ЕР АСЛИДА БАЛАНДДАДИР


Қўчқор НОРҚОБИЛ
ЕР АСЛИДА БАЛАНДДАДИР 
                                                           
Янгибой Қўчқоровга бағишланади

Ҳикоя

     Шошилманг, шу нарсани ўқиб кўринг. Кўп вақт сарфламайсиз. Бўлган воқеа. Бир ижодкор дўстим айтиб берди. Лекин шу воқеа қаъридаги инсон ақл-идрокига сиғмайдиган мислсиз бир куч-қудратни сездим. Уни нима деб аташни билмадим; ишончим комил, Сиз ҳам уни сезасиз. Нима деб аташингиз шартмас, бу нарса кўнглингизда тугилиб тургани амал.
     …Болакай олти ёшда. Ота қирқдан ошган. Улар йўлга чиқишди. Ёзувчиларнинг Дўрмон боғини маҳв этган тунги мудроқлик пардасини куздан дарак саҳаррез эпкинлар сидириб ташланган бўлса-да, болакайни уйқу босади. Азон оҳанглари ҳали ерга тушмаёқ шаҳарга равона бўлган отаси ортидан эргашган ўғил боғни кесиб ўтган шарқироқ зилол ариққа кўнгли зил кетиб термулади: “Бугун ҳам шу ерда қолганимизда эди, яна чўмилардим...”.
     Қизиқ, нега ҳамиша катталарнинг айтгани бўлаверади? Тушдан сўнг ё кечқурун кетишса нима қиларди? Барибир боришади-ку, ўша уйга. Бола чайқалиб, кўпириб, тошиб оқаётган тип-тиниқ ариққа суқланиб қараб қўйди. Бувисининг гапи ёдига тушди: “Ариқларда кечқурунлари жин ва ажина, шайтонлар чўмилади. Кечаси сув ёнига борма!”. Бола ўзича фикрлади: “Эрталаб, тонгда фаришталар, кун исигач, улардан кейин болалар чўмилишади...”. У “фаришталар чўмилиб чиққан” тип-тиниқ,  сувга энгашиб, ҳовучини тўлдириб юзига тортди. Юзи жимирлаб кетди. Уҳ, муздай экан. Фаришталар совуққотмасмикин-а? Ота оёқ илди. Ўғлига имо қилди: “Тез-тез бўл, кеч қоламиз”. Бола илдамлади. Хаёлида ҳамон ўз дунёси тасаввурлари тиниқ тортарди: “Барибир фаришталарга мазза. Ҳеч ким уларни уришмайди, лекин улар айни кун исиган пайти чўмилишмайди, йўқ, барибир чўмилишади. Биз уларни кўрмасак керак... Мен уларни кўрсам эди... Бир мартагина бўлса ҳам. Бувим, улар сен ҳохлаган пайтинг ёнинга келади, деб айтардилар. Ё, бувим алдармикинлар?”.
     Бола катта йўлга чиққач, илдам одимлаб отасига етиб олди. Шими чўнтагига қўл солиб, дўппайиб турган пулларига копток сотиб олиши, ўртоқлари билан мазза қилиб тўп суришини хаёлига келтириб, хурсанд бўлди. Отаси ваъда берган, албатта, копток сотиб олади. Одамлари ухлоқ, машиналари уйғоқ улкан шаҳар кўчасида кираулов орқа ўриндиғида ўтирган бола ташқарида шип-шип ўтаётган дўконларга жонҳалак разм солади. Барча дўконлар берк. Ҳечқиси йўқ. Пул ўзиники. Отаси ўз-ўзига берди-ку. Уйга боргач, Соли аканинг дўконидан олади...
     Улов улкан гумбазли бино ёнида тўхтади. Ота-бола ичкарига киришди. Бола ер остига кириб кетаётган ўзиюрар зиналарни кўрди. Ота ўғлини четда қолдириб ойнаванд дарча ёнида тизилган одамлар сафига бориб турди. Бола атрофни олзарак кузатди. Бинога кираверишдаги тўсин ёнида қўлини чўзиб турган озғин чолга кўзи тушди. Кимдир  унинг очиқ кафтига уч-тўрт чақа ташлаб ўтди. “Тиланчи экан”, деб ўйлади. Қишлоқда ҳам баъзи-баъзида уларнинг эшиги ёнига шундай кишилар келиб турарди. Елкасига тўрва осиб олишарди. Бола беихтиёр тиланчи томон юрди. Чўнтагидан икки дона пул олиб чолга узатди. Чол жилмайиб, нимадир деди. Шу маҳал унинг ёнида гўдак кўтарган аёл пайдо бўлди. Унга ҳам пул берди. Зумда, сочлари патила, оёқяланг, кўзлари тим қора, юзи қорамағиз, худди қўшниқиз Сарвигулга ўхшаб кетадиган қизалоқ  ҳам унинг қаршисига келиб қўл чўзди. Боланинг ич-ичи увишиб кетди, йиғлагиси келди. Ҳалиги “Сарвигул”га чўнтагида қолган пулларни тортиқ қилди. Энди чўнтаги енгил тортди. Биттагина пули қолди. “Учар зина” ёнида қаққайиб турган отаси овозини баландлатди:
— Қаерларда сандирақлаб юрибсан, кетдик, кеч қоламиз. 
     Улар ер тагига кириб кетишди. 
     Э-е-е-ей, аэропорт деганлари жуда ғаройиб жой экан. Бош-адоғи йўқ ойна деворли улкан бинога киришди. Ойнадевор ортидаги ҳуд-ҳудудсиз майдонда самолётлар тизилиб турибди. Ҳайратдан энтикиб кетди. Уҳ, булар бунча катта бўлмаса. Осмонда учганда майдагина кўринади-я. Эндигина кўтарилаётган қуёш шуъласида оқ-қизғиш товланган самолётлар болани сеҳрлаб қўйди. Буларнинг ҳақиқийсини кўриш бошқа-ю, телевизорда кўриш бошқа экан-а? Қизиқ, булар осмонда учаётганда қанотли улкан фаришталарга ҳалал бермасмикин? Йўқ, фаришталар булардан  баланд учади, лекин фаришталар самолётларни кўриб туради.
     Анграйиб қолган ўғлини ота кенг залдаги қатор-қатор ўриндиқларда ўтирган одамлар давраси сари бошлади. Бўш жой топиб чўкишди. Бола отасидан хурсанд бўлди. Келаётганда поездга чиқишувди. Энди самолётда учишади. Зўр отаси бор-да. Нимадир тарақлаб кетди. Бола ёнидаги ўриндиққа тапиллатиб кет ташлаган кимсани кўрди. Ҳалиги киши болага қараб ғалати илжайиб қўйди. Оғзидан ачқимтир, сассиқ  ҳид таралди.
— Бу ёққа кел, ке, бу ерга ўтир, — деди курсиқатор четида турган шеригини имлаб. Шерик гандираклаб келиб боланинг тепасида тик турди. Атрофини бадбўйлик тутди.
— Қани, болакай, турмайсанми?
— Бола, ўтиради, турмайди, бола чарчаган, — деди отаси ҳам ўқрайиб.
— Э-е-ей, шоииир — мухбииир. Ўзлари-ку, учаяпман денг. Ёзасиз-а? Буларни газетга ёзасиз-да-а? Энди ёзаверинг. Шу ерда ҳам, одамнинг ғашига тегасиз-а?, — ҳиқиллади ўриндиқда чайқалган нусха. Тик турган дароз эса кўзлари сузилиб атрофга аланглади:
— Қўявер, шунга ўхшаганлар доим бизга ҳалал беришган, у чайқалиб-чайқалиб бўш жой ахтариб кетди.
Отаси мулзам тортди. Ижирғанди. Бола хавотирланиб, алланечук қўрқув ҳисси билан отасига қаради. Отаси бир нуқтага тикилиб қаҳрли жилмайди.
— Нега кулаяпсан, майли яна газетангга фелеътон қил. Қўлингдан ҳеч нарса келмайди. Келмади-ку... Сен ўзингча ҳақиқатчи бўлиб мени газетга уриб чиқдинг, наборот бугун мени тумандаги идорага бошлиқ қилиб тайинлашди. Ҳа, бошлиқ бўлиб бораяпман.
     Отаси жаҳл билан унга ўгирилди. Бола шаҳд билан ўрнидан туриб отасининг бўйнидан қучоқлади.
— Қўрқма ўғлим, қўрқма. Майли, жим бўлдим. — Ота зўрға ўзини тутди. Ёнидаги ўриндиқдан бадбўй ва иринг гап ингради:
— Сенга ўхшаган ҳақиқатгўйдан ўргилдим. Жипириқ. Сен билан туманга боргандан сўнг гаплашаман... 
      Отаси бир нуқтага тикилиб қолди. Юзлари дир-дир титради.  Оғир хўрсинди. Ўрнидан туриб, ўғлини етаклади-да, залнинг нарги четига бориб ўтирди. Отанинг қўллари ҳамон мушт бўлиб тугилганди. Бола унинг тошдай қаттиқ муштини силаб қўйди, отанинг бармоқлари очилди. У жилмайди.
— Ота, анави одам ёмон экан-а, деди болакай самолётга ўтиришгач. — Сиз улар билан уришманг, хўпми?
— Хўп, ўғлим.
— Ота, уйқум келяпти.
— Ухла! Мен ҳам ухлайман.
     Орқа ўриндиқда қўлтелефон жиринглади.
— Йўқ. Худо ҳаққи ҳозир ёнимда бир сўм ҳам пулим йўқ. Бўлса буюрмасин агар... А-а-а? Нима?
     Болакай орқа ўриндиққа ўгирилиб қаради. Басавлат, хўппа семиз амаки  каттакон қора портфелини тиззасига қўйволиб, қўйиб кимгадир дод-фиғон этаяпти. Боланинг раҳми келди. Чўнтагини ковлади. “Сарвигул”дан қолган биргина ғижимланган пулни ҳалиги амакига узатди. Амаки унга анграйиб қаради. Юзи қаҳрли тус олди:
— Олдингга қараб ўтир, зумраша!
     Самолёт осмонга кўтарилди. Бола ҳаяжон тўлқинида думалоқ ойнадан пастга қаради. Боши бироз айлангандай бўлди; тубанда уйлар худди ҳар жой-ҳар жойда сочилган ғишт доналарига ўхшаб кўрина бошлади. Сўнг ойна атрофини мовийлик қоплади. Бола уйқуга кетди.
     У мовий тубсизлик аро учиб бораяпти. Аҳён-аҳёнда оппоқ момиқ булутларни ёриб ўтади. Гоҳ қуёшнинг қизғиш шуъласи юзларини куйдиради. Яна атрофни мовийлик қоплайди. Бола ҳадсиз осмон бағрида, булутлардан юксакда, ёлғиз ўзи учаётганини ҳис қилади. Пастга қарайди. Пастда... жуда кўп, бесаноқ самолётларни кўради. У кумуштан, ярқираган самолётлардан ҳам баландда парвоз қилаяпти. Шу чоғда унинг ёнида патила сочларига зар кокиллар улаб олган ҳалиги “Сарвигул” пайдо бўлади. Бу томонида эса   ўша тиланчи чолни, ортидан кўксига гўдагини босган алфозда учиб келаётган аёлни ҳам кўради.
— Биз учаяпмиз, — дейди бола.
— Фақат Сен учаяпсан, — дейди “Сарвигул”.
— Қаёққа учаяпман?
— Ўзинг айтдинг-ку, фаришталарни кўраман деб. Фаришталарга борамиз. Ана улар...  — “Сарвигул”нинг овози олис-олислардан эшитилади. 
     Бола энди икки ёнида мовий нурлар ичра порлаб турган чеҳраларни кўради. У ўзини фаришталар оғушида тебранаётганини ҳис қилади... 
     Туйқус осмон қоқ ўртасидан ёрилиб кетган каби даҳшатли қарсиллаш қулоқни қоматга келтирди. Боланинг юзига иссиқ шамол урилди. 
     ...Аэропортга қўнар чоғи электр симига урилиб, илкис чайқалган самолёт сув таралган пахтазорга қулаб тушди.
     Қоқ белидан узилиб кетган салон ичида болакай ўз ўрнида қилт этмай ўтирар, борлиқни тутган дод-фарёд ва чинқириқни у гўё эшитмасди. Тутаётган салон ичидан эс-ҳушини йўқотган одамлар ўзларини ерга отишарди. Кучли зарб таъсирида салон бурчига отилиб кетган отаси ҳам жон уҳмида ўғли томон талпинди ва уни даст кўтариб, тўс-тўполонни ёриб, ўзини ерга ташлади.
     Самолётнинг бир бўлаги, олд қисми, тумшуғи эса сув тўла зовур қирғоғига қадалиб турарди. Бола кўзларини чирт юмди; пахтазорга қулаб тушган иккинчи бўлакка тегишли қанот устида эрталабки бадбўй      Ерда, бўктириб суғорилган эгатларда, ғўза навдалари устида бола ҳали кўрмаган жуда кўўўп кўм-кўк пуллар сочилиб ётарди. Ҳалиги, орқа ўриндиқдаги хўппа семиз одам эса оғзи ланг очилган чарм портфелини лойга чаплаган аянчли боши узра даст кўтариб, телбанамо чинқирарди:
— Менинг пуллариммас, булар менинг долларларим эмас, (доллар дегани нима экан)  меникимас... мен ўлди-и-и-ммм ...—  У пахтазор ичига узала тушиб ерни муштлай бошлайди.
     Бола атрофга карахт ҳолда аланглади. Бақираётган, чинқираётган,  шу лаҳзада бу фалокатдан эси кирари-чиқари, карахт, афтодаҳол йўловчилар — эркагу аёл... бари-бари айни дам нима ҳодиса содир бўлаганини англаб улгуришмаган эди. 
     Ерга чўк тушиб ўғлини бағрига босган ота унинг оёқ-қўли, буткул аъзойи-баданини титроқ қўллари билан ушлаб кўрди.
— Ҳа... Ҳеч... ҳеч еринг оғ-оғримаяптими? Айт, ҳеч... қаеринг...
      Шу маҳал боланинг тепасидан салқин эпкин эсиб ўтди. У кўкка қаради.  
— Йўқ, ота. Ҳеч қаеримга ҳеч нарса қилмади.
— Худойимга шукр. Ота энтикиб уни бағрига босди. 
— Ота,  мен уларни кўрдим.
— Нимани кўрдинг? — ҳамон уни бағридан бўшатмай, чўкаллаган кўйи ҳиқиллади ота. 
— Фаришталарни!  Ота, фаришталар бор-а?
      Ота уввос тортиб йиғлаб юборди:
— Бор! Болам, бор! Албатта, бор...  
        
     PS/ …Шундай гаплар, қадрли ўқувчим. Мана, орадан йигирма бир йил вақт ўтди. Ўша болакай бугун йигирма етти ёшга тўлди, чиройли, паҳлавон ўғлон бўлди. У ҳозир ҳам самолётга чиққач, аҳён-аҳёнда уйқуга кетади, ишонасизми, кўзи илингач, мовий кенгликлар узра юксак-юксакларда учиб юрганини ҳис қилади: ёнида ўша “Сарвигул”,  ўша озғин тиланчи чол ва гўдак кўтарган аёлни кўради, бир оздан сўнг... Фаришталар пайдо бўлади. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот