БИР КУНИ...


ЧИННИГУЛЛАР

    Февраль ойининг бошлари эди. Ўғилчам ёнимга келиб: 
–  Аяжон, энди сиз подвалга тушманг, хўпми?–деди ширингина жилмайиб.
– Вой, қўрқитма одамни, нима ертўладан илон чиқдими?– Ҳайратланганимни кўрган ўғлим: 
–   Йўқ, йўқ, илон йўқ! Чақадиганмас, яхши нарса бор. Аммо кўришингиз мумкинмас, – деб қовоғини ёлғондан уйиб қўйди. 
   Ширинтойимнинг  қулоғимга шивирлаб айтган гапи юрагимни яшнатиб юборди. Ўша пайтдаги моддий имкониятимиз ўзимга аён бўлгани учун, дадаси менга билдирмай, бирор керакли рўзғор буюмини олиб келиб яшириб қўйган, сюрприз қилмоқчи деб ўйладим. Одаммиз-да, ўғлим кирманг, дегани сари ертўлага тушишга  баҳона қидирардим. Пешин пайти уни ухлатиб, дарҳол у тақиқлаган жойга югурдим. Қатор-қатор қилиб терилган шарбату  тузламалар орасида бир тўп чиннигул (гвоздика) яшнаб турарди. Қизил, оқ, ҳатто сиёҳ рангдагиси ҳам бор. Шиша гулдон ичига солиб қўйилган гулларни қўлимга олиб бағримга босдим. Беихтиёр ўйга толдим. Дадаси байрам арафасида гулларнинг нархи ошиб кетишини билади-да, шунга эртароқ олиб келган... Яна бир кўнглим бизнинг қишлоқларда табиий гул сотиладиган дўконлар йўқ, шаҳарга йўли тушган бўлса олиб келгандир, деган фикрга келдим. Нима бўлганда ҳам бу гуллар бир ой яшнаб туришига ақлим етмасди. Кун санай бошладим.
   “Гулингизни кўрдим, шу гулни туҳфа қилган онингиз мен учун баҳор байрами, дадаси, олиб чиқинг”, демоқчи ҳам бўлдим. Аммо бармоғини лабига босиб,  сизга зўр сиримиз бор, дейдиган ўғилчамнинг  қувончини синдиргим келмасди. 
   Ҳар куни бир-икки маҳал гуллардан хабар оламан. Сувини янгилаб, бир чимдим шакар солишни канда қилмайман. Ғунчалари очилиб кундан-кунга чиройга тўлиб бораётган гуллар менинг дугонамга, қувончимга айланганди. 
Хуллас, биз кутган баҳор байрами ҳам келди. Эрта тонгда юз-қўлини ҳам ювмай, дадаси билан етаклашиб чиқиб кетган ўғилчам эшикдан кириб: “Аяжон, аяжоним, кўзингизни юмиб туринг, бизнинг байрамга зўр совғамиз бор”, деди. Кўзларимни очиб гулларни кўргач, севиниб (рост билан) йиғлаб юбордим.
– Биз бироз янглишдик-да, аяси. Шаҳарга боргандим, гул дўконнинг  ёнидан ўтаётиб икки кундан кейин байрам деб ўйлаб сотиб олдим. Уйга келиб сизга байрам яқин десам, ҳали бир ой бор, бугун олтинчи февраль, дедингиз. Кейин ўғлингиз иккаламиз ертўлага яшириб қўйдик. Анча пайт ўтди-ку, гуллар сўлиб қолгандир, деб кеча дўкондан атир ҳам харид қилдик. Ертўлага тушиб қарасак, гуллар кечагидек яшнаб турибди.Яна қайтиб ғунчалари ҳам очилиб  чирой очибди. Юракдан олинган туҳфа бўлгани учун ҳам қуримаган-да,– деди умр йўлдошим жилмайиб. 
   Мен у гулларни кўргандим, билгандим, парвариш қилгандим. Аммо киссасидаги бор пулига гул сотиб олиб пиёда ишга қатнаб юрган умримнинг йўлдоши, боғчага кетишда ҳам, қайтганида ҳам ертўла томонга югуриб кетадиган дилбандимнинг кўзида ҳеч қачон бундай қувончни кўрмаган эдим. 
   Умрим гуллар орасида кечяпти. Дўсту ёрларим, шогирду фарзандларим  кўўўп гуллар туҳфа этишади, гуллар аро гулзорнинг бир қисми бўлиб яшаётган умрим учун Роббимга қуллуқ қиламан... Аммо ўша кунги мен учун ҳусну тароватини бир ой асраган гулдастага қараб қувонган покиза қалб, ёниб турган меҳрли кўзларни ҳеч унутмайман.  
    Байрамимиз муборак бўлсин, азизлар!
  
   Мунаввара УСМОНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Саодат» журналининг Бош муҳаррири, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот