Бувижонимни хотирлаб...


   Яқин инсонларингизни йўқотган сарингиз қалбингиз ҳувиллаб қолаверади ва ўша кишингиз учун қила олишга улгурмаган ишларингизни ўйлаб ўкина бошларкансиз... Ҳар йили Февраль ойи оиламиз учун қувончли ойлардан бири эди. Сабаби - 1 Февраль Волидаи муҳтарамам - Малоҳат Мирзомуҳаммад ва укам Мажидбекнинг таваллуд топган кунлари. 6 февраль каминанинг туғилган куни. 13 Февраль эса Бувижоним таваллуди нишонланадиган сана эди. 

   Сўнгги йилларда Бувижоним - Гулсун (Жамила) Аббос қизи қаттиқ хасталандилар ва хотираларини йўқотдилар. Охирги пайтларда галлюцинация ҳолати юз бера бошлади. Ўзлари билан ўзлари гаплашадиган одат чиқардилар. Онам ва бизни гоҳ таниб, гоҳ танимай қолдилар. Аммо Онамга қаттиқ суяниб қолганликларидан бўлса керак, Малоҳат исми тилларидан тушмасди. Бувижоним жуда хушмуомала аёл эдилар. Хотиралари жойида бўлмаса-да: "Болажоним, асалим, меҳрибоним, мен сени яхши кўраман" сингари сўзлар билан бизга мурожаат қилар эдилар. Онам Бувимга ҳам куйиндилар чамаси қон босимлари сира тушмади. Бош оғриғидан қаттиқ азият чекдилар. Шифокорлар касалхонага ётиб даволанишлари шартлигини уқтиришса-да туғилган кунларини ўтказиб, кейин даволанишларини айтдилар. Бироқ шифокорлар юқори қон босими натижасида мияга қон қуйилиш хавфи борлигини тушунтиришиб, Онаизоримни касалхонага ётқизишди. Бувим эса комага тушиб қолдилар. 

  Онамнинг туғилган кунларида Онам барча аёллар каби гулларни ёқтирганликлари учун касалхонага гулдаста олиб бордим. Аммо зум ўтмай уйдан рафиқам қўнғироқ қилиб, Бувижонимнинг жонлари узилганини айтиб йиғлади. Бу нохуш хабарни Онамга айтишни ҳам айтмасликни ҳам билмай иккиланиб қолдим. Айтай десам Онам табриклашга келган яқин кишиларимизни номларини айтиб, шифокор ва ҳамширалардан хурсанд эканликларини, гарчи туғилган кунлари касалхонада ўтаётганини ҳисобга олмаса қолганидан мамнун эканликларини айтаётгандилар. Бироқ АҚШдаги муолажасини айнан Бувимдан айрилиб қолишдан хавотирланганидан давом эттирмай қайтиб келган Онамга бу хабарни етказмаслигим ҳам мумкин эмасди бошқа жиҳатдан олиб қараганда. Чунки Онаизорини сўнгги манзилга кузатишлари, видолашиш учун охирги бор дийдорига тўйиб олишлари керак эди. Бу пайтда касалхона бош шифокори ҳам Онамни табриклаётган эди. Машъум хабарни айтганимда Онам бир муддат карахт бўлиб қолдилар сўнг... йиғлаб юбордилар... 

  Шу сабабли ўша куни биринчи бор Онамни табриклаб интернетда табрик қўя олмадим. Қолаверса, саноқли кунлар қолган таваллуд айёмларини Бувижоним энди кўра олмайдилар... Онамни шу даражада яхши кўрар эканларки, кейинги туғилган кунларида мени эслашсин деб, Онамни дунёга келтирган кунлари ўзлари бу дунёни тарк этдилар... Жума куни... Бувижонимни жанозасига нафақат Тошкентдаги қариндошларимиз, балки Сурхондарё, Бухоро ва Водийдан ҳам қариндошларимиз, қўни-қўшни ва маҳалламиз аҳли келишди ва тумонат одам Бувижонимни сўнгги манзилга кузатишди... 

  Бувижоним ёшлигимда менга жуда кўп эртаклар ва латифалар айтиб бериб, кулдирардилар. Менинг адабиётга қизиқишимга ҳам ўзларининг ҳиссаларини қўшганлар. Чеваралари (фарзандларимга) ҳам эртак, шеър ва қўшиқ айтиб чарчамасдилар. Ўзлари ёшликларида собиқ Ҳамза театри (ҳозирги Ўзбекистон Давлат Миллий Академик театри)да назоратчи бўлиб ишлаганликлари учун ёшликларидан театр ва кинога қизиқишлари баланд эди. "Шуҳрат" медали билан ҳам тақдирланганлар. Кўпчилик санъаткорларни яхши танирдилар. Кексайган бўлишларига қарамай, театрга тушишни ёқтирардилар. Агар ҳаёт бўлганларида 13 Февральда яна бир баҳорни қаршилаган бўлардилар. Бувижонимни 100 ёшга кирадилар деб ўйлардик... Афсус... 

    Бувим вафотига 40 кун тўлганда, 10 Март куни Волидаи меҳрибоним - Малоҳат Мирзомуҳаммад ҳам бизни тарк этди...
   Бувижоним, Ойижоним, руҳингизлар шод, охиратингизлар обод, жойингизлар Жаннатда бўлсин! 

Музаффар Муҳаммадназар. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот