Мен англаган ҳақиқатлар
Мен англаган ҳақиқатлар
***
— Ер юзидаги одамларнинг овози асло бир-бириникига ўхшамайди. Нега шундай, ҳеч ўйлаб кўрганмисан?
— Илтижо қилсалар овозидан таниб олиши учун Оллоҳ ҳар кимнинг овозини ўзига аён этиб яратган.
***
— Инсон ўз кучини билмайди.
— Инсон шунчалар қудратлими?
— Ҳа. Унинг кучи бутун Коинотни ларзага солиши мумкин. Унинг кучи ернинг тортишиш кучидан ҳам кучлироқдир.
— Нега бундай деяпсан?
— Ахир Инсон фарзандида Яратгандан сўраш, Яратганга илтижо қилиш имконияти бор. У бу имкониятни ишга солса, бармоғи билан тоғларни ўрнидан жилдириш қудратига эга бўлади.
***
Лоқайд кимсани кўрганимда ҳатто душманимни ҳам яхши кўриб кетаман.
***
Душмандан қўрқма! Баъзида тан ол, ҳурмат қил. Бироқ лоқайддан қўрқ. Чунки унинг учун сенинг бору йўқлигинг бир пул.
***
Дунёни муҳаббат қутқаради деган гапга авваллари ишонмасдим. Энди ишонаяпман. Чунки, муҳаббат буюк ахлок эканлигини сезиб қолдим.
***
Агар ерда болалар ва дарахтлар бўлмаганда эди, осмон аллақачон ерга қулаб тушарди. Осмонни дарахтлар ва болалар суяб турибди. Чунки улар гуноҳсиздир...
***
Устоз адиб тўғри айтган; бугун ахборот майдонининг ядро полигонларидан хавфли жиҳати шуки, атом бомбалари заминда портлайди. Ахборот бомбалари инсонларнинг қалбида портлайди. Ҳар бир инсоннинг қалби эса Ер шарини кўтариб туради.
***
Ахборот хуружлари бугун болалар боғчалари, мактаблар, ўқув даргоҳларини мўлжалга олаяпти. Омма эса ҳеч нарса бўлмаётгани каби тараққиётга ҳамду сано айтиб, қўлтелефонга термулиш билан банд.
***
— Халқ қачон буюк бўлади?
— Бешикдан қабргача илм изла деган авлодни кўрсанг...
— Халқ қачон абгор бўлади?
— Бешикдан қабргача пул изла деган авлодни кўрсанг...
***
Сен қурган кўприк ёки бино ҳали сенинг тириклигингдаёқ қулаб тушди. Афсус, даҳшатли томони, Сен энди иккинчи умринг, шу кўприк ёки бино туфайли давом этадиган иккинчи умрингни яшай олмайсан. Сен шуни, тушунаяпсанми?
***
“Ҳаёт иморати мукаммал. Ҳар битта ғиштининг ўз ўрни бор. Ололмайсан. Олсанг, қулаб тушади...”. Қурувчи-мухандислар тайёрлайдиган олий таълим даргоҳининг ҳар бир хонаси эшиги пештоқига шу ёзувни ёзиб қўйиш керак.
***
— Буюк асарлар қандай пайдо бўларкан-а?
— Улар адибнинг ўзи билан бирга туғилади.
***
— Қуёш уфқда тўхтаб қолганга ўхшаяпти? Ботмаяпти...
— Она фарзанди йўлига яна кўз тикибди. Кутаяпти. Оналар йўл қараса, қуёш жойида қотиб қолади.
***
— Ҳаётнинг ўзи драма. Сен уни юрагингда кўтариб юрасан. Унинг оғриғи ва оғирлигига чидай олмаганлар драматург бўлишади. Қалб саҳнасидаги изтиробни театр саҳнасига ташлаб, қутилишади.
— Кейинчи?
— Кейин, мен зўрман, деб юраверишади.
***
— Ер шари саҳна. Ҳамма нарсани кўтариши мумкин. Фақат...
— Нима фақат...?
— Инсон қалби изтироблари унга оғирлик қилади. Инсоният изтироблари орта бораётгани сари Ерни оғриқ ва хавотир ўртамоқда.
Қўчқор НОРҚОБИЛ