ШОИРНИНГ ХОТИНИ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ШОИРНИНГ ХОТИНИ
Ҳикоя
У вагонга очилиб-сочилиб кириб келди. Сочлари елкасида тўзғин. Тиззасига насия бўлган ярим юбкада. Эгнида ҳарир, енгсиз пушти ранг кофта. Уялмасангиз, бемалол ана, тикилаверинг! Шип-шийдон, узун оёқларини кўз-кўз этиб вагон йўлагида солланади. Қўлидаги чиптага нигоҳини қадаб, гоҳ ўнг, гоҳ сўлга бош буради; ўз ўрнини ахтараяпти, чоғи. Менга кўзи тушиши ҳамона таққа тўхтади, вагондан ташқарига кўз ташламоқчидай бироз энгашди. Юзига маҳзунона тус берди. Сумкасидан рўмол олиб бошига ташлади. Мен ўзимни кўрмаганга солиб, олдимдаги ўриндиқ чўнтагидан газета олиб ўқий бошладим.
Уни танидим. Раҳматли, элу юрт деб кўкси куйиб ҳайқирадиган, содда ва тўпори, лекин оҳангдор шеърлар ёзадиган шоирнинг хотини.
Тўғриси, шоир тириклигида мен бу аёлни танимасдим, кейинчалик таниб олдим, эр ўлди-ю, бу кишимга Худо берди, телевизордан “тушмай” қолди. Шоирнинг барча ички-ташқи ҳиссиётлари дастурхон бўла бошлади...
Очиғи, бу аёлни ҳеч ким, ит ҳам танимасди. Шўрлик шоир ўлгандан кейин эл-эломон бир нарсадан воқир бўлди; “шоирнинг илдизи” экан бу жувон. Бояқиш, шугина муштипар аёл мамлакатга донгдор шоирнинг ўсиши, гуллаб-гуркираши, унинг ижод меваларидан она халқимиз бахраманд бўлишида мислсиз матонат кўрсатган экан. Биз билмабмиз-а, қаранг... Теливезор ҳам, радио ҳам шундай деб ётибди-ку... Агар шоир тирилиб келганида эди, унинг ўзи ҳам ишониб қоларди; чиндан ҳам мени шу алвасти шоир қилиб юрган экан-да, деб ўйларди.
Шоир Бахтли Бола тахаллуси билан шеърлар битиб, қанчалаб отарчи-ю қўшиқчиларнинг тегирмонини юрдирворганди. Оғзи қимирлаган борки, унинг битикларини айтишга иштиёқманд эди.
...Аёл ёнимдаги ўриндиққа чўкди. Мен вагон ойнасидан ҳамон ташқарини кузатаман. Гўё вокзалда кимимдир қолиб кетгану, бўйним шу томонга бурилиб, тош қотган.
Поезд жилди ҳамки ташқаридан кўз узмайман. Мамлакатнинг учар поезди — “Афросиёб” тун бағрига сингиб, тезликни баланд олгач, ойнага термулишдан ҳам наф қолмади. Симёғочларга осилган чироқлар лип-лип этиб, ёнарўқ каби зувиллаб ўта бошладилар.
Жувон сумкасидан алланечук қоғозларни олиб кўз югиртиради.
— Кечирасиз, мен Сизни танидим. Ёзувчисиз-а? Шундайми?
Унинг маҳзун овози, юзидаги ясама мунг ғашимни келтирса-да, бепарво ҳолда бош ирғадим:
— Шундай.
— Мен Давронгулман. Танидингизми?
— Йўқ, — дедим атайлаб.
— Бахтли Боланинг хотиниман! —Аёл ҳайратга тушди.
— Э-е-е, шундайми? Яхшимисиз, келин? Уйдагилар яхшими?, — ва ҳоказо... синашта ҳол сўрашлар бўлиб ўтди.
— Ўзим ҳам ўйладим-а, бу киши мени танимади деб... — Давронгул сурлик билан “сурнай чалди”.
...“Афросиёб” учаяпти, лекин менинг назаримда биз кетаётган вагон жойида қотиб қолгандай.
Ҳа деб вагон деразасига “калла уриш” ҳам эп эмас.
Аёлдан яна садо чиқди:
— Бахтли Бола ҳақида китоб таёрлаяпмиз. Жамғарма очдик. Музей тикладик. Вилоятдаги каттаконларга раҳмат, бизга алоҳида уй ҳам қуриб беришди. Хабарингиз бордир, хотира китобига казо-казо адиблар, дўст-ёрлари, истеъдодли шогирдларидан мақолалар йиғилаяпти. Эртага вилоят марказида Хайрия концертини ўтказаяпмиз.
— Эшитгандай бўлувдим, — дейман.
Аёл менга бироз кибр билан қарайди:
— Эрим билан Сиз ҳам дўст бўлган экансиз. У киши Сизни ҳам ҳурмат қиларди. Шунинг учун эрим ҳақида хотира ёзиб берсангиз яхши бўларди.
Аёлнинг юзига жиддий тикиламан. Нигоҳим қаъридаги ўкинчми ё маломатми, нимадир унинг чеҳрасига титроқ солади, кўзларини жонсарак пирпиратади.
— Нима деб ёзаман?
— Шу-шу, яхши, илиқ хотиралар... — дудуқланади аёл.
Юзимни яна вагон ойнасига тутаман. Ич-ичимдан бир вулқон қайнайди, фақат бу оташ ўз ичимда овоз беради, тилга кўчмайди:
"... Нима деб ёзаман? Айт, нима деб ёзаман? Эринг ўлиб, сенга Худо берганини ёзаманми? Эрингнинг ўлимига кўпроқ ўзинг сабабчи бўлганинг, уни еб адо қилганингни ёзаманми? Шўрликнинг кўча-куй, бировларнинг уйида ётиб юрганини ёзаманми? Умрининг охирги пайтида кийим-кечакларини ишхонага олиб келволиб, шу ерда яшаб қолганини ёзаманми? Тоғу тошларга чиқиб кетиб, кулба-ю капаларда ҳам кун кўрганини ёзаманми? Ҳар қадамидан, ҳар бир шеъридан айб ахтариб, рашку азоб ва маломат гулханларида жизғанак қилганларингни ёзаманми? Ўзинг ҳайдаб, ўзинг хор қилиб, на иссиқ на совуғидан хабар олмай, силлаи суроб этганингни ёзаманми? Уни Сен, Сенинг тийиқсиз рашку талабинг, бечора шоирга кўнгил одами деб эмас, фақат нафсу ҳирсинг учун яралган асов от деб қараганинг, калтафаҳмлигинг, тилинг гулу дилинг пул, ебтўймаслининг ўлдирмадими? Ҳа, у менинг яқин дўстим эди. Тўғри айтасан, дўстим эди — Сен ҳаммасини биласан! Бетингнинг қаттиқлиги болтани кемтик қилади. Шунча азоб бериб, яна уни биладиганлардан “илиқ хотиралар” ёздириб олишга уринасан-а? Ахир, у сендан безганидан, безор бўлганидан, сени кўрганда қўрқув қоришиқ нафратдан тутқоноғи тутиб қолиши боис бу дунёдан йўқ бўлиб, бош олиб кетишга ҳам тайёр эди-ку. Бир ҳисобда қутилди. У сендан ҳам, бу серғалва дунёдан ҳам қутилди..."
Мен ташқаридан кўз узмасдим.
Пешонам тегиб турган вагон деразаси ҳам назаримда қизиб бораётганга ўхшарди. Мен шоир ҳақида ботинан хотира ёзардим. Ич-ичимда, ўкинч билан ёзардим. Бу битикларни ташқарига чиқариб, баралла айтиб бўлмасди. Қоғозга тўкиб бўлмасди... Ёнимда эса без қотган Давронгул менга ажабсиниб қараб қўярди. Бироқ, унинг юзида ҳам алланечук бесаранжомлик қалқиганини ҳис этдим.
Ким билсин, узун қиш туни, қаҳратонда шўрлик шоирни оч-юпун кўчага қувиб солгани ёдига тушгандир.
Ҳа, ўшанда қиш эди. Ярим тун. Совуқ. Эшик жиринглайди. Бориб очаман. Остонада суюкли шоиримиз Бахтли Бола турибди. Бош яланг. Юпун. Оёғида калиш...
...“Афросиёб” поезди елдай учади. Бироқ биз кетаётган вагон жойида қотиб, қимир этмасдан турганга ўхшайди.
Менинг юрагим санчиб оғрийди..