ОНАГА АТАЛГАН СОВҒА


   Ўша йили уч нафар акамни бирин-сирин хизматга чақиришди. Нодир акам вилоят ҳарбий комиссариатига кетгач, онамнинг ҳаловати йўқолди. Шом пайти эшикдан кириб келган акамнинг: “Эртага соат 12 да жўнайман”, деган гапини эшитганда ранги бўздай оқариб, титрай бошлади. Ўша куни туни билан мижжа қоқмадик. Тонг саҳарда туриб ёғли кулча ёпган онамнинг кўзлари қизариб кетган, бирортамиз билан гаплашмасди. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни, акамнинг жўралари билан лиқ тўла ҳовлида кулги, аския, суҳбатлар авжга чиққан, катта қозонда ош дамланди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора, мен ҳовлида кўринмай қолган онамларни қидира бошладим. Ҳовлимизнинг четида омборнинг бир бурчагида рўмолини юзига босиб йиғлаб ўтирган экан. Онамга нима деб далда беришни билмай, дадамни чақирдим. Дадам табиатан оғир-босиқ, меҳрибон инсон эди. Улар ҳам ўша паллада ҳамма билан шод-хуррам суҳбат қуриб ўтиргани билан кўзлари маъюс тортиб қолган, гапирганда овозида титроқ бор эди. Бироқ онамнинг ёнида ўзини хотиржам, хурсанд кишидек тутди:
– Ие, Зулфияхон, бир этак соғлом болаларимнинг полвон онаси бор, деб қувониб юрсам, бу нимаси? Одамлар нима дейди? Алпдек ўғилларни уйга қамаб олиб ўтирасизми? Йигит кишининг номига доғ тушмайдими? Акам урушга кетаётган кунда онам: “Ой бориб, омон кел, болам”,– деб кулиб кузатгани ҳаммамизга ибрат, акамга эса қувват бўлганди. Юртга келган тўй, хизматга бориб ўз йигитлик бурчини ўтаб қайтишнинг нимаси ёмон, нимага йиғи – сиғи қилиб ўтирибсиз?! Кулиб кузатинг, бағрингизга босиб, дуо қилиб кузатинг. Юрт кўради, эл танийди, мусофирликда одамда асл инсонийлик ҳисси камол топади. Ўғилларимиз тоғни урса талқон қилгудек йигитлар. Айниқса, Нодиржон тишида арқон тортиб машина юргиза оладиган, елкасига ака-укасини ўтқазиб олиб, майдонда “Андижон полкаси”га ўйнаб берадиган паҳлавон-ку! Одамларнинг нимжон, икки пақир сувни бемалол кўтара олмайдиган ўғилларини ҳам армияга олиб кетишди. Қозондаги ош-овқат ўрнига меҳмонларга заҳар тортасизми?... Ҳамманинг кўнглига ғашлик, ғам соласизми? Туринг, бардам бўлинг! Яхши ният қилинг, кўз ёшлардан Худо асрасин! Тайёргарлик кўринг: сизлар ҳам кузатгани борасизлар!
– Шу боланинг полвонлигидан чўчиб йиғлаяпман-да, дадаси! Бунинг келбатини кўриб уруш бўлаётган юртга олиб кетади, деб қўрқяпман-да! Саврихон опанинг ўғли Аҳмаджон ҳам шунақа полвон, келишган йигит эди. Сараларнинг сараси эди. Саккиз ойда темир тобутда олиб келди-ку! Ҳатто, онаси совуқ дийдорини ҳам кўролмади. “Унинг ичидаги менинг болам эмас, дилбандим қайтиб келади, мана кўрасизлар, баҳорда келади”, – деб ўзини овутгани билан, йиғлай-йиғлай кўзлари кўрмай қолди. Шундан қўрқаман, қўрқиб кетаяпман...
   Ўша куни онам акамни кузатгани бормади. Ёлғиз қолмасин, деб мени онамнинг ёнида қолдиришди. Акамнинг эгнидан ечиб олган кўйлагини юзига босганча кун бўйи унсиз йиғлади. Акамдан хат келиб тинч жойларда хизмат қилаётганидан хабар топган кунимиз уйимизда байрам бўлди. Аммо орадан икки ой ўтмай, Тошкентда институтни битириш арафасида турган Абдулҳамид акам ҳам хизматга жўнади. Муҳаммадқодир акамга чақирув қоғози келганини, у ҳам икки кун ичида хизматга жўнаб кетиши кераклигини онамга айтиш жуда қийин кечди. Акам ўзини кузатиш учун йиғилган яқинлар, қўни-қўшнилар билан кўчада хайрлашиб, кўзи билан онамни ахтара бошлади. Мен югуриб ҳовлига кирдим. Онажоним акам тишлаб берган нонни бағрига босганча дарвоза олдида турарди. Тўлиб-тошиб турган бўлса, акамни кўриб додлаб юборади, деган андиша билан ёнига яқинлашдим. Онам йиғламади. Акам билан кулиб хайрлашди. Бағрига босган пайтида қулоғига секин “Ўғлим, армиядан қайтишингда менга битта рўмол обкегин”,–деди. Ва оёқ остидаги нўхат донасидай тошчалардан териб, чўнтагидан рўмолчасини олди-да тугиб, акамнинг қўлига тутди. “Олиб кетишнинг иложини қилсанг, бу етти дона тош сенга омонат, йўқотмай ўзимга қайтарасан”, – деди. Акам: “Хўп, онажоним, хўп, албатта, олиб келаман. Энг чиройлисидан обекеламан, бу тошчалар юрагимнинг устида сақланади”, –дея чўнтагига солди. Бу сафар онамнинг эмас, отамнинг кўзида ёш кўрдим. Ҳамма кетгач, онам тўйиб-тўйиб йиғлаб олса керак, деб ўйлаб, секин ҳовли юзига бўйландим. Йўқ, онам ўз иши билан андармон бўлиб юрарди. Орадан бир-икки кун ўтгач, онамга савол бердим: “Онажон, хилма-хил рўмолингиз бор эди-ку, нега акамни хижолат қилиб рўмол обке, дедингиз? “Оҳ, болама,– деди онам оғир хўрсиниб. – Бу ожиз кўнглим сезиб турибди, аканг анави отинг ўчгур “ўша томон”ларга тушади. Боламнинг кўнглига ғулғула солмай дедим, мени ўйлаганда кулиб хайрлашганим ёдига келса, кучига-куч қўшилади, деб ўзимни дадил тутдим. Ботир болам, узоқ йўлга, мусофир юртга, ёмонлар-ла ёвлашгани кетган болам, шоқоллар билан олишгани кетган болам. Энди осмонга боламнинг бошидан бало ёғдирмагин, деб, қаро ерга боламнинг ютмагин, деб ёлвораман..."
   Акаларим омон-эсон уйга, юртга қайтди. Акамнинг айтишича, ҳар вақт ёв билан рўбарў бўлганида онамнинг: “Рўмол олиб кел, болам”– деб айтган сўзлари қулоғи остида жаранглар, саросимага тушиб, қийналиб қолган пайтларида эса ҳовлимиздан онам териб берган тошчаларни кафтига олиб ундан юпанч, қувват олар экан.
 Ойлар, ойларни қувалаб йиллар ўтди. Яхши, ёруғ замонлар келди. Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик халқимизнинг фаровон ҳаёти, бунёдкорлик салоҳияти, Ватанимиз тараққиётининг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. Қудратимиз, тенглигимиз ичра тенглигимизни бугун бутун дунё тан ола бошлади. Биз буюк аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Халқимиз мардлик ва жасурликни доимо қадрлаган. Шу боисдан ҳам Широқ, Алпомиш, Гўрўғли каби афсонавий қаҳрамонларни яратиб, уларнинг сиймосида асл инсоний фазилатларни мадҳ этганлар. Энди бизнинг миллий армиямизда чин маънодаги юртнинг фидойи ўғлонлари хизмат қилмоқда.
 Байрам арафасида Фарғона вилоятида тоғли ҳудудларда жойлашган чегара постларида хизмат қилаётган ўғлонларимиз билан дилдан суҳбатлар қилдик.
 Суҳбатимиз мушоирага айланди. Учрашув давомида бир йигит, бугун менинг онамнинг туғилган куни, оналарга атаб шеър ўқиб беринг, дея менга юзланди.
 Ўқидим. Тоғ гулларидан жамланган анвойи гулдастани менга тортиқ қилаётган йигитдан: “Онангизга нима совға қиласиз?” – деб сўрадим. “Яқинда хизматдан қайтсам, онам ўзи танлаган совғаларини олиб бераман, онам эса, менга ўзим танлаган қизни олиб берадилар”, –деди. Даврада кулги кўтарилди. Йигитларнинг руҳиятидаги кўтаринкилик, уларга яратилган шароит, мазали таомларни кўриб, тоғнинг ҳавосидан тўйиб нафас олиб, юртга соя соладиган булутниям йўлини тўсишга тайёр турган бургутнигоҳ, юртимиз лочинларига қараб ҳавасим келди. Аждодлар руҳи олдида, “Она-Ватанимизга садоқат билан хизмат қиламан,”– дея қасамёд қилган ўғлонларимизга кўз тегмасин.
   БАЙРАМИНГИЗ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН АЗИЗ ОҒА-ИНИЛАРИМ!


  Мунаввара Усмонова - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот