ЭРТАКЛАР ҲАҚИҚАТГА АЙЛАНГАН ЮРТ!
Болалик хотираларни ёдга оларканман, беихтиёр шам ёғдусида китоб ўқишлар, дарс тайёрлашлар-у, эртак тинглаб уйқуга кетган ойдин кечалар ёдимга тушади. Баъзан ёз кечаларида сув сепилган ҳовли ўртасига жой солиб, онамга “эртак айтинг, эртак айтинг” деб хархаша қилардим. Ойим ҳам йўқ демасдан эртак айтишга тушарди.
Осмондаги юлдузларга кўз тикиб тингларканман, ўзимни гўё эртакка тушиб қолгандек ҳис қилардим. Айрим эртакларни қайта-қайта эшитаётган бўлсам ҳам зерикиш нималигини сезмасдим, яна ва яна эшитгим келаверарди. Ҳа, эртаклар — ўзга бир олам эди.
Ҳатто капалаклар-у, қалдирғочларга ошно бўлган йилларда онамнинг этагидан тутиб бир чақирим наридан сув олиб келган вақтларимиз ҳануз элас-элас эсимда. Лой, тупроқ йўллар, зим-зиё кўчалар: баъзан йиқилиб, лойга беланганим, қишнинг аёзли кунларида челак кўтарган қўлларнинг музлаб қолиши-ю, бир томчи сувнинг қадри...
Гўё эртакка тушиб қолгимиз келарди: Эртакларда обод юрт, фаровон ҳаёт, тўкин-сочин бозорлар, катта-катта ер эгалари ва уларнинг саховатпешалиги ҳамда халқи фаровонлиги учун кеча-кундуз жон куйдирадиган адолатли подшо... ва албатта, ҳар эртак доим яхшилик билан мурод-мақсадига етарди.
Энди ўйлаб қарасам, оғир турмуш тарзи, йўқчилик, инсон ва унинг қадр-қиммати буткул унутилган ўша замонларда эртаклар тинглаб, унда хаёлан яшаб, бахтли ҳаётни ҳис этарканмиз. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди-да: эшигинг тагигача пахта экилган, режа бажарилмаса, кўрпачангнинг пахтасини олиб, давлатга топшириладиган, 1 сентябрда биринчи қўнғироқ чалинган кундан то декабргача барча мактаб болалари пахтага, далага қувилган замонлар эди. Бугун ушбу хотираларни гапириб берсам, аксарият ёш авлод ишонмаслиги мумкин, гўё эртак эшитаётгандек лол қолишар эҳтимол. Аслида эса буларнинг бари ҳақиқат ва катта авлод бу даврнинг жонли гувоҳи.
Шукурки, бугун ҳур ва озод юртда яшаяпмиз, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, осуда ва фаровон ҳаёти кафолатланган. Юртимиз тинч, бозорларимиз тўкин, кўчаларимиз чароғон, хонадонларимиз файзли. Фермерларимиз — катта-катта ер эгалари, тадбиркорларимиз — саховатли, энг асосийси, Юртбошимиз халқпарвар, адолатли, инсон қадрини улуғлаган. Хуллас, эртаклар ҳақиқатга айланган юртда яшаяпмиз. Илоҳа, кўз тегмасин! Тангри таоло ўз паноҳида асрасин юртимизни, халқимизни ва унинг Юртбошисини!
Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўз юртимизга эгалигимиз, кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби фазилатлар, фаровон турмуш, олижаноб Юртбоши, она Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси – буларнинг барчаси қалбимизда ғурур, тафаккуримизда юксалиш, юрагимизда ишонч уйғотди.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг “Обод маҳалла дастури тўғрисида”ги, “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги Фармонлари ҳамда 2021 йилнинг 2 апрель куни қабул қилинган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида бугун қишлоқларимиз ҳар қачонгидан-да чирой очиб бормоқда. Бир пайтлар ўнқир-чўнқир, айниқса, ёғин-сочин кунларда юриб бўлмас лой кўчалар бугун кенг ва чароғон, асфальтланган, энг чекка қишлоқларда ҳам ҳар бир хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда. Қисқаси, ҳудудлар қиёфаси тубдан яхшиланиб бормоқда.
Шукурки, эртаклар ҳақиқатга айланди!
Ҳа тўғри, бугунги одамлар кечаги одамлар эмас, бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Тарихга назар ташласак, ХIХ асрнинг иккинчи ярмида мамлакатимиз истило қилинган, мустақиллик учун курашганлар қатағон қилинган. Нафақат иқтисодиётда, илм-фан, маданият, санъат соҳасида ҳам турғунлик даври бошланган. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, диний, мафкуравий тазйиқлар авж олган. Ҳеч ким ўз фикрини очиқ-ойдин айтолмас, айтганларнинг эса бошига мисли кўрилмаган кулфат ёғилар эди. Манфур сиёсат туфайли миллатнинг асл фарзандлари, зиёлилар улуғ шоир таъбири билан айтганда, “туғилди-ю, шу он бўғилди”.
Бугун эса Ўзбекистоннинг ўз йўли бор, мақсади аниқ, эртаси бугунидан-да, нурли эканига ишонч мустаҳкам. Шиддат билан ривожланаётган юртимизда ўзгаришлар ҳар соҳада ўз аксини топмоқда. Энг асосийси, Янги Ўзбекистонда инсон, унинг қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилди.
Президентимиз таъкидлаганларидек, “Давлат – инсон учун” деган халқчил ғоя изчиллик билан қарор топмоқда. Жамиятда аҳоли ва сиёсий партияларнинг фаоллиги, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли ва аҳамиятини оширишга қаратилган, тизимли ишлар олиб борилмоқда. Инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ишончли ҳимоя қилиш Янги Ўзбекистоннинг бош тамойилига айланмоқда.
Айтиш жоизки, ўтган давр мобайнида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар кўзга ташланди. Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўйди.
Ўзбекистон халқининг кўп асрлик бой тарихига назар ташлар эканмиз, унда тараққиётнинг бир неча ривожланиш босқичларини кўриш мумкин. Бу босқичларда давлатчилигимизнинг шаклланиши, жамиятда илм-фан, санъат ва маданиятнинг юксалиши жаҳон тамаддунининг ривожига ҳисса қўшишдек ифтихорли жараёнлар кўз олдимизда гавдаланади.
Бундай ижтимоий ноёб ҳодиса “Ренессанс” – уйғониш, қайта тикланиш, юксалиш деб аталади. Сир эмаски, бугунги кунгача Ўзбекистон икки буюк уйғониш даврига бешик бўлди. Бу жаҳон илм-фанида ўз исботини топган ва тан олинган тарихий ҳақиқатдир. Бугун яна бир муҳим Уйғониш жараёнига тамал тоши қўйилмоқда. “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳамоҳанг жаранг сочмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари олға қадам ташлашга ундамоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Биз — дунёга, дунё — бизга очиқ бўлиши керак. Бугунги ҳаёт, бугунги тараққиётнинг талаби ҳам аслида шу. Биз ана шу ҳал қилувчи тамойилни албатта ҳаётимиз қоидасига айлантирамиз”.
Эркинлик... Бу энг улуғ неъмат! Инсоният яралибдики, эркин, озод, фаровон ҳаёт кечиришни орзу қилади.
Сўз эркинлиги — демократик жамиятнинг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Шу маънода бугун мамлакатимиз медиа маконида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни сўнгги беш-олти йилда оммавий ахборот воситалари фаолиятида, айниқса, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлардаги фаолликда яққол кузатиш мумкин.
Қолаверса, Конституциявий ислоҳотлар жараёнида юртдошларимиздаги дахлдорлик туйғуси, ўз келажагига бефарқ эмасликни бевосита кузатиб, шунга амин бўлдикки, бошланаётган янги давр ўзгаришларига фуқароларимиз ўзлари ташаббускор бўлмоқдалар, ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватламоқдалар.
Хабарингиз бор, Президентимизнинг томонидан “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида ислоҳотлар пойдеворига тамал тоши қўйилган эди. Эндиликда ушбу ёндашув ҳаётимизнинг муҳим қадриятига айланди.
Буни яқинда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизга юксак давлат мукофотларини тантанали топшириш маросимида гувоҳ бўлганим воқеа мисолида ифодаламоқчиман. Таниқли сухандон Дилором Умарова Президентимиз қўлидан “Меҳнат шуҳрати” орденини қабул қилиб оларкан шундай деди: “Умримнинг 35 йили телевидениеда ўтди, 10 йилдан буён нафақадаман, аммо соҳадан узилиб кетмадим, ёшларга ўз тажрибамни баҳоли қудрат ўргатиб келмоқдаман. Бу мукофот мен учун кутилмаган бўлди. Демак, меҳнатларим қадрланди. Юртимизда ҳеч бир инсон эътиборсиз қолмайди, олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси — “Инсон қадри учун”.
Истиқлол — бу шундай улуғ неъматки, у асрлар тўфонидан соғ-омон ўтиб, ўзлигимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни англаш имконини берди. Узоқ йиллар ҳукмронлик қилган зўравон ва мустабид тузумнинг қурбони бўлган ота-боболаримизнинг орзуси, истак ва мақсадлари истиқлол туфайли рўёбга чиқди.
Бугун юртимизнинг қай бир гўшасида бўлманг, шаҳар-у қишлоқларимизга борманг, қайси бир юртдошимиз билан суҳбатлашманг, уларнинг нигоҳида келажакка ишонч, кўтаринкилик, қалбида ғурур туйғуси ҳукмронлигига гувоҳ бўласиз.
Тўғри, юртимизда ҳали муаммолар ҳам кам эмас. Ҳали йўллари тўкис бўлмаган, чанг ва ўйдим-чуқур кўчалар ҳам оз эмасдир. Тоза ичимлик суви, табиий газ етиб бормаган жойлар ҳам бор. Ҳали иш билан таъминлашдаги муаммолар ҳам етарли. Таълимда, соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликлар ҳам бор гаплар. Суд-ҳуқуқ тизимидаги ва бошқа соҳаларда коррупцион ҳолатлар учраётгани ҳам ёлғон эмас. Булар бор.
Лекин иймон билан, ишонч билан айтинг, дунёнинг қай юртида муаммо, камчилик йўқ ўзи?
Айтинг, айниқса, сўнгги 5-6 йилда она диёримизда қанчадан-қанча муаммолар ҳал этилмадими, ҳар соҳада янгиланиш сезилмадими? Албатта, сезилди, намоён бўлди! Буни кўрмаслик, эътироф этмаслик инсофдан бўлмас.
Юртбошимиз доим айтмоқда, ҳамма муаммоларни фақат ўзимиз, ўз кучимиз билан бартараф этамиз, уни ҳеч ким четдан келиб ҳал қилиб бермайди. Шундай экан, юрт равнақи, эл фаровонлиги ва инсон қадри устувор жамият учун, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бир байроқ остида бирлашайлик. Учинчи Ренессанс пойдеворини биргаликда қурайлик ва келажак авлодлар учун фахр-ифтихорга айланайлик.
Олимжон ЎСАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси.
“Ҳуррият” мустақил газетасининг 2022-йил 7-сентябрь №35-сонидан олинди.