олганда кўзлари қувнаб: “Мен Марҳаматда кўп бўлганман, сўлим жой, жигарларимиз кўп у ерда”, – деди. Кўчамизга табаррук момомизнинг номлари берилганини эшитиб, севинчдан кўзларига ёш олди. Момомиз яшаб ўтган уйга бизни таклиф этди. Айвонли уй ичига танча қўйилиб атрофига кўрпачалар ёзилган. Шундай улуғ шоиранинг уйида, у яшаб ижод қилган манзилда турганимдан бола кўнглим яйраб кетганди. Деворга илинган ипак рўмолни кўриб: “Рўмолни бир ушлаб кўрсам майлими?”, – дедим. Амаки меҳрибонлик билан: “Албатта қизим, истасангиз ўраб кўринг. Увайсий онамизнинг руҳлари шод бўлсин ”, – деб дуо қилди.
Дадам рўмолни авайлабгина қўлига олиб, бошимга ўратди. Қўллари, бутун вужуди титрар эди. Рўмолнинг шокилаларини силаб, шундай деб пичирлади: “Оллоҳим, шу болагинамнинг кўнглига шоирликни солган ўзинг, қўлига қалам тутган ҳам сен. Тириклар сабоғини олиш қийин экан. Ўзгалар пойида хор қилма. Ўзинг, бу оламда яшаб ўтган улуғ инсонларингга қандай гўзал неъматларингдан ато қилган бўлсанг, шу норасидамнинг ҳам ўзинг қўлла. Ўзингдан бошқа сўрагувчим йўқ...”. Дадам рўмолни илгакка илиб қўйиш учун бошимдан олганда, қўққисдан додлаб юбордим. Зирагим рўмол ипагига илиниб қолган экан. Қулоғимдан чиққан қонни бармоғи билан артаётган дадам кўзига ёш олиб: “Қизим, ўйнатгани олиб келиб, билмай азоб бердим, йиғламанг. Аммо бу ишда Худонинг бир ҳикмати бор”, – деди.
... Кейинчалик чинакам ижод йўлига тушиб, унинг заҳматларини тортар эканман, тақдир йўлларим кўп бор Жаҳонотин Увайсийнинг муборак исмлари билан тўқнашди. Аввало, ўзим шоиранинг чин муҳиби бўлдим. Қолаверса, Юнусободда кўп йиллар Увайсий маҳалласида яшадим. Ҳар гал бирор ёш ижодкор эшикдан кириб келса Марғилонни, дадамни, зирагимга илинган шокилали рўмолни эслайман...
Тириклар сабоғини олиш қийин экан, деб озор топмаслиги учун кўнглига қарайман...
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира.