Саъдулла Сиёев (1939–2021)
Саъдулла Сиёев 1939 йил 25 мартда Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри яқинидаги Қарноқ қишлоғида деҳқон оиласида туғилган.
Тошкент давлат университетида ўқиган (1957–1962). Дастлаб “Ёшлик” радиосида, кейинчалик “Муштум” журналида ишлаган, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Адабиёт жамғармасига раҳбарлик қилган.
Саъдулла Сиёев дастлабки шеър ва ҳикоялари билан ўтган асрнинг эллигинчи йиллари иккинчи ярмидан кўрина бошлаган.
1970 йилда “Қасам ичмаган йигит” номли биринчи ҳикоялар тўплами чоп этилди. Шундан сўнг “Садағанг кетай” (1972), “Тўйлар муборак” (1975), “Ой бориб, омон келинг” (1976), “Оғир вазнли жанжалкаш”, “Эркаклар учун эртаклар”, “Ёруғлик” (1986), “Аваз” (1987), “Бепарво бўлмоқчиман” (1990) каби роман, қисса, ҳикоялар китоблари босилиб чиқди.
Мустақиллик йилларида Саъдулла Сиёев янада самарали ижод қилиб, “Яссавийнинг сўнгги сафари” (1993), “Ҳақиқат йўли” (1997) номли икки китобдан иборат тарихий роман, яна “Менинг хўроз қувганим” (ҳикоялар, ҳажвиялар, бадиалар, 2007), “Ёлғончининг рост сўзи” (ҳикоялар, хотиралар, 2010) каби китоблар яратди. Л. Толстой, М. Зошченко, Л. Ленч, А. Арканов, Г. Горин каби рус ёзувчиларининг ҳикояларини она тилимизга ўгирди. Ўзининг ҳам бир қатор асарлари рус, қозоқ, қирғиз, тожик, турк ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинди.
Саъдулла Сиёев ҳукуматимиз томонидан "Меҳнат шуҳрати", "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирланган.
Саъдулла Сиёев 2021 йилда вафот этган.