Одамзот ўзидан узоқлашмоқда
Қадрли мухлислар биз тараққиётнинг қай бир чўққисида турмайлик, барибир Инсон қалби ва туйғулари энг олий тушунча тимсоли бўлиб қолади. Шу боис бугунги кунда Инсон ва тараққиёт мавзусида юртимизнинг таниқли адиб ва зиёлиларига юқоридаги савол билан мурожаат қилдик. Албатта, фикр ва мушоҳада учун бундай қисқа савол-жавобларнинг ҳам ўз аҳамияти бор деб ўйлаймиз. Рукнимизнинг бугунги меҳмони ёзувчи ва драматург Қўчқор Норқобил бўлди.
— Бугунги тезкор, шиддатли, буюк кашфиётлар замонида, медиаолам башариятнинг тафаккур нуқтасини маҳв этган даврда Инсон учун энг муҳим нарса нима деб ўйлайсиз?
— Бугун инсон учун энг муҳим, камёб ва ноёб нарсалар меҳр-оқибат, хотиржамлик етишмаяпти. Инсон шошаяпти. Лекин ҳеч нарсага улгуролмаяпти. Сабаби — вақт зиқ. Вақт йўқ. Тараққиётнинг ҳалокатли уммонида жони ҳалак. Елади, югуради. Тонг отади — кун ботади. Лаҳзада умрнинг бир куни кетади. Тараққиёт гўёки инсоннинг оғирини енгил, узоғини яқин қилаётгандай. Ҳа, цивилизация узоқни яқинимизга олиб келди — дунёнинг нариги бурчи аҳмоқларгагина эмас, биз одамларга ҳам бир қадам бўлиб қолди… Нега унда биз ҳеч нарса, кўп нарса қилишга улгуролмаяпмиз?. Вақт қисқармоқдами? Кун қисқармоқдами? Тараққиёт наҳотки вақтимиз қисқариши эвазига тантана қилмоқда? Тараққиёт вақтимизни емириб бораяптими? Дунё кашфиётлари вақтни тобора қисқартириш эвазига содир бўлаяптимикин? Наҳотки нимадир йўқолиши эвазига нимадир пайдо бўлса? Оғриқли саволлар…
Биз нимани йўқотаяпмиз? Оддийгина одамгарчиликни, меҳрни йўқотаяпмиз. Кўнгил хотиржамлигини, қалб оромини, дийдор завқини йўқотаяпмиз. Меҳр ришталари мустаҳкам кунлар, гарчанд тараққиётнинг чўққисига чиқмаган бўлсак-да, бир пайтлар минг чақирим йўлга отланганмиз. Яқинларимиз рухсорини кўриш, кексаларимиз дуосини олишга ошиққанмиз, ҳамма-ҳаммасига, тўй-таъзияга улгурганмиз. Бугун-чи, бугун? Қишлоқдами-шаҳардами, чўлдами-саҳродами қаерда бўлмайлик, цивилизация олисни оёғимиз остига олиб келиб ташлади — мана, қўлтелефон бор, онамизга қўнғироқ қиламиз, синглимизга SMS жўнатамиз, опамизга интернет орқали хат йўллаймиз, ҳа шундай, олиснинг муаммоси қолмади. Бироқ, шундай бўлса-да, нега вақтимиз зиқ, нега вақтимиз етмаяпти, ўйлаяпсизми, нега ботинимизда аллақандай ришталар узилиб бораётганга ўхшайди?.. Ахир биз яқинларимизнинг ёниқ нигоҳига кўз тикиб юзма-юз сўзлашиш, уларнинг дийдорига тўйишдан кўра, емирилаётган вақтимиз касрига буюк кашфиёт матоҳларига тобора боғланиб қолмаяпмизми? Улар вақтимизни қўшиб ўзимизни ҳам емириб бормаяптимикин?
Одамга хос бўлган азиз туйғулар ва ҳиссиётларга чанг солувчи ҳар қандай кашфиёт одамга сиртдан нечоғлик хизмат қилмасин у барибир одамнинг душманига айланиб қолади. Бугун, эртага, индин, қачон бўлмасин одамни тамаддун (цивилизация) маҳсули — интернет ҳам, бошқа ўта замонавий қурилмалар ҳам, ҳатто манови қўлтелефонлар ҳам қутқариб қололмайди — одамни одамга бўлган меҳр, инсонлар орасидаги самимий илиқ муносабатлар асраб қолади. Агар ер юзида кашф этилган, мақсад-иддаоси инсониятга зуғум ва таҳлика туғдириб, она сайёрамизнинг қоқ юрагига қаратилган қурол яроғларни ҳам инобатга оладиган бўлсак, XXI аср тамаддуни аллақачон инсоният измига бўйсунмай қўйганлигини ҳис қиламиз. Заминни “порох бочкаси” устига ўтқазишга уринган цивилизациянинг совуқ кашфиётларига муккасидан кетганлар эмас, Леонардо До Винчининг битта сувратию, Навоийнинг «Хамса»сини қарши қўяётган, қалбида ёниқ туйғулар олови ўчмаган инсоният бу ҳаётни давом эттиришига ишонаман.
Инсоннинг қалби, руҳияти кенгликлари, туйғу ва ҳиссиётлари инсон билимининг маҳсули бўлган нимарсаларга, цивилизация унсурларига ҳеч қачон кўчиб ўтмайди. Бироқ бу кашфиётлар бизни ўз измига бўйсундириб, ўз комига оҳанрабо янглиғ тортиб оларкан, XXI асрни кашфиётлар асри деб эмас, инсониятнинг йўқотиш асри, инсоннинг инсонийликдан узоқлашиш асри деб тушунаман. Тўғри, бугун ҳамма нарса бор… Бироқ вақт йўқ… Вақтимизни цивилизация йўриғига мослашиш учун сарфлаяпмиз.
Дилфуза Иргашева.
2021 йил.