Отамни мен соғинган дамлар


Бобур БОБОМУРОД
Отам хотирасига...
*  *  *
Отамни мен соғинган дамлар,
Юрагимда сезаман камлар.
Кошки дейман ёнимда бўлса,
Меҳри билан жонимда бўлса. 
Бу мураккаб ҳаёт йўлида,
Ёмғирлари, қори, дўлида,
Отам бўлса содиқ сарбоним,
Бўлмас эди зарра армоним. 
Дадил қўйиб қадамларимни,
Сезмас эдим аламларимни.
Манзилларим бўлиб нурафшон,
Қалбим гули билмасди хазон. 
Дуолари бўлиб нажотим,
Топмас эди шикаст қанотим.
Жоним билан айлаб хизматин,
Фарзандлигим оқлар эдим чин. 
Отамни мен соғинган дамлар,
Кўзларимни қоплайди намлар.
Бор ҳасратим бир четга қўйиб,
Яшасайдим меҳрига тўйиб... 

ЖОНИМ ДАДАМ

Инсофга келгин, ҳаёт,
Урар бўлиб, қилма дўқ.
Мени айлар эҳтиёт -
Жоним дадам энди йўқ.

Бўлгин танти, бўлгин мард,
Илинмагин ҳадеб дард.
Қўндирмаган менга гард -
Жоним дадам энди йўқ.

Бўта каби бўзласам,
Дард, аламим сўзласам.
Мададини кўзласам -
Жоним дадам энди йўқ.

Умр ичра қанча зор,
Қанча умид, армон бор.
Қўллагувчи нажоткор -
Жоним дадам энди йўқ.

Қолсам ғам дарёсида,
Ё ғафлат дунёсида.
Асраган дуосида -
Жоним дадам энди йўқ!

2020.21.6. 20:00.
Бухоро - Тошкент. "Шарқ" поезди.
  
    Шеърнинг аудио варианти - Профессор, Нотиқлик санъати академиясининг раҳбари, нотиқ - Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ ижросида ўқилди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот