БИР КУНИ...


Мунаввара УСМОНОВА - "Саодат" журналининг Бош муҳаррири,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.

 БИР КУНИ...

      Ўша кезларда Тошкентга кўчиб келганимизга кўп бўлмаган, гоҳида ота-онам, яқинларимни соғиниб кўзимга уйқу келмасди.  Яшаётган ижара уйимизда телефон йўқ,  вақти-вақти билан уйдагиларга сим қоқиб гаплашиш дийдор ўрнини босолмайди. Шундай кунларнинг бирида гўшакни дадам кўтарди. Анча гаплашдик.  Болалар мактабдан таътилга чиқса, албатта, борамиз, дедим юрагим тўлиб. Шунда дадам: “Келманг, қизим. Туғилган кунингиз онангиз билан бирга борамиз.  Кейин сизлар ҳам биз билан қайтасиз”, дедилар. Ўша лаҳза, ўша онда елкамдан икки қанот ўсиб чиққандай шодландим.  Ота уйимизга борганимга ойлар ўтган, соғиниб фурсат пойлаб юрган маҳзун кунларим қувончга алмашди.  Оиламиз билан қувонардик. Болалар ҳам йигирма кун... ўн тўққиз кун... деб бармоқ санашарди. Ўша кунга бир кун қолганида сабрим етмай, уйга сим қоқдим. Укам билан ҳол-аҳвол сўрашгач, дадамлар қачон йўлга чиқишади, дедим. Ундан: “Опа, дадам касал бўлиб қолди. Қон босими ошиб касалхонага тушиб қолганлар. Опангга айтманглар, овора бўлиб келиб юрмасин, йўл харажати ҳам анча, яхши бўлсам ўзим бораман, дегани учун сизга айтмадик”, – деган гапни эшитиб, юрагим тўхтаб қолай деди.  Йигирма кундирки, ҳар куни дадам тушимга кирарди. Ҳар куни онам билан хаёлан гаплашардим. Маошим устидан қарз олиб, жаннатиларимга совғалар олгандим. Уларга атаб ёзган шеърларимни  ёд олган болаларим ҳар куни имтиҳонимдан ўтарди. Гулқоғозлари йиртилиб, хароб ҳолга тушган уйимизни (бировнинг уйи бўлса ҳам) оқлаб-кўклаб чиройли қилганимиздан  севиниб яшаётган эдик. Бир кун қолган эди... Атиги бир кун... Сим қоқмасам бўларкан. Қўлимиздаги бор маблағимизни яхши кун учун сарф қилиб қўйганмиз. Энди қандай қилиб тонг оттираман, қандай қилиб туғилган кунимда шодланиб ўтираман. Олган совға-саломимни бағримга босиб йўлга тушай десам, болаларим йиғлаб қоладими? Ўша телефон буткаси ёнида қанча ўтирдим, қандай ўтирдим, ёдимда йўқ. Уйга судралиб кириб борганимда оқшом чўккан эди. Югуриб кетгим келарди. Довонни, йўлни, шаҳарни, ўзим суйиб, ўзим ғурурланган ҳамма нарсани шу топда ёмон кўрардим. Дадамнинг елкасига бош қўйиб тўйиб-тўйиб йиғлагим келарди. Соғинганимни, соғиниб кетганимни, уч ойдан бери дийдорига ташна бўлганимни айтгим келарди. Уйим ҳам, ундаги созланган жиҳозлар ҳам ғариблашган, болаларимнинг кўзларида мунг бор эди. Тонг отди. Ишга отландим. Болаларим дафтар варақларига рангли қаламлар билан ҳар хил расмлар чизиб деворга илиб қўйган, шарлар билан хонани безатиб кўнглимни кўтармоқчи бўлганларини кўриб бироз дилимдаги   ғашлик тарқади.  Ишладим, ҳоридим, шогирдларим, ҳамкасбларим туҳфа этган гулларни кўтариб уйга қайтдим. Эрта тонгда туриб йўлга отланиш ниятида йўл тадоригини кўришга ошиқиб борардим. Йўлакдан уйга кириб бораётганимда негадир юрагим ҳаприқа бошлади. Онам бурмали кўйлаги ёқасига қадаб оладиган қалампирмунчоқнинг иси димоғимга урилди.  Касал отамни ташлаб онам келармиди, деган ўй  билан эшик очдим. Остона ҳатлашим билан ўрик, олча, олма тўлатилиб устига ток барглари тўшалган қутиларга кўзим тушди. Кейин... кейин уйимиз тўрида ўтирган ота-онамни кўрдим.  Дадамнинг бағрига бошимни қўйиб, юзларини силарканман, “Озиб кетибсиз, дадажон, рангларингиз ҳам синиққан. Касал ҳолингизга нега келдингиз, эрталаб ўзим йўлга чиқардим”, дедим. Меҳрибоним эса: “Эр киши ваъда бердими, ўлса ҳам лафзида туриши керак. Қодир Аллоҳим қувват берди келдим, олтиним. Тирик эканман, ҳолингиздан хабар олавераман. Ҳар фаслнинг меваси пишганида олиб келавераман. Узум пишиғида бир келсам, беҳи пишганида икки келаман”,  дедилар бошимни силаб. Фарзандларим улғайиб, давлатим бисёр бўлганда, боришга имкон топганимда дадам йўқ. Онамнинг борига беҳисоб шукур, меҳри, дуолари билан юксалиб юрибмиз. Аммо  оталар қизларини бошқача суяди-да! Бошқача меҳр беради-да! Йиғласам, тушкунликка тушиб маҳзун бўлсам, дадам раҳматли тушимга киради. Гоҳида қўйнига новвот солиб келса, бирида янги кўйлак туҳфа қилиб севинтиради. Ҳар йили туғилган кунимда отам ёнимда эканини юракдан  ҳис этаман. Жоним отам, боғбоним, жаннатим отам. Охиратингиз обод бўлсин!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот