Шарль Перро (12.1.1628 Париж - 16.5.1703 й. й.) — француз шоири ва танқидчиси. Франция академияси аъзоси (1671). XIX-аср француз адабиётида авж олган "Қадимгилар ва янгилар баҳси"да иштирок этиб, замондош ёзувчиларнинг қадимий ёзувчилардан афзаллигини ёқлаб чиққан ва шу билан шуҳрат қозонган. Илк пародияли достони — "Троя девори " (1653). Шундан кейин унинг "Буюк Людовик асри" (1687) достони ҳамда 4 жилдли "Санъат ва фан масаласида қадимгилар билан янгилар ўртасидаги қиёслар" (1688— 89) диалог шаклида ёзилган асари, "Аёлларнинг таърифу тавсифи" (1694) сатирик шеъри эълон қилинган. Перро сўнгги 2 асарида Буало сингари замондошлари билан баҳс-мунозара юритган. Перро адабиётнинг маърифий аҳамияти ҳамда адабий тараққиётнинг фан ва тамаддунга боғлиқлиги масаласидаги қарашлари француз маърифатпарварлари томонидан ривожлантирилган. Аммо Перронинг француз адабиётидаги катта ўрни "Онагинам Гусина бонунинг эртаклари ёки Ўтган замонларнинг ибратли воқеа ва эртаклари" тўплами билан белгиланади. Мазкур тўплам Перронинг ўғли Дарманкур номидан эълон қилинган. У дастлаб 8 та эртакдан ташкил топган бўлиб, кейинчалик яна 3 та шеърий эртак ҳисобига бойиган. Француз адабиётидаги антик маданият анъаналарига қарши курашган Перро халқ эртакларига хос "қиссадан ҳисса" чиқариш тамойилини самарали, деб ҳисоблаган. У эртакка ҳазил-мутойибалар ёрдамида чинакам халқ ижодига хос латофат ва жозибани олиб кирди. Перро "Эртаклар"и француз адабиётида халқчилликнинг ошиши ва эртакнинг адабий жанр сифатида ривожланишига катта таъсир кўрсатган. Перронинг эртакнавислик анъаналари ака-ука Гриммлар, Л.Тик, Х. К. Андерсен сингари ёзувчилар томонидан давом эттирилди. Перронинг "Золушка", "Этик кийган мушук", "Кўк соқол" сингари эртаклари асосида опера ва балет спектакллари, мультфилмлар яратилган. Перронинг айрим эртаклари ўзбек тилига таржима қилинган.