БИР КУНИ...
Мунаввара УСМОНОВА - "Саодат" журналининг Бош муҳаррири,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.
БИР КУНИ...
Янги йил арафасида Оминахон онамиз меҳмонга келди. Яхши гаплардан гапириб жилмайиб ўтиргани билан кўзларида мунг бор эди. Болалар ҳам таътил пайти бўлгани учун бувисининг атрофида парвона бўлар, бири рақс тушиб дуосини олса, бириси эртак ўқиб бериб кўнглини чоғлашга уринарди. Ўша кунларда ярим тунда ёзиб ўтирганимни кўриб: “Болам, куни билан ишлаб келиб яна ошхонада куймаланасиз. Аёлнинг қирқта жони бор деган гапга қўшилмайман. Бу бир эртак, битта жонингизга раҳмингиз келсин, вақтида дам олинг”, дедилар бошимни силаб.
Бир куни тунда уйғониб, оёқ учида юриб улардан хабар олгани кирдим. Жойнамоз устида бедор эканлигини кўриб жимгина дуога қўл очдим. Шунда Аллоҳга йиғлаб қилаётган дуоларини эшитиб, уйқум қочди, вужудимга титроқ кирди. Ёнларига бориб маҳкам бағримга босдим. Буви, бувижон нега ўзингизга ўлим тилаяпсиз. Ахир юзга кирган инсонлар ҳам ўзига умр сўрайди-ку! Сизни ҳаммамиз яхши кўрамиз. Фарзандларингиз ардоғида яшаяпсиз, нимадан камингиз бор, дардингиз бўлса менга айтинг. Тунда туриб ўзингизга ўлим тилайсизми? Тезроқ омонатингни ол, Эгам, деб кўз ёши қиласизми? Қанча дард, қанча синовлар бошингиздан ўтган. Бир йилда икки опангиз вафот этганда, етмиш ёшга кирмай онангиз дунёни тарк этганида Яратгандан ўзингизга юз йил умр сўраб зорланган сиз эдингиз-ку! Худо хоҳласа юз ёшга кираман, дер эдингиз-ку, она. Биз хафа қилдикми? Кўнглингизни билмай қаттиқ оғритдикми, сизга озор бердикми?..
Йиғлаб юбордим. Шунда онамиз вазминлик билан сўз бошлади. “Худойим менга беш ўғил, тўрт қиз берди, беҳисоб шукур. Энамга невара келинмас, қиз бўлдим, оқ ювиб, оқ тараб тун-кун парвариш қилдим, дуоларини олдим. Ижобати одобли фарзандлар, меҳрибон келинлар берди, шукур. Шокиржон ўғлим ўтганида 46 ёшда эди. Олис юртдан келган тобутни қучганим билан, совуқ дийдорига ҳам тўёлмадим. Тупроғини силаб, йиғлаб-йиғлаб қайтишдан бошқа иложим йўқ. Ожиз бандаман, қазосига кўнишдан бошқа чорам йўқ.Тўнғич қизим ёнимда бўлса, коримга ярайди деб Муножат опангизни кўнмаганига қўймай қўшнига узатдик. Опам ҳам, синглим ҳам, дугонам ҳам шу қизим. Ёмон дардга чалиниб тиғ тагидан яримжон бўлиб чиққанигаям уч йил бўлди. Кўча бошида яшайдиган сочлари учун, чиройли жувон, чевар Мавлудахон бор эди-ку, уч кун олдин оламдан ўтди. Опангиз билан бир вақтда операция бўлган. Дарди ҳам ўхшаш... Чидолмаганим учун сизлар томонга йўл солдим, болам. Узоқроқда бўлсам эсимдан чиқади, деб ўйлаган эдим. Дардим, ўйим ўзим билан экан. Илондек бағримни ўйиб, чаёндек чақяпти. Минони уч кун кўрмаганимга соғиниб юрагим эзилди. Болам шўрликнинг дарди ўпкасига ўтганми, тинмай йўталиб юрибди. Бирига чидадим, шукур қилдим, иккинчи боламни ерга берсам қандай бош кўтариб юраман, нима деб йиғлайман, нима билан ўзимни юпатаман. Ўзимга ўлим сўраганим чин. Етмишдан ошган онасини сўнгги йўлга ўзи кузатсин, дейман. Онамлаб йиғласа дарди арийди, деб ўйлайман. Қўнғиздан ҳам қўрқадиган болам қаро ерга киришдан қўрқмасмиди? Умри тугаб бораётганига ақли етмасмиди? Курагимнинг таги қаттиқ оғрияпти, деганмиш синглисига. Оғриса ҳам бирга чой ичайлик деб, иссиқ нон кўтариб чиқади. Мен у дунёга ундан эртароқ кетсам, элликаям кирмаган болам қазосига қойим бўлармиди, дейман-да! Онам билан жаннатларда бирга бўламиз, деб кўзини маҳкам юмармиди, дейман-да!
...Орадан бир ойдан зиёд вақт ўтди. 14 февраль куни тонгда онамиз касалхонага тушиб бирдан аҳволи оғирлашиб қолганини айтишганда йўлга тушдик. Ҳоли абгорим жонлантириш бўлимида зўрға нафас олиб ётарди. Бағримга босдим. Кўзига ёш олиб астагина пичирлади: “Яхшиям етиб келдийлар, болам. Укаларингиз сизларга, сизлар эса Аллоҳга омонатсиз... Қизим, Жаннатхонга она меҳрини беринг. Биласиз-ку, кенжам эркароқ... Мино... Миножат орқамда қолгани рост бўлсин...” дедилар. Қўлимдан сув ичиб, бағримда омонатини топширдилар. Биз бошида чирқираб фарёд урардик, жаннатим қўли кўксида, хотиржам ётарди...
Орадан тўққиз ой ўтиб Муножатхон опамни ҳам чин дунёга кузатдик.
Аллоҳим охиратларини обод қилсин.
Оламдан ўтган барча оналаримиз жаннатий оналаримиз қаторида бўлсинлар, илоҳим!