Озод Мўъмин Хўжага табрик
Ёзувчи - Озод Мўмин Хўжани таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
Озод Мўмин Хўжага мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаймиз!
Маълумот: Озод МЎЪМИН ХЎЖА (Озод Пўлатович Мўминов) - 1952 йилнинг 12 ноябрь куни Тошкентда туғилган.
1970 йил мактабни тугатган. Шу йили Тошкент Давлат Университети Физика факультетига ўқишга кирди ва уни 1975 йили битирди. Шу вақтдан ВНИИ Промгазнинг Ўрта Осиё филиалида муҳандис ва илмий ходим сифатида фаолият юритди. 1980 йилдан то 1990 йилгача Ўзбекистон Фанлар Академияси Физика-Техника илмий-текшириш институтига ўтиб, илмий тадқиқотлар олиб борди. Изланишлари асосида физика-математика фанлари номзоди диссертациясини ёқлади. Ихтиролар қилган. Улар катта иқтисодий фойда келтирганлари собиқ иттифоқнинг ихтирочиларга бериладиган медалига сазовор бўлган.
Шу йиллар давомида адабиётга қизиқиб фантастик ҳикоялар бита бошлади. 1987 йилда “Хиёбондаги уч учрашув” фантастик ҳикоялар тўплами, 1989 йилда “Мен – робот” китоби, 1990 йилда “Энг доно от” китоби (таржима асар) босмадан чиқди. Шу йилларда унинг айрим асарлари Россия, Украина ва Қозоғистон матбуотида таржима қилиниб нашр этилди.
1992 йилда “Буюк Амир Темурнинг ёқути” тарихий асари “Шарқ юлдузи” журналида ва 1993 йили алоҳида тўпламда чоп этилди.
1997 йилда “Бир йигит ва уч қиз ҳангомаси” ҳажвий ҳикоялари тўплами босмадан чиқди.
2004 йилда “Сардор “Бешагачский” – тоза ўғри” криминал қиссаси китоб ҳолида чоп этилди.
2006 йилда “Ваҳдат ул-ҳақойиқ” фалсафий трактати чоп этилди.
2007 йилда Ўзбек адабиётида илк бор криминал триллер жанрида ёзилган ““Ойжамол” чойхонаси”асарини чоп этди.
2006 йилдан Ўзбекистон тарихидаги ноёб хислатли инсонлар ҳаётига қизиқиб, уларни ўргана бошлади ва 2008 йилда буюк Баҳовуддин Нақшбанднинг устози ҳақида “Ҳазрат Сайид Амир Кулол” номли тарихий воқеаномалар асарини ёзиб тугатди. 2010 йилда бошқа бир бухоролик ноёб инсон ҳақида “Хўжа Муҳаммад Паррон” деб номланган тарихий воқеаномалар асарини битди. Бу асарлар 2012 йилда чоп этилди.
2015 – 2020 йилларда “Буюк Амир Темур ёқути” (тарихий ва фантастик асарлар тўплами), “Коинот оқимлари” (фантастик роман, Айзек Азимовдан таржима),“Бир томчи раҳмат” (рисола, Абулҳасан Ҳарақоний ҳақида), “Мукофот ва қасос” (фалсафий рисола), “Шайх Зайниддин – олим ва валий” (тарихий қисса), “Мен биламан, севаман сени” (шеърий тўплам) ва “Тарих денгизи” (тарихий асарлар тўплами) китоблари чоп этилди.
Ёзувчи ҳозирги кунларда тарихимизда ўтган алломалар ва тасаввуф вакиллари ҳаётлари ва фаолиятларини акс эттирувчи асарлар битмоқда.
Озод Мўъмин Хўжа 1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси.