БИР КУНИ...


БИР КУНИ...
     
    Кўпдан бери Қозоғистоннинг муҳташам тарихий ёдгорлиги Ҳазрат Аҳмад  Яссавий зиёратгоҳига боришни ният қилиб юрардим. Байрам арафаси дам олиш кунлари ўғлим иккимиз зиёратга отландик. Чегарадан ўтишимиз  билан қардошларимиз борар манзил-маконимизни сўраб турибди. Ўша куни қўшни Республиканинг шаҳару қишлоқларида Наврўз байрами тантаналари ўтказилаётган экан. Машиналар тураргоҳида бизга ўхшаган йўловчилар жуда кўп. Кимдир Туркистонга, кимдир Сайрам томонга, яна кимлардир Чимкентга қараб йўл олган.
    Миллий кийимдаги сарв бўйли қиз  бўғирсоғу сопол пиёлачалардаги сумалак билан тўлатилган патнис кўтариб келиб бизга лутф этди. Байрам шукуҳи тарк этмаган кўнглимизга яна шодлик инди.  
   Ўғлим кетиш тадоригини кўраётган пайтда бир дарахт соясига ўтдим. Шунда  темир аравачага жойланган халтага елим идишлар (баклашка)ни териб солаётган кекса аёлга кўзим тушиб, “ҳорманг”, дедим. У менга қараб қаддини тиклади, қўлқопини ечиб астагина елкамни силаб: “Сен ўзбекнинг шайирми? Сени кўп кўрганман телевизорда. Уйимиз чегарага яқин бўлгани учун Ўзбекистонни кўриб турамиз. Сизларда кеча Наврўз байрами ўтди, кўрдик. Бизларда бугун байрам. Адрас чопонинг чиройли экан, қизим. Байрамга чорлашдими?  Шеър ўқийсанми?” деди менга меҳр билан қараб. 
   Онахонга зиёратга бораётганимизни айтдим. Нега байрам кунида дам олмадингиз, она, деган саволимга у шундай деди: 
–   Мени кўриб бу кампирнинг ҳеч кимиси йўқ, нон топиш учун кўча кезиб юрибди, деб ўйладинг-а? Елкангни силасам сесканиб кетдинг. Шунча хунукманми, ё қўлининг кирини тўнимга артяпди, деб ўйладингми? Мен ҳам маълумотли, давлат ишида  қирқ йил ишлаб пенсияга чиққанман. Ёшим етмиш учда. Ўн битта ўғил-қизим, ўттиз саккиз неварам бор. Уй- жойим, ҳамма нарсам етарли. Уч-тўрт йил олдин оёқларим оғриб юролмай қолдим. Дўхтирлар тинимсиз юриб турмасангиз оёқдан қоласиз, деб қўрқитишди. Қишин - ёзин қошимдан ўсма узилмайди. Болаликдан ўсмани, гулу райҳонни яхши кўраман. Ўсма-сурма қўйиб, невара етаклаб маҳаллада сайр қилиб юришни ўзимга эп кўрмадим. Бош эгам бўлмагандан кейин кексайганда кимдир олақараш қилмасин, дейман-да! Кейин мана шу ишни топиб олдим. Болаларим, айниқса, ўғилларим андиша қилиб кўп қаршилик қилишди. Улар менга : “Оч қолдингизми, она, кексайганда сайру саёҳат қилиб юриш ўрнига шундай иш қилиб бизни бошимизни эгасизми?”, деб хафа бўлишди. Мен айтганимдан қолмадим. Кўча юзига, ариқлар ичига ташланган баклашкаларни териб обориб топшираман. Топган чой-чақамни набираларга, кўпроғини бева бечораларнинг болаларига бераман. Оёқ кийими йиртилиб қолган ўқувчи болаларга кўзим тушса, дарров чўнтак кавлайман. Ерга боқиб юрганингдан кейин ҳар кимнинг оёқ кийимига кўзинг тушар экан. Енгил ишдан оғир савоб топяпман. Бу ишимда уч хайр. Биринчиси кўча юзи тозаланади, шу баҳона оёқларим юришдан тўхтамайди, энг савоблиги хайр-эҳсон қилиб чин дунёга ўзим учун дастурхон юбориб турибман. Яна келишингда шу чопондан битта олакел, менгаям ярашади, қизим... 
     Онахонга эгнимдаги чопонимни чин дилдан ҳадя қилмоқчи бўлдим, аммо кўнмади. Бағримга маҳкам  босиб: “Сабоғингиз учун раҳмат, онажон”, дедим.  Йўлда кетарканман  онахоннинг сўзлари қулоғим остида жарангларди. Яхшиликнинг, эзгу ишнинг миллати, манзили бўлмас экан. Ҳар миллатнинг онаси, она, ҳар юртнинг кайвониси эзгулик йўлидаги нурчироқлар экан. Неча йилги эзгу ниятим амалга ошди. Хонақоҳни зиёрат этар пайтим ҳам, қайтаётган паллада йўлда ҳам онанинг сўзлари хаёлимдан кетмади. Боиси бу йўлда ҳаётнинг яна бир ҳикматини топган эдим...

   Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот