БУ ЁҒИ ҚАНДОҚ БЎЛДИ?


Қўчқор НОРҚОБИЛ

БУ ЁҒИ ҚАНДОҚ БЎЛДИ?
Ҳикоя

  Чол вагон деразасидан вокзалга ўйчан термулиб турарди, манзилга ошиққан одамлар тўлқинидаги бесаранжомлик унга шиддатли ҳаёт дарёсини эслатди. “Ҳамиша шундай, одамзот аллақаерга шошгани шошган. Лекин, шовуллаб оқаётган умр дарёси ҳаммамизни қўшиб оқизиб кетаётганини англамаймиз...”.
  Вагонлар шарақа-шуруқ қилиб бир силтаниб олди-ю, поезд юра бошлади. Шу маҳал купе эшиги қарсиллаб очилди. Ичкарига олдинма-кетин икки йўловчи кириб келишди. Уларнинг иккови ҳам ҳансирамоқда, ҳаллослаб югуришган, поездга базўр улгуришган чоғи.
  Чол разм солди. Икковлон чолнинг бор-йўқлигига ҳам эътибор қилишмади. Улардан бири қотма, дароз. Бири ўрта бўй, миқти. Иккисининг ҳам салобатида саломингни синдирадиган сир бор, иккиси ҳам эгнидаги қордай оппоқ кўйлакнинг кескир пичоқдай бўлиб тортилган сип-силлиқ ёқасига бўйинбоғ тақиб олган, иккиси ҳам ўзига мосу хос тим қора костюм-шим кийиб олишган.
  Чол қизиқсиниб қаради: “Во-е-ей, валломат кишилар экан-а?”
— Айтим-ку, келмайди деб. У жуда айёр! Бекорга кутиб ўтирдик, поезддан ҳам қолиб кетаёздик, — деди дароз ҳансираб.
— Мен қаердан билай. Мана, шофёрим унга ҳам билет олиб келувди. Ахир ўзи айтувди-ку, — деди миқти ён чўнтагидан чипта чиқариб.
— Б-е-ей, Тўлқин Расулович! Кўрасиз ҳали, у бир нарсани билади. Телефонни ҳам кўтармади. Соткасини ҳам ўчириб қўйибди.
— Кўтарди-ку. Котибаси кўтарди. Шифохонада деди-ку.
— Атайлаб ётиб олган. Аттестациядан жон сақлаб қолиш учун. Бюллетень қилади. У катта билан яқин бўлиб олган. Менимча, узатган ҳам чиқар.., — чийиллади дароз.
  Миқти томоқ қириб, чолга бош ирғаб қўйди. Дарознинг уни ўчди.
Дароз чолнинг рўпарасидаги пасттўшакни кўтариб, унинг сандиғига қўлидаги бежирим портфелни тапиллатиб ташлади, сўнг шериги миқтипўримнинг сумкасини олиб, унга қараб қолди, миқтипўрим кўзи билан чолга “ишора” қилган бўлди, дароз чолга илкис назар ташлаб илжайди:
— Ассалому алайкум, отам. Яхшимисиз?
Чол алик олди.
— Айбга буюрмайсиз, шу... энди буёғига у-бу нарса тамадди қилиб кетамизда-а?
  Дароз портфелни пасттўшакка қўйди. Миқти ўтирди. Дароз сумкани очиб купенинг емакстолига ялтироқ, тиллоқоғозга ўралган товуқ гўшти, шўрбодринг солинган тўртбурчак елим идишни олиб қўйди. Бу туз насиба изидан эса емакстолга диккайтириб битта шишани ҳам қўйди. Чол эътибор бермаганга олиб, секингина юз бурди — вагон ойнасидан поезд ортга улоқтириб қолдириб кетаётган катта-кичик уйлар, темир йўл четида қатор қад тутган тутларни, адирликка ўйноқлаб чиққан “оқ илон” сўқмоқларни, бедазорда тўп сураётган болакайларни, яшил яйдоқ ортидаги қишлоқни томоша қила бошлади. Қишлоқ шувиллаб учиб кетаётган поезд теграсида гўёки оҳиста айланиб туриб, сўнг ортда қолиб кўздан йўқолгандай таассурот қолдирди.
Чол шерикларига кўз солди. Иккови ҳам унга қимтиниб қараб туришибди. Тушунгандай бўлди, жакети киссасига қўл солди, носқовоғини олди, нос отди. Яна ташқарига кўз югуртирди... Уфққа туташ чўли биёбонни кўрди. “Қизиқ, инсоннинг кўнгли баъзида шунчалар ториқадики, унга ҳатто қил ҳам сиғмайди. Гоҳида шу даражада тўлиқадики, инсон юрагига мана шу чўли биёбон ҳам бемалол сиға олади. Гуржи адиб Думбадзе тўғри айтган: “Инсоннинг юраги бутун ер шарини кўтариб туради”, деб...
  Чол сезди. Кўнглига айни чоғ қил сиғмай турган икки йўлдошни ҳоли қолдириши лозимлигини ҳис этди. Нега ҳис этмасин, мактабда қирқ йил ўқитувчилик қилган, асосан адабиётдан сабоқ берган кекса муаллимнинг ўз ҳамроҳлари кўнглида нима кечаётганини англамаслик мумкинми, албатта, мумкинмасди.
  Чол оғзидаги носни бир ёқлик қилиш баҳонасида йўлакка чиқди. Танбурга бориб анча пайт туриб қолди. Ташқарида шом чодир ёйиб, кеч кира бошлаган пайт эди. 
  Вагон назоратчиси чолни ўз хонасига, бир пиёла чойга таклиф қилди. Улар анча пайтгача у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб ўтиришди, назоратчи бип-бинойдагина, шоирдил, адабиётга ошно йигит экан. Адабиётимизнинг оқсоқол адибларидан тортиб ҳозирги дами баланд замондош ёзувчи-шоирларнинг деярли ҳамма китобларини ўқиган, уларнинг кўпчилиги шахсан таниши чиқиб қолди. Тепа токчадан бир тахлам китоб олиб чолнинг ёнига қўйди.
— Булар янги китоблар. Мана, қаранг, Ўткир Ҳошимов, Одил Ёқубов, Эркин Аъзамнинг китоби. Йўлда доимо китоб ўқишга ўрганиб қолганман. Тошкентга бориб қайтгунча биттасини ўқиб чиқишга улгураман, улар менинг шерикларим, — астойдил деди назоратчи.
— Барака топинг. Китобда, адабиётда гап кўп. Китоб ўқиган одамнинг кўнгли тиниқ бўлади. Кўнгли тиниқ одам эса сира ҳам қаримайди, — деди чол жилмайиб.
  Чол купега кирди. Шериклар купе чироғини ўчиришибди. Фақат чолнинг тўшаги тепасидаги тиркама чироқ хирагини ёниб турибди. Вагон деразаси орти — ташқарига зулмат чўккан. Олис-олисларда самоват қаъридаги юлдузлар каби элас-элас нур сочган чироқлар кўриниб қоларди. Поезд шу рўйи-заминнинг юкини кўтариб чинқириб олдга интилади, тўғри-да, ҳар бир одамнинг қалбидаги дарду ҳасрат, аламу қайғу, орзу-армон юки ҳазилакам гапми? Ҳар бир йўловчининг қалбида ер шаридан оғирроқ юк бўлиши мумкин. Хаёлига шу топда шундай фикр келганига чолнинг ўзи ҳам ҳайрон қолди. “Э-е-ей, анави вагон назоратчиси, китобдўст йигитнинг таъсири ҳам кўнглимни кўтариб турибди, чоғи. Садағанг кетай, адабиёт яхши нарса, ўқиш жудаям яхши юмуш-да!” Чол ўз кунидан қаноат ҳосил этиб, олдинги раис боболар киядиган кенг-мўл китель кастюм-шимга ўхшаш, замонавий чолларга мос уст либосини ечиб тўшакка чўзилди. Шериклари миқ этмайди. Ухлаб қолишдимикин? Чол анчагача хаёл суриб ётди. Ҳа деганда уйқу ҳам келавермади. Ёнидаги тўшакда чўзилган миқти шерик чуқур хўрсинди, уҳ тортди, ёнбошига ағдарилди, нимадандир безовта бўлди чоғи, ўзича тўнғиллаб қўйди.
— Қўрқаяпсизми?, — туйқус тепа тўшакдаги дарознинг овози эшитилди. 
— Нима деганингиз бу? — иҳранди миқти.
  Тепадаги: — Қўрқаяпсиз! Ичмадингиз ҳам. Ухлай олмаяпсиз. 
  Пастдаги: — Нимадан қўрқаман?
  Тепадаги: — Ишдан ҳайдалишдан.
  Пастдаги (хўрсиниб): — Сиз ҳали ёшсиз. Менга нафақага чиқишим учун бир йилгина қолди.
  Тепадаги: — Ўша ярамас икковимизни ҳам аттестациядан ўтказмайди, кўрасиз.
  Пастдаги: — Сиз қаердан биласиз?
  Тепадаги: — Текширувчилар дабдала қилиб кетишди-ку... Ёки сиз...
  Пастдаги: — Нима демоқчисиз? Мени кимга ўхшатаяпсиз?
  Тепадаги (кулиб): — Ўхшатсам, ўхшатмасам, йўлини тополмагансиз. Ҳаммамиз йўлини тополмаяпмиз. Бу касофат қаерда сабоқ олган экан-а? Ўзиям тубканинг тубидаги бир вилоятда туғилиб ўсган. 
  Пастдаги: — Э-е-ей, қўйинг-е, шу гапларни. Ухланг.
  Тепадаги: — Мен ухлайвераман, сиз ухлай олмайсиз. Ундан кўра, юз грамм отиб олинг.
  Пастдаги: — Секинроқ гапиринг. Чол уйғониб кетади...
  Тепадаги: — Чол ухлаяпти. Тошдай қотиб қолганга ўхшайди.
  Чолнинг кўзи юмуқ, қулоқлари очиқ эди. Чол уйқоғ эди. Чол нима қиларини билмас ҳолда, хижолатда эди. Буларнинг гапини эшитмасликнинг иложи йўқ, эшитиш эса ноқулай, ўрнидан туриб ташқари чиқишнинг эса эви эмасди, чол гўё ловуллаган чўғ устида ётгандай эди. Нима қилсин? Қулоқ ўлгур ҳам том битмайди шу тобда.
  Пастдаги: — Аввал Аъзам Жабборовичникигага фотиҳага кириб чиқайлик. Кейин вазирликка ўтамиз.
  Тепадаги: — Кўнглингизга фотиҳа сиғадими ҳозир? Хотини ўлганига ўн кундан ошди. Аввал ишни ҳал қилайлик.
  Пастдаги (хириллади): — Ҳар ҳолда бирга ишлаймиз у киши билан. Унинг ўрнида бошлиқ ё мовун-повун бўлганда бу гапларни айтмасдингиз.
  Тепадаги: — Аъзам Жабборовични анавининг қариндоши дейишади.
  Пастдаги: — Кимнинг?
  Тепадаги: — Хўжайиннинг. Лекин унинг ҳам гапига қулоқ осмаскан, ярамас. Ёш бўлса ҳам чўрткесар, қайсар экан.
  Пастдаги: — Мен ухлаяпман, ухланг энди сиз ҳам.
  Тепадаги: — Анави вилоятга келганда уч нафар ходимни ишдан бўшатувди. Уларни қайраб, ўқлаб қўйдим. Тайёр туришибди.
  Пастдаги (оҳиста): — Бу нима деганингиз?
  Тападаги (секингина): — Ёзишади. Тепага ёзишади. Интернетга ҳам ёзишади. Хориж радиоларига ҳам чиқишади. Нима қилиб бўлса ҳам анавини ўрнидан жилдиришимиз керак. Тўрт-бешта аноним хатлар ҳам бор. Айрим норизо ходимлар ҳам биз томонда.
  Пастдаги: — Нега буларни менга гапираяпсиз? Ахир у одам биздан бор-йўғи иш талаб қилаяпти, яхши ишла деяпти. Қўйинг, менга тинчлик керак.
  Тепадаги: — Уни тинчитсак, тинчиймиз. Йўқса тинчимаймиз. Йўқса, бизга тинчлик йўқ. Сизни билмадим, мен осонгина таслим бўлишни истамайман. Яна бир йўлини ўйлаб қўйдим. 
  Пастдаги (ижирғаниб): — Бошқа йўлингиз йўқ. Энди ухланг.
  Тепадаги (чийиллаб): — Бор. Бор. Менда ишлайдиган бир аёл хўжайиннинг хотини билан таниш экан. Хотинларнинг кўзи оч бўлади, биласиз, ўтган ойда у-бу нарса, совға-салом қилиб жўнативордим. Олибди-ку... Олади. Ўзи олмаса хотини олади.
  Чолнинг қулоқлари ловуллаб қизиди, қулоқларини чўғ куйдирди. Оғриқдан қулоқлари шанғиллаб кетди. Чол ўрнидан турди, вагонга суяниб ўтирди. Шериклар жим бўлиб қолишди. Вагон йўлагига чиқди, ичида оташ ёнарди. Вагоннинг очиқ деразаси ёнига бориб, юзини шамолга тутди. Чол негадир ножўя иш устида қўлга тушган одамдай ҳис этди ўзини. Чолнинг купега киришга юраги чидамади, вагон биқинига ёпишган ўриндиқни туширди, ўтирди. Поезд зимистонлик ичра олдга интилаяпти. Чол тонгга қадар шундай ўтиришга қарор қилди, купенинг ичи ҳам зимистон, у ердаги шерикларининг кўнгли каби қоронғи эди-да...
  Айни тоб купеда шундай гап-сўз бўлиб ўтаяпти:
— Ухламаган экан, энағар. Гапимизни эшитса-эшитгандир, ниманиям тушунарди бу...
— Ётсангиз-чи, одамни қийнавордингиз.
— Хў-ў-ўп, ухлаганим бўлсин. Чол энди қайси гўрга кетдийкин? Қариганда қувиғинг ҳам бўшаб қолади-да, ҳе-ҳе-ҳех!
  Тонг саҳар поезд катта шаҳарга етиб келди. Чолнинг ўрни бўш эди.
— Э-е-ей, отамиз хайру хўшни ҳам насия қилибдилар-да, — ижирғанди дароз.
— Тезроқ бўлинг. Биздан бошқа ҳамма тушиб кетибди, — ҳорғин минғирлади миқти.
  Катта идорада нима гап-сўз бўлди, бизга қоронғи, бу ҳаётда кутилмаган ҳодисалар ҳам юз беради, бу аниқ — тасодифми, ё Худо кўнглига инсоф бердими, ишқилиб “Анави” буларнинг “ковушини тўғирлаб” қўймади, имкон берди. Олти ой муддат қўйди. Болта тушгунча кунда дам олибди; миқти пенсия ёшини ўйлади, яхши бўлди-ёв, бир амаллаб етиб олсам гўрга эди, ўзим ҳам тортолмаяпманда. Дарознинг хаёлидан кечгани эса шу бўлди: “Ҳаракатларим зое кетмади чоғи, янгамуллода гап кўпга ўхшайди...”
  Пешин пайти ҳамкасби Аъзам Жабборовичдан кўнгил сўрагани фотиҳага боришди. Дароз азадорга сабр-бардош тилади, дардига шерик бўлди, кўзига ёш ҳам олди.
— Хўжайин ҳам хабарлашиб турибдиларми? — деди дароз гўёки сукунатни бузмоқчи бўлгандай.
— Ҳа. Тунов куни ҳам шу ерда эдилар. Бугун амаким билан бирга келишса керак, — деди азадор.
  Миқти бош эгиб ерга қараб жим ўтирди. Меҳмонлар кетишга изн сўрашди. Улар энди ўрнидан қўзғалишган ҳам эдики, ҳовли қўнғироғи жиринглаб қолди. Мезбон булардан илдамроқ юриб эшикни очди. Остонада пайдо бўлган кимсани азадор гавдаси билан тўсиб турибди. Улар бағирлашиб кўришди. Сўнг очиқ эшикдан бўйдору пойдор, бақувват, вуждудидан куч ёғилиб, кўзларидан ўт чақнаб турган, шиддатли, ёш, норғул йигит — хўжайин, (дарознинг таъбири билан айтганда Анови) кўриниш берди. Бизнинг йўловчиларимиз уни кўриши ҳамоно иккови ҳам иккала қўлини кўксига қўйиб, таъзим этиб, турган жойида тош қотишди. Дарознинг хаёлидан “Яхши бўлди келганимиз. Бизни ҳам кўрди...” деган ўй ўтди. Бошлиққа қараб илжайди, сўнг азадорнинг ёнидаги чолни, ҳа ўша йўлдош-йўловчи чолни кўриб юз томирларига чимиллаб оғриқ кирди, юзи жимирлаб, оғзининг бир бурчи қийшайиб, аъзойи бадани титраб кетди, миқти бир қимирлаб ичидан иҳроқли товуш чиқарди. Чол буларга қараб кинояли жилмайди. Бошлиқ ҳам уларга разм солиб бироз хижолат тортди, кап-катта одамларнинг бунчалик сертавозе бўлиб туриши малол келди.
— Отажон, бу кишилар мен билан бирга ишлашади, — деди бошлиқ чолга йўл бошланг ишорасини қилиб.
  Чол яна уларга нигоҳ қадади. Дароз сўроқ белгисидайгина бўлиб букчаймоқчи бўлди, миқти турган жойида тайсаллади, қанийди оёғидаги тушов ечилса-ю, узоқ-узоқларга қочиб кетса, қанийди оёғи остидаги ер ўйилиблар кетса-ю, ернинг тагига кириб кетса...
  Чол уларнинг ёнига келиб ўйчан назар солди, сўнг жилмайди.
— Энди яхшимисизлар, ўғилларим?..
  Дароз довдиради, тили айланмади.
— Ях... Ях... Ях...!
— Шу йигит менинг ўғлим бўлади, — деди чол секингина, эшитилар-эшитилмас.
  Йўловчилар музу мулзам бўлиб ҳовлидан чиқишди. Бу ёғи қандоқ бўлди? Энди нима қилишади, Худо билади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот