Льюис Кэрролл


  Льюис Кэрролл (Lewis Carroll, ҳақиқий исми Чарльз Лютвиж Дожсон, Charles Lutwidge Dodgson; 1832—1898) — инглиз ёзувчиси, математик, мантиқшунос, файласуф ва сураткаш.  
  Льюис Кэрролл 1832 йилнинг 27 январида Чешир графлигида руҳоний оиласида туғилган. 1851 йили Оксфордга кўчиб, Оксфорд университети қошидаги Christ Church коллежига ўқишга кирган. Коллежда ўқиб юрган кезлари ижодни бошлаган Льюис Кэрролл кичик ҳикоялар ва шеърлар ёзиб турли нашрларда чоп эттирган. Унинг — «Алиса мўъжизалар мамлакатида» (1864), «Алиса ойна ортида» асарлари ҳамда «Снаркни овлаш» ҳажвий достони, «Брунонинг қасоси» (1867), «Эвклид» (1881), «Мантиқий ўйин» (1887), «Сильви ва Бруно»  (1889), «Тимсолий мантиқ» (1890) китоблари машҳурдир. 
  У 1898 йил 14 январда Суррей графлигида вафот этган. Льюис Кэрролнинг «Алиса мўъжизалар мамлакатида» асари экранлаштирилган.

Эртаклар қироли

  “Бор экан-да, йўқ экан…” Болалигимизда жон қулоғимиз билан тинг­лаганимиз эртаклар, одатда, шундай бошланиб, “мурод мақсадига етибди” қабилида тугарди. Аммо жаҳон адабиётида шундай эртаклар ҳам яратилганки, улар нафақат но­одатий сюжетга эга, балки замирида ўзгача маъно-мазмун мужассам. Оқ қуён изидан кетиб, мўъжизалар мамлакатига тушиб қолган Алиса исмли қизчанинг ажабтовур саргузаштлари ҳақида эшитмаган бола кам топилса керак. Льюис Кэрролнинг жаҳонга машҳур икки ғаройиб эртаги асосида турли даврларда кўплаб кино, мультфильмлар суратга олинган. Улар аллақачон болалар қатори катталар қалбидан ҳам жой олиб улгурган. Ижодкорларнинг қайта-қайта бу эртакларни ўқиб, улардан илҳомланганликлари боиси Л.Кэрролл асарлари матнига сингдирилган теран ғояда эмасмикан?
  Адибнинг асл исми Чарльз Лютвиж Дожсон бўлиб, у 1832 йил 27 январда Англиядаги Чешир графлигининг Дэрсбери қишлоғида дунёга келган. Шу ўринда бир гап: эртакдаги тиржайиб турувчи Чешир мушуги ёдингиздадир; бу персонажни яратишда Кэрролга она юртида кўрган-кечирганларига туртки берган бўлса ажабмас.
  Унинг отаси черков кашиши бўлиб, қадимги тиллар, математика соҳалари билимдони, тақводор одам эди.
  Ўн икки ёшида Чарлзни аввалига Ричмонд, кейинроқ Рэгбидаги мактабга ўқишга юборишади. Ўн тўққизга тўлгач эса, Оксфорд коллежига ўқишга киради ва мустақил ҳаёт бошлайди. Адиб умрининг қолган қисми айнан Оксфорд билан боғлиқ.
  1855 йили унга коллежда қолиб дарс беришни таклиф қилишади. Ўша давр қонун-қоидаларига кўра, таклифга рози бўлганлар диний унвон ҳам олар ва сўққабош ўтишга ваъда беришлари лозим бўларди. Шу тариқа Дожсон Оксфордда қолади ва ўзини математикага бағишлайди. Ҳар кунлик маърузалар, танаффус чоғидаги оддийгина тушлик, сўнгра тағин дарслар, узундан-узоқ сайрлар ва баъзида ҳамкасблари билан уюштириладиган кечки зиёфатлар адибнинг ўқитувчилик йиллари бир зайлда, тартибли, эҳтимол, зерикарли кечганини ҳам кўрсатар. У умр бўйи дудуқланишдан азият чеккани боисми, маърузаларини ҳис-ҳаяжонсиз ўқир, танишиш-учрашишлардан ўзини олиб қочарди. Университетда кўз илғамас нарсаларга-да эътибори, ўзигагина хос одатлари билан танилгани боисдир, кўпчиликда у “ғалати одам” таассуротини қолдирганди.
  Бир қарашда Кэрролнинг бундай турмуш тарзи сокин дарёни эслатади. Бироқ теранроқ разм солинса, мана шу “сокин дарё” тубида инжу-жавоҳирлар борлигини кўриш мумкин.
  Льюис Кэрролл болалигида рассом бўлишни орзу қилган. Ўзи ёзган илк ҳикояю шеърларига суратлар чизган. Профессор бўлгач, у чизганларини “Таймс” журналига юборади, бироқ таҳририят расмларни қабул қилмайди. Шунда у ўзининг кучини фотографияда синаб кўради. “Чарльз Дожсон 1856 йил 18 мартда ўзининг илк фотоаппаратини сотиб олди ва қисқа вақт ичида фотоҳаваскордан чин маънодаги фотограф даражасига кўтарилди”, деб ёзади таниқли фотосуратчи М.Коэн. Дарҳақиқат, фотоаппаратни харид қилганидан сўнг атиги икки йил ўтиб, унинг суратларидан тўрттаси ўша пайтлардаги таниқли сураткашлар асарлари билан бир қаторда Лондондаги кўргазмалар залига қўйилади. Балки бу соҳада тез муваффақиятга эришишида унга болалик орзуси туртки бўлгандир. Хуллас, эрмакдан бошланган ишида Кэрролл катта ютуқларга эришади.
  У таътилларини янги жажжи дўстлар орттириш, улар билан сайрлар ташкиллаштириш, ўйинлар, бошқотирмалар ўйлаб топиш билан ўтказарди. Болалар даврасида у оксфордлик тунд ўқитувчидан қувноқ, дилкаш суҳбатдошга айланарди. Бундай кичик дўстлари орасида Алиса Лиддел исмли, Оксфорд коллежи ректорининг қизи ҳам бор эди. Кэрролл Алиса ва унинг сингиллари билан тез-тез сайрга чиқиб турарди. Сайр давомида уларга ўзи тўқиган ҳикоя, эртакларни айтиб берар, бу эса болаларга жуда манзур тушарди. Иттифоқо, бир куни Алиса ундан эртак ёзишни сўрайди. Шу тариқа унда эртак яратиш иштиёқи туғилади.
  “Алиса – мўъжизалар мамлакатида” асари дунё юзини кўради. Ким билади дейсиз, агар Алиса бўлмаганида ё адиб у билан дўстлашмаганида бундай такрорланмас эртак ҳам яратилмаган бўлармиди…
  Кэрролнинг “Алиса – мўъжизалар мамлакатида” эртагида Алисанинг мўъжизаю ғаройиботлар тўла маконда кўрган-кечирганлари ҳикоя қилинади. Ҳодисалар аслида тушда кечса-да, эртак аввалида буни пайқамайсиз. Асосий воқеалар Алисанинг Оқ қуён ортидан унинг уясига сакрашидан бошланади. Шу тариқа қизалоқ ўзга мамлакатга тушиб қолади. Ўз номи билан мўъжизаларга кон бу оламда Алиса бир-биридан ғалати, телбанамо қаҳрамонлар билан учрашади. Сичқон, Били отли Калтакесак, Қуён, Ипак қурти каби персонажлар, жониворлар бўлса-да, гапиришни, йиғлашни, бақиришни, ҳатто ақл ўргатишни ҳам бинойидек эплашади. Бояқиш Алиса эса муроса қилишга мажбур. Мўъжизалар мамлакатида мўъжиза дахл қилмайдиган жонзот йўқ. Алиса ҳам меҳмон бўлса-да, бундан мустасно эмас. Шу боис у эртак давомида ғайриоддий ҳолатларни бошдан ўтказади.  Қиролича Топпон суҳбатига мушарраф бўлади. Ҳақгўйлигию қизиқувчанлиги туфайли дакки ейди, бироқ ўз фикридан қайтмайди. Тўғрисўзлиги бошига бало келтиришини билса-да, Қироличанинг гуноҳкор соқчиларини ўлимдан асраб қолади.
  Эртак, одатдагидек, Алисанинг тугал бахтга ёки битмас-туганмас бойликка эга бўлиши билан якун топмайди, у уйқудан уйғониб кетади, холос. Асар воқеалари, персонажлари ғайриоддий, ҳаётий бўлса-да, уларнинг гап-сўзлари, хатти-ҳаракатидан сабоқ чиқариш, ибрат олиш, муайян хулосага келиш мумкин. Бироқ Кэрролл ўқувчига бу оқ, бу қора деб кўрсатмайди, панд-насиҳат қилмайди ёки иллатларни ҳижжалаб изоҳламайди. Адиб бор-йўғи ҳаммасини рассомдек чизиб-тасвирлаб кўрсатиб беради. Масалан, Оқ қуён орқали қўрқоқликни, Герцогиня образида иккиюзламачиликни, Сичқонда манманликни, Қироличада эса худбинликни фош қилади. Тегишли хулоса чиқаришни эса ўқувчига қолдиради.
  Алисанинг кўзгу ортига қилган кейинги саёҳати ҳам ғаройибликда аввалгисидан асло қолишмайди. Нарсалар тескарисига кўринадиган бу оламда ҳам у ажойиб қаҳрамонлар билан танишади. Ўзларини ақлли деб билувчи кибрли гуллар билан гурунглашади. Йўл-йўлакай Оқ, Қора Қироличаларни (бу галги Қироличалар шахмат доналари) учратади, оқкўнгил Оқ рицар билан дўстлашади. Ўша машҳур Ади-Бадидан шеър тинг­лайди. Ҳатто Қиролича бўлиш учун йўл-йўриқлар олади…
  Кэрролл ҳар иккала эртагида ҳам халқ оғзаки ижодидан унумли фойдаланган.
  Бу эртаклар китобхонни зийрак бўлишга, мантиқий фикрлашга ўргатади, ақлни чархлайди, одоб сақлашга, инсоний фазилатларни қадрлашга даъват этади. Бу жиҳатлари билан Л.Кэрролл эртаклари юксак тарбиявий аҳамиятга эга.
  Асар биринчи марта Макмиллан нашриёти томонидан чоп этилади. Аввалига ўқитувчининг бу ноодатий эртаги танқидчилар томонидан совуқ кутиб олинади. Бироқ бу ҳолат адибни иккинчи эртаги – “Алиса Кўзгу орти ўлкасида”ни ёзишдан тўхтата олмайди. 1869 йили Кэрролл ношир Макмилланга “Кўзгу ортида”нинг биринчи бобини юборади. Бу пайтга келиб энди аввалги эртак оммалашиб, қўлма-қўл бўлиб кетган, унинг ёзувчи сифатида обрўси ҳам ошганди. Боз устига асар ўша йилиёқ асар бир йўла немис ва француз, 1872-1874 йиллари эса итальян, голланд, 1879 йили рус тилига таржима қилинади. Асар бутун дунёга тарқалиб, миллионлаб болаларнинг севимли китобига айланади. 1872 йили “Алиса Кўзгу орти ўлкасида” (тўлиқ номи “Кўзгу орқали ва Алиса у ерда нималарни кўргани”) эртаги яхлит нашр этилади. 1886 йили Мавлуд айёмида Лондондаги Уэлс шаҳзодаси теат­рида “Алиса – мўъжизалар мамлакатида” эртаги саҳналаштирилади.
  Бундай машҳурликка ҳам, кези келганда айтилган танқиду мақтовларга ҳам Кэрролл вазминлик, совуққонлик билан муносабатда бўлган. Шон-шуҳратидан кибрланиш ўрнига адиб хижолат чеккан: суратини чоп этишларига изн бермаган, бегоналар орасида танилиш унинг учун ноқулайлик туғдирган.
  Льюис Кэрролл 1898 йил 14 январь куни Мавлуд таътилида Гилфорд­даги синглисиникида вафот этган.

Моҳира Отабоева.
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 6-сон.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот