Дардли сатрлар гоҳ дардга даво...


 Шеърга дардингни айтасан. Енгил тортасан. Шеър сенинг дардингни олади-ю, ўзи дардманд бўлиб қолади. Дардманд шеър шеърхонга нима беради? Ғамга ботган шеърни ким ўқийди?! Ҳамма гап шунда...
  Дардли шеърни ўқиган китобхоннинг бир гуруҳи ўзига дарддош топади. Ўзи оғриган дард бошқада ҳам борлигини англаб, дардга бас келишга, ўзини ўнглашга интилади. Бошқа бир гуруҳ шеърхон лирик қаҳрамон азобларига ошно бўлар экан, ўзини қийнаб юрган қийноқ жуда арзимас эканлигини англаб, шукронага тил жуфтлайди. Хуллас, дардли шеърлар ҳар кимга ҳар хил таъсир қилади. Муҳими, у ўқилади. Чунки дард кўнгилни поқлашга мажбурлайди, Аллоҳ дейишга ундайди. Шу сабаб ҳам шеърият асрлардирки яшаб келмоқда. Шеърият гулзорга ўхшайди. Гул борки, ҳам ҳусни, ҳам ифори бор. Гул борки, ҳуснидан туясиз, аммо ифорсиз. Гул борки, ифори дилтортар, аммо ҳусни йўқ. Ҳатто ўзини гул деб билган алафлар ҳам бу гулзорда бўй чўзиб туради. Шеърлар ранг-баранг бўлгани каби шеърхон ҳам турфаки, ўзи истаган гулга харидор бўлади. Шу сабаб шоирман деганнинг кўплиги хавотирга солмаслиги керак. Вақт олий ҳакам. Моҳигулнинг шеърларини ўқиб туриб шуни ўйладим. Яхши шеърлар экан. У қаламкашликдан шоиралик томон ўтиб улгурган. Чиройли, бетакрор сатрлар, ўзига хос ўхшатишлар, дардли манзаралар, ўз сўзи, ўз овози борлиги фикримизга далил.

Мен – ёлғиз, кун – ёлғиз, тун – ёлғиз, 
Дилдаги ўкинчлар гунг, ёлғиз.
Тақдирнинг корини тушунмай,         
 Кўзимга чўккан бу мунг – ёлғиз.

  Моҳигулнинг шеърларида ёлғизликка маҳкум аёл қисмати ифода этилган. Оғриқ, армон, ғийбатнамо нигоҳлар таъқибидан қийналган лирик қаҳрамон изтироблари мамлакатимизнинг анча-мунча аёлига таниш. Демак бу шеърларнинг китобхони бор:

Мен-да боролмайман. Қўймайди шаҳар, 
Саккизоёқ бўлиб қучоқлар Ташвиш. 
Маҳзун юрагимга тутади заҳар 
Элас-элас кулиб келаётган Қиш.
  
  Шеърларни бирин-кетин ўқидим. Айрим шеърлар қайта назардан ўтказишга муҳтождай туюлди. Баъзи ижодкорлар табиий қуюлиб келган сатрларни ўзгартиришни истамайдилар. Аммо қайта-қайта назардан ўтказганда ўзи сайқал топиши мумкин бўлган ҳолатлар бор. Биз адабиётшунослар қобилият меҳнаткашлик, эътибор, мутолаа каби хислатлар шарофатидан сайқалланиб боради, деб биламиз. Мен шоирага якранг мавзудан қочиб, янги-янги мавзуларга қўл уриш, гўзал шеърлар битиш бахтини тилайман. Бу тилак! Ижодкор кўнгли буюрганини ёзиши табиий! Ана шу табиийликдан айирмасин!

  Лайло Шарипова, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот